Муборак Рамазон ойининг дастлабки 20 кунида Маккадаги Масжидул Ҳаромга 22 миллиондан ортиқ зиёратчилар ташриф буюрди, деб ёзади Islam News Al Arabiya телеканалига таяниб.
Икки Муқаддас Масжидлар Бош бошқармаси бошлиғи Шайх Aбдурраҳмон ас-Судайснинг сўзларига кўра, бундай кенг кўламли зиёратчилар оқимини кутиб олиш ва кузатиш мутахассислар томонидан олдиндан кўрилган юқори тайёргарлик туфайли амалга оширилди.
Тезкор режа доирасида 4000 нафар ишчи Масжидул Ҳаромни кунига 10 марта тозалаш ишларини олиб борди. Яна 70 нафар ишчи гуруҳи масжид ҳудудини кечаю кундуз антисептик моддалар билан дезинфекция қилди. Масжид атрофида ва унинг радиусида 8000 га яқин транспорт воситалари, жумладан 3000 та электр транспорт воситалари ҳаракатланди, 90 нафар муҳандис-техник ходимлар бинонинг 200 та эскалатори ва 14 та лифтининг ҳолатини яхшилаш бўйича иш олиб борди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугун, Зулҳижжанинг 8-куни меҳмонхонадан ташкилий гуруҳ бошчилигида автобусларда талбия айтиб, Минога етиб келган бўлғуси ҳожиларимиз: "Аллоҳим бу Минодир. Сен дўстларингга ато этган эҳсонларингдан менга ҳам инъом эт!”, деб дуолар қилишди.
Мино майдонида Ўзбекистон ҳожилари учун алоҳида жой ажратилган. Бу ерда ҳожиларимиз бемолол ибодат қилишлари учун шароит ҳозирланган. Шунингдек, тамадди қилишлари учун турли хил таомлар, чой, сув каби ичимликлар чодирларга олиб келиб улашилмоқда.
Набий алайҳиссалом суннатларига мувофиқ, бугун Минода тарвия куни пешин, аср, шом, хуфтон намозлари ўқилади. Айни пайтда ўзбекистонлик зиёратчилар Мино водийсида эрта тонгдан то кун ботгунга қадар уламоларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, тоату ибодат ва дуою илтижолар билан ўтказишмоқда.
Аллоҳ таоло барча ҳожилар қаторида, юртимиз ҳожиларининг ҳам дуо ва ибодатларини қабул айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати