“Лут ўз қавмига: “Албатта сизлар шундай бузуқлик қилмоқдасизларки, сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди. Ҳақиқатан сизлар (хотинларингизни қўйиб)эркакларга борурмисизлар, йўлтўсар қароқчилик қилурмисизлар, мажлисларингизда ёлғон ишлар қилурмисизлар?” деганини эсланг. Бас, Лут қавмининг жавоби фақат “Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга Аллоҳнинг азобини келтирчи” дейишлари бўлди” (Анкабут сураси, 28-29-оятлар).
Ўтган умматлар қиссаларининг Қуръонда зикр қилиниши ҳикматларидан бири улардан ибрат олишимиз учундир. Юқоридаги оят тафсирида келадики: Жибрил (алайҳиссалом) Аллоҳнинг буйруғи билан Лут қавми яшайдиган қишлоқни баландга кўтардики, ҳатто осмондаги фаришталар итларнинг вовиллашини эшитдилар. Сўнг уларни ағдариб ўша баландликдан ташлаб юборди. Кейин Аллоҳ таоло улар устига ёмғир каби тошларни ёғдирди. Бу азобларнинг барчаси улар қилган гуноҳлари сабабли эди. Натижада улар қиёматгача ёмонлик билан зикр қилинадиган бўлдилар.
Бу оят ҳақида имом Ажурий (роҳимаҳуллоҳ) шундай дедилар: “Аллоҳ таоло Лут қавмининг қилган ёмон фасод ишлари ҳақида сизларга хабар берди. Аллоҳ таоло уларнинг кўзларини кўр қилди. Сўнг Жибрил (алайҳиссалом) қанотлари билан қишлоқ аҳлини осмонга кўтарди ва тескари қилиб пастга ташлади. Сўнг устларига осмондан тошлар ёғилди ва барчалари ҳалок бўлдилар. Айтиладики, улар тўрт минг киши эдилар”.
Бу каби маъсиятлардан узоқ бўлиш учун қуйидагиларга эътиборли бўлиш зарур:
1. Гуноҳларни осон қилиб ва зийнатлаб кўрсатувчи дўстлардан узоқ бўлиш.
2. Қараганда шаҳвоний нафсни қўзғатувчи нарсалардан кўз юмиш.
3. Нафсини поклаш учун тезроқ уйланишга ҳаракат қилиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким қодир бўлса уйлансин...”
4. Уйланишга қодир бўлмаса, шаҳватни кесувчи рўзани кўпроқ тутиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Албатта, шайтон Одам боласининг қон томирида юради. Унинг йўлини очлик билан торайтиринглар”.
5. Бўш вақтларини инсон ўзи учун дунё ва охиратда фойда берувчи нарсалар билан ўтказиш. Бу борада ота-оналар эътиборни болалардан қочирмаслиги керак.
Бу умматларнинг аҳволларидан ибратланиб, бундай гуноҳлардан узоқ бўлиш керак. Чунки ҳозирги кунимизда аввалги ота-боболаримизда бўлмаган ўта хатарли касалликларнинг пайдо бўлиши, бизлардан содир бўлаётган гуноҳларимиз сабаблидир.
Эй Аллоҳим, бизларни доимо тўғри йўлингда собитқадам қилиб, фитналардан омонда сақлагин.
Жабборали НУРМАТОВ,
Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси.
Сўнгги йилларни ўз ичига олган давр илмий ва эксперт доиралар томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб аталмоқда. Ушбу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишига эришиш, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Биринчидан, 2016-йилнинг 18-октабрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан шундай деди: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.
Ғайрат РАСУЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА” кафедраси мудири