Насафийнинг "Баҳрул калом фи илмил калом" асарида ризқ масаласида қуйидаги сўзлар ёзилган: "Аҳли сунна вал жамоъа эътиқодига кўра ризқлар аниқ тақсимлаб қўйилган. Ризқ тақводорнинг тақвоси ёки фожирнинг гуноҳи сабаб кўпайиб ёки озайиб қолмайди. Аллоҳ таоло ризқнинг кафолатини ўз зиммасига олган.
Ҳаром ризқни ҳам Аллоҳ яратган аммо банда ҳалолни қўйиб ҳаромни танлаганига кўра жазоланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
نَحْنُ قَسَمْنَا بَيْنَهُمْ مَعِيشَتَهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا
"Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида
Биз тақсимлаганмиз" (Зуҳруф сурасининг 32- ояти).
Дарҳақиқат, Аллоҳ яратган сон-саноқсиз покиза неъматларни қўйиб, покиза неъматларга нисбатан жуда оз бўлган ҳаром нарсаларни танлаган кишига уқубатнинг ҳақлиги айни адолатдир. Шунингдек, меҳнату машаққатлар ҳам Аллоҳнинг тақдири ва қазосига кўра бўлади.
مَا أَصَابَ مِنْ مُصِيبَةٍ فِي الْأَرْضِ وَلَا فِي أَنْفُسِكُمْ إِلَّا فِي كِتَابٍ مِنْ قَبْلِ أَنْ نَبْرَأَهَا إِنَّ ذَلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرٌ
"Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир" (Ҳадид сураси, 22- оят).
Дори – сабаб, шифо эса Аллоҳдан. Шифони дори ёки табиб берди дейилмайди, балки Аллоҳ берди дейилади. Либос – иссиқ ёки совуқдан тўсувчи сабаб, иссиқ ва совуқни даф қилувчи Аллоҳдир. Яна шу ризқнинг сабабчиси бўлган касб ҳақида қуйидагиларни айтган: "Озиқ-овқати бор кишига касб қилишлик суннат, рухсат этилган иш, озиқ-овқати йўғу уни сотиб олишга пули бор кишига ҳам рухсат, ўзи муҳтож оилали кишига касб қилиш фарз амал ҳисобланади. Адашган фирқалардан карромийлар касб қилишлик, мол тўплаш ҳаром, Аллоҳга таваккал қилиш вожиб, касб қилиш таваккални инкор этиш бўлади, Аллоҳ ўзи ризқни ўйламаган тарафдан етказади дейдилар ва қуйидаги оятни далил қилиб келтирадилар.
وَعَلَى اللَّهِ فَتَوَكَّلُوا إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ
"Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккул қилингиз!" (Моида сураси, 23-оят).
Насафий бунга жавобан: "Аллоҳга таваккал қилиш вожиб. Касб билан шуғулланиш таваккални инкор этиш дегани эмас, чунки таваккал бу қалб ишларидан бўлиб, Аллоҳга ишониш, ундан қўрқиш ва умид қилиш деганидир. Ризқни касбим берди дейилмайди, бу куфр ва залолатдир. Ризқ Аллоҳдан дейилади. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади. Ибн Аби Шайба ва Аби Нуаймлар ривоят қиладилар: "Набий алайҳиссалом айтадилар: "Кимки дунёни ҳалол ҳолда сўрашликдан ҳаё қилиб оиласига кенгчилик ва қўшниларига меҳрибончилик кўрсатган ҳолда талаб қилса, қиёмат куни юзи Бадр кечасидаги ой каби балқиган ҳолда келади. Аммо кимки дунёни фахр ва ортиқча кўпайтириш учун талаб қилса қиёматда Аллоҳга унга ғазаб қилинган ҳолида йўлиқади".
Яна ушбу оятни далил қилиб келтирадилар:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَنْفِقُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ
"Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз!"
Агар касб қилиш ҳаром бўлса, Аллоҳ таоло нима учун касб қилган нарсаларингиздан инфоқ қилингиз деб буюрмоқда. Ҳалол касб ҳаром эмас. Бунга набийларнинг касбу кор билан шуғуллангани далил бўлади. Масалан, Одам алайҳиссалом деҳқончилик қилган, Идрис тикувчи бўлган, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор, Иброҳим алайҳиссалом уруғчи, Шуайб алайҳиссалом чўпон, Довуд алайҳиссалом темирчи, Мусо алайҳиссалом ёлланма ишчи, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогар бўлганлар. Демак, касбу кор асло ҳаром эмас".
Ватандошимиз Абу Муин Насафийнинг шу ва бошқа асарлари авлодларни зарур илмлар эгаллаш ҳамда адашган фирқаларга ўринли раддиялар бериш борасида қимматли манбалардир. Айниқса, унинг асарларидаги ақидавий масалалар чуқур илмий таҳлили ва ҳанафий мазҳабидаги мотуридий таълимотига хос ечими билан юртимиздаги тинчликни сақлашда, фарзандларимизни турли ёт ғоялардан асрашда алоҳида ўрин эгаллайди.
Санобар МУҲАММАДХЎЖАЕВА,
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти мударрисас
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсон яралибдики, хурсандчилик билан бирга ғам-ташвиш, қайғу-аламлар ила яшайди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, “ғам-ташвиш”, “қайғуриш” каби тушунчалар икки хил бўлади:
1. Табиий.
2. Орттирилган.
Биринчиси ҳақида сўз борганда, уни “соғлом ташвишланиш”, деб аташимиз мумкин. Бошқача қилиб айтганда, бусиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Ташвишланишнинг бу тури топилмайдиган кишилар ҳиссизлик кетидан касал бўлиб қолишлари турган гап.
Албатта, ҳаёт ташвишлари бениҳоя – ишдаги муаммолар, уйдаги ғам-ташвишлар, ота-онага ғамхўрлик, фарзанд тарбияси, олинган қарзларни тўлаш, оилавий келишмовчиликлар, имтиҳонлар, кимдирлар билан учрашиш... Буларнинг барчаси одамни ташвишланиш, безовта бўлиш ва қайғуришга ундайди. Бундай руҳий ҳолатлар иштаҳамизни бўғиб, асабимизни бузади, уйқимиз қочади, бир сўз билан айтганда, ҳаётнинг аччиқ-чучукларини тотиб, ўнқир-чўнқирларига дуч келамиз. Вақт ўтиши билан бу муаммолар ўз ечимини топади, биз ҳам воқеликка рози бўламиз, кўникамиз, ташвишлар арийди, стресслардан халос бўлиб, хотиржамликка эришамиз. Орадан бироз муддат ўтиб яна янги муаммоларга дуч келамиз, хуллас, ҳаёт шу тарзда давом этаверади.
Дейл Карнеги айтади: “Мен ўттиз етти йилдан кўпроқ вақт Нью-Йоркда яшадим. Менда “безовталик” деган касаллик борлигидан огоҳлантириб қўйиш учун бирор киши эшигимни тақиллатиб келгани йўқ. Сувчечак каби касаллик келтириб чиқарадиган асоратлардан бир неча минг баробар кўп зарарлар кўришимнинг асосий сабаби, ушбу безовталик касаллиги бўлди. Ҳа, ҳа, рост! Ҳеч бир киши эшигимни қоқиб, америкаликларнинг ҳар ўнинчиси хавотир, ортиқча ташвишга сабаб бўлувчи асаб бузилишига чалинганини айтиб, огоҳлантиргани йўқ”.
Карнеги сўзида давом этади: “Киши бутун дунё мулкини қўлга киритган тақдирда ҳам, фақатгина битта ётоқда ёта олади, холос. Кунда уч маҳалдан ортиқ овқатни ошқозони сиғдира олмайди. Шундай экан, бу одам билан ер ағдариб юрган деҳқон орасида қандай фарқ бор? Аксинча, деҳқон чуқурроқ уйқуга кетса керак, тўғрими? Бу каби бадавлат кишидан кўра деҳқон еяётган таомидан кўпроқ лаззат ола билади, унинг таъмини яхшироқ ҳис қилади, шундай эмасми?!”,
Барселоналик машҳур доктор Марко Альварес ўз тажрибалари билан бўлишиб, бундай дейди: “Маълум бўлишича, ҳар бешта беморимдан тўрттасининг касаллиги бирорта аъзо таъсирида эмас, аксинча, қўрқув, безовталаниш, ташвишланиш, асабийлашиш ҳамда киши ўзи ва ҳаёти ўртасидаги муносабат ҳамда мувозанатни йўқотганлигидан бўлади”.
Шоир Мансур бир шеърида бундай дейди:
Хоҳла бой бўл, хоҳ фақирликни эт ирода,
Ҳеч илож йўқ ғам бўлар албат бу дунёда.
Ҳар гал ошиб борса атрофингда неъматинг,
Қаршисида ортиб борар ғам устига ҳам ғаминг.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.