Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Апрел, 2025   |   22 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:11
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:09
Шом
19:12
Хуфтон
20:31
Bismillah
20 Апрел, 2025, 22 Шаввол, 1446

Кутубхона бўлими

24.11.2017   46412   3 min.
Кутубхона бўлими

Бўлим фаолияти:

Қабул вақтлари

Душанбадан Жумагача

Телефон рақами

+99871 240-08-31

Электрон почта

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси диний идора асосчиси, марҳум устоз муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1860-1957й.) хазратлари томонидан 1943 йилда минг нусҳадан ортиқ нодир қўлёзма китоб ҳисобига ташкил этилган.

Навоийшунос, бедилшунос олим Алауддинов Нодирхон домла (1899-1975 й.) 1943 йилдан 1970 йилларгача кутубхонани халқдан сотиб олинган ва ҳадя қилинган қўлёзма ҳамда тошбосма ёдгорликлар билан бойитди. Хорижий давлатлардан келтирилган китоблар ва даврий журналлар ҳам кутубхонанинг алоҳида катта мажмуини ташкил этади. Ҳозир кутубхонада 20 мингга яқин диний ва илмий китоблар сақланади. Шулардан 3 минга яқини нодир қўлёзмалардир.

Кутубхона фондида сақланаётган нодир  қўлёзмалар асосида  “Ҳазрати Имом” мажмуасида жойлашган “Мўйи Муборак” мадрасасида  кўргазма ташкил этилган бўлиб, кўргазмадаги энг қадимий китоб учинчи халифа Усмон ибн Аффон (р.а.) буйруқларига асосан VII асрда (644-648 мил.) кийик терисига кўчиртирилган Қуръони каримдир.

Кутубхона хазинасида VIII асрга оид “Катта Лангар” номи билан машҳур бўлган Қуръон нусхаси ҳам сақланади. Шу билан биргаликда  IX – XIX асрларда кўчирилган диний ва илмий нодир қўлёзма китоблар мавжуд.

Кутубхонанинг асасий фонди ЎМИ янги маъмурий биносида жойлашган бўлиб, китобларни талаб даражасида сақлашлик учун тўлиқ шароит яратилган. Аммо улардан замон талаблари даражасида фойдаланиш қандай аҳволда, деб сўрашингиз мумкин. 2007 йил Президентимиз кутубхонага ташрифи чоғида шу савол юзасидан китобларни электрон каталог тизимини яратиш борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунга билан китоб ҳазинамизда сақланаётган нодир қўлёзма асарларни ўрганиш, фойдаланишда китобхонларга қулайлик яратиш мақсадида китобларнинг компютерлашган электрон рўйхати (каталог тизими) ИРБИС 64 программаси асосида ишлаб чиқилди. Китобларнинг электрон рўйхати нафақат кутубхонамиз ходимлари учун, балки бу нодир китоб ва қўлёзмаларга қизиққан, уларни ўрганиш ниятида бўлганлар учун ҳам қулайдир. Шу билан биргаликда ЎМИ кутубхонаси фондида сақланаётган нодир қўлёзма китобларни  китобхонларни қўлига бермасдан авайлаб асраш келажак авлодга беками кўст етказиш мақсадида нодир қўлёзма китоблар CD-R дискига кўчирилган.

ЎМИ кутубхона фондини қўлёзма ҳамда тошбосма китоблар билан бойитиш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда кутубхонада турли тилларда таржима ва шарҳлари билан нашр қилинган Қур’они карим китоблари тўпланилмоқда. Жумладан, Финландия давлатидан фин тилида, Чехия давлатидан чех тилида, Исроил давлатидан иброний  тилида, Швеция давлатидан швед тилида, Бангладеш давлатидан бенгал тилида, Полша давлатидан поляк тилида, Қозоғистондан қозоқ тилида китоблар йиғилди. Шунингдек, кутубхонада инглиз, француз, немис, испан, италян, япон, ҳинд, форс, азари, урда жами 45 дан ошиқ турли давлат тилларига таржима қилинган Қуръони карим китоблари коллекцяси йиғилди.

 Бўлим ходимлари:

  1. Муроджон Ғуломов  кутубхона бош мутахассиси  
  2. Собиржон Арзиқулов кутубхона бош мутахассиси 
  3. Абдуллаева Феруза кутубхона 2-даражали мутахассиси 

Идора фаолияти
Бошқа мақолалар

Ўзбекистонда Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда

18.04.2025   10172   9 min.
Ўзбекистонда Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда

Аллоҳга ҳамд, пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад алайҳиссалом ва зотнинг оила аъзолари ҳамда сафдошларига саловату саломлар бўлсин. Дарҳақиқат, Имом Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Мовароуннаҳр заминида яшаб ижод қилган ва шу ерда мангу қарор топган мусулмон оламининг беназир алломаларидан биридир.

Унинг илмий мероси ва таълимоти то бугунга қадар бардавом бўлиб келмоқда. Ҳатто бу таълимот, Имом Ашъарий таълимоти билан бирга, бугунги кунда аҳли сунна вал-жамоа деб танилган мусулмонларнинг тўқсон фоизини ташкил этади. Мотуридийликка мансуб мусулмонлар эса аҳли суннанинг қарийб тенг ярмидан иборат. 

Мовароуннаҳр диёри ислом оламининг етук алломалари вояга етадиган муборак замин бўлган. Хусусан, Бухоро ва Самарқанд каби мўътабар шаҳарлари ўз даврида жаҳон зийнати, одамларни ўзига оҳанрабодек тортган илм-фан ва олимларнинг қароргоҳи бўлиб, илмга ташна инсон борки дунёнинг турли бурчакларидан бу ўлкага унинг олимлари ичра муродини ҳосил қилиш учун сафар қилар эди. Ким нақл илми – яъни ҳадис ва ривоятларни истаса, Имом Бухорий ва Имом Термизий сингари муҳаддислар бор. Ким ақл ва мантиқий илмларга талабгор бўлса, у Мотуридий, Насафий, Собуний, Сиғноқий ва Пешоғарий каби мутафаккирларни топарди. Тилшунослик, тафсир ва адабиётшунослик илмларини излаганлар Замахшарий ва унинг мактабидан, фалсафа ва ҳикмат илми талабидагилар эса Форобий, Ибн Сино ва бошқа зотлардан баҳра олишар эди.Ҳар бир талабгор бу диёрда ўз истагини топгани учун ҳам Самарқанд “Илм Каъбаси” – номини олган. Инсонларнинг қалблари Аллоҳнинг Байтини тавоф қилса, уларнинг ақллари Самарқанд атрофида парвонадек чарх урар эди.

Шу боис ўзбек халқи ўзининг улуғ олимлари билан фахрланади ва уларни ислом илмлари соҳасининг барча йўналишларида кўрсатган буюк хизматлари учун эъзозлайди. Ўзбекистон ҳукумати ўзбек халқининг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга вазифадор бўлган. Буни биз Янги Ўзбекистон Президентининг бу улуғ юртдан чиққан етук олимларга кўрсатган эътибор ва эътирофида яққол кўриб турибмиз.

Ўзбекистон раҳбарияти халққа унинг миллий ўзлиги ва ислом цивилизациясини қайтаришни мақсад қилди. Давлат раҳбари “Янги Ўзбекистон” ва “Жаҳолатга қарши маърифат” шиорларини илгари сурди. Ҳеч қайси миллат ўзининг теран илдизлари ва асосларисиз замонавийлик ва цивилизация поғоналарида юксалиб, тараққий этолмайди. Шунинг учун ҳам бу юрт олимлари улкан ҳисса қўшган ислом илмларини қайтариш – тараққиёт учун зарурат ва юксалишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Президент ўз раҳбарлиги даврида амалга оширган дастлабки ишларидан бири – илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш бўлди. Булар орасида Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий  номлари билан аталган марказлар алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, пойтахт Тошкент шаҳрида, мазкур юртнинг ислом маданияти ва инсоният тафаккурига қўшган ҳиссасини намоён этувчи Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.

Ушбу йўналишда яна бир муҳим қадам – ислом олами уламолари билан фикр алмашиш бўлди. Бу мақсадда ўнлаб илмий анжуманлар ташкил этилди. Улар исломий илмларнинг ақлий ва нақлий йўналишларини чуқур ўрганиш, уларнинг мазкур юрт тараққиётига қандай ҳисса қўша олиши ва мамлакатни янада юксалтиришдаги ўрнини белгилашга қаратилган эди. Бу орқали Ўзбекистон нафақат ислом оламида, балки бутун дунёда илмий-маънавий етакчига айланиши кўзда тутилган.

Қолаверса, ушбу йўналишда ташкил этилган энг муҳим анжуманлардан бири – 2020 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро илмий конференция бўлди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан юздан ортиқ ислом уламолари иштирок этди. Анжуманда ал-Азҳар шайхи, доктор Аҳмад Таййиб ҳам қатнашди. Мазкур анжуманнинг муҳим тавсияларидан бири – Имом Мотуридий номидаги илмий марказни ташкил этиш бўлди. Бу марказ мотуридийлик уламолари меросини тадқиқ этиш, уларни кенг жамоатчиликка танитиш ва илмий меросларидан фойдаланиш мақсадида илм нурини сочувчи маскан сифатида фаолият юритиши назарда тутилди.

Марказ томонидан ўзбек ва араб тилларида ўнлаб китоблар нашр этилди. Уларнинг энг муҳимлари – “Таъвилот ал-Қуръон”, Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-Тавҳид” ва “Рисолатун фи ат-тавҳид” асарларининг араб тилидаги илмий матни ва ўзбек тилидаги таржималари бўлди. 

Шунингдек, Марказ томонидан илмий мақолаларни ўз ичига олган ва исломшунослик ҳамда мотуридийлик таълимотларига бағишланган олим ва мутахассислар тадқиқотларини чоп этувчи илмий-таҳлилий чораклик “Мотуридийлик” журнали таъсис этилди. Марказ халқаро миқёсда кўплаб анжуман ва илмий учрашувлар ўтказди. Унинг қошида ислом оламининг турли минтақаларидан етук олимлар ва мутахассислардан иборат халқаро илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда.

Санаб ўтилган муҳим босқичлардан кейин, жорий йилда Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг юбилейи нишонланмоқда. Шу муносабат билан унинг илмий ва ақидавий меросини қайта ёдга олиш ҳамда қадрлаш давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан юксак эҳтиром билан қабул қилинган қарорга мувофиқ, Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини нишонлашга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Ушбу қарорга асосан турли давлат идоралари ва ташкилотлари ҳамкорлигида бир қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Энг муҳим воқеалардан бири – 2025 йили Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган халқаро конференция бўлиб, унга ислом оламининг етакчи уламолари ҳамда исломшунослик соҳасида фаолият юритувчи машҳур шарқшунос олимлар иштирок этишидир. Мазкур анжуман Имом Мотуридийнинг ислом оламидаги юксак мақомини муносиб тарзда ёритишни кўзлаб, “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида ўтказилади.

Шунингдек, тадбирлар доирасида қуйидаги йўналишларда бир қатор танловлар ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган:

– хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов;

– Ўзбекистоннинг диний таълим муассасалари барча босқич талабалари ўртасида Имом Мотуридий таълимотига бағишланган танлов;

– имом-хатиблар ва ислом таълим муассасалари талабалари ўртасида мотуридийлик таълимоти ва манбалари юзасидан мусобақалар.

Шу қаторда, Ўзбекистон бўйлаб танлов ғолиблари иштирокида маданий-маърифий учрашувлар, ўқув-семинарлар ва тарғибот тадбирлари ташкил этилади.

Бундан ташқари,  Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-Тавҳид” асарлари ҳамда мотуридийлик таълимотини таништирувчи бошқа муҳим асарларнинг ўзбек ва бошқа тиллардаги илмий-академик таржималари нашр этилиши режалаштирилган.

Санаб ўтилганлардан ташқари, юбилей санасини муҳрловчи эсдалик буюмлари, Имом Мотуридий ва мотуридийлик уламоларининг ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ ноёб манбаларни тизимли ўрганиш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва таҳлил қилиш, юксак сифатли медиа маҳсулотлар, ҳужжатли фильмлар ва аудиовизуал материаллар тайёрлаш, уларни маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш бўйича зарур чоралар кўрилиши белгиланди.

Энг қувонарлиси, Президент қарорининг Имом Абу Мансур Мотуридий мақбараси жойлашган Самарқанддаги Чокардиза зиёратгоҳи  қайта таъмирланиб, ободонлаштирилиши, бу жой яхлит композицияга эга ёдгорлик мажмуасига айлантирилиши хусусидаги банди бўлиб, барчамиз узоқ кутган бу янгилик қалбимизга бетакрор фараҳ бахш этди...

Бу юртда янги бир руҳият уфуриб турибди. Бу руҳият ҳозирги замонни ўтмиш билан боғлайди, келажакни бунёд этишга сафарбар этади. Бу – илм ва маърифат қудрати, фикр ва ақл қуввати, тараққиёт ва тамаддун кучи, бирлик ва бағрикенглик кучи, қалб ва ахлоқ кучи, таъсир ва бунёдкорлик кучидир. Бу янги руҳ – миллий илдизларга суянган ҳолда тараққиётга йўл очувчи, чуқур ва теран бир тафаккурнинг ифодасидир. Чунки, ҳар қандай тамаддуннинг пояси маданиятдир. 

Миллат ўз тамаддунини қадрламас экан, юксалмайди. Ўз тафаккурини, қадриятларини бой манба сифатида дунёга таклиф эта олмас экан, у ҳар тарафдан ўзлаштиришга муҳтож бўлиб қолади. Аммо бизда дунёни бойитишга қодир фикр, маданият ва куч мавжуд.

Аждодлар қолдирган илм ва маданият омонати ёш авлод қалбига илғор тарзда сингдирилиши ва ўз тарихидан фахрланиш руҳида тарбияланиши зарур. Президент қарори ва унинг ила амалга ошириладиган ишлар айнан шу мақсадга хизмат қилади.

Аллоҳ ҳар бир бунёдкор қўлни, ҳар бир оқилона қарорни ва ҳар бир авлодни улуғ аждодлар билан боғлаётган сўзни хайрли қилсин – шоядки, улар ўз буюк ўтмишларини қайта тиклаб, инсоният карвонини яна маърифат, мўътадиллик, бағрикенглик сари бошлаб бора олгайлар!

Доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий,
мотуридийшунос олим.

ЎзА