Бўлим фаолияти:
Қабул вақтлари |
Душанбадан Жумагача |
Телефон рақами |
+99871 240-08-31 |
Электрон почта |
|
Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси диний идора асосчиси, марҳум устоз муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1860-1957й.) хазратлари томонидан 1943 йилда минг нусҳадан ортиқ нодир қўлёзма китоб ҳисобига ташкил этилган.
Навоийшунос, бедилшунос олим Алауддинов Нодирхон домла (1899-1975 й.) 1943 йилдан 1970 йилларгача кутубхонани халқдан сотиб олинган ва ҳадя қилинган қўлёзма ҳамда тошбосма ёдгорликлар билан бойитди. Хорижий давлатлардан келтирилган китоблар ва даврий журналлар ҳам кутубхонанинг алоҳида катта мажмуини ташкил этади. Ҳозир кутубхонада 20 мингга яқин диний ва илмий китоблар сақланади. Шулардан 3 минга яқини нодир қўлёзмалардир.
Кутубхона фондида сақланаётган нодир қўлёзмалар асосида “Ҳазрати Имом” мажмуасида жойлашган “Мўйи Муборак” мадрасасида кўргазма ташкил этилган бўлиб, кўргазмадаги энг қадимий китоб учинчи халифа Усмон ибн Аффон (р.а.) буйруқларига асосан VII асрда (644-648 мил.) кийик терисига кўчиртирилган Қуръони каримдир.
Кутубхона хазинасида VIII асрга оид “Катта Лангар” номи билан машҳур бўлган Қуръон нусхаси ҳам сақланади. Шу билан биргаликда IX – XIX асрларда кўчирилган диний ва илмий нодир қўлёзма китоблар мавжуд.
Кутубхонанинг асасий фонди ЎМИ янги маъмурий биносида жойлашган бўлиб, китобларни талаб даражасида сақлашлик учун тўлиқ шароит яратилган. Аммо улардан замон талаблари даражасида фойдаланиш қандай аҳволда, деб сўрашингиз мумкин. 2007 йил Президентимиз кутубхонага ташрифи чоғида шу савол юзасидан китобларни электрон каталог тизимини яратиш борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Шунга билан китоб ҳазинамизда сақланаётган нодир қўлёзма асарларни ўрганиш, фойдаланишда китобхонларга қулайлик яратиш мақсадида китобларнинг компютерлашган электрон рўйхати (каталог тизими) ИРБИС 64 программаси асосида ишлаб чиқилди. Китобларнинг электрон рўйхати нафақат кутубхонамиз ходимлари учун, балки бу нодир китоб ва қўлёзмаларга қизиққан, уларни ўрганиш ниятида бўлганлар учун ҳам қулайдир. Шу билан биргаликда ЎМИ кутубхонаси фондида сақланаётган нодир қўлёзма китобларни китобхонларни қўлига бермасдан авайлаб асраш келажак авлодга беками кўст етказиш мақсадида нодир қўлёзма китоблар CD-R дискига кўчирилган.
ЎМИ кутубхона фондини қўлёзма ҳамда тошбосма китоблар билан бойитиш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда кутубхонада турли тилларда таржима ва шарҳлари билан нашр қилинган Қур’они карим китоблари тўпланилмоқда. Жумладан, Финландия давлатидан фин тилида, Чехия давлатидан чех тилида, Исроил давлатидан иброний тилида, Швеция давлатидан швед тилида, Бангладеш давлатидан бенгал тилида, Полша давлатидан поляк тилида, Қозоғистондан қозоқ тилида китоблар йиғилди. Шунингдек, кутубхонада инглиз, француз, немис, испан, италян, япон, ҳинд, форс, азари, урда жами 45 дан ошиқ турли давлат тилларига таржима қилинган Қуръони карим китоблари коллекцяси йиғилди.
Бўлим ходимлари:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса динимизда унга бой бўлишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши! деганлар (Имом Бухорий Имом, Имом Табароний ривоят қилган).
Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяптилар. Умрларида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлсалар-да, китоб дўконларидаги “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқишади. Ҳар гал янги чиққан фолбиннинг “энг яқин мижоз”ига айланиб улгурадилар. Энг ачинарлиси, мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётган аёлларнинг одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.
«Биз хориж давлатларидан бирига борганимиздан сўнг, алданганимизни билдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...» афсуски бу гаплар ҳам айнан бойлик ортидан қувган бир ўзбек аёлига тегишли.
Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.
Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган дин кўрсатмаларини қўйиб, сафсаталарга ишонишмоқда. Маҳалла, турли тадбир ва жамоат жойларида уларнинг қилмишларидан эҳтиёт бўлишга қанчалик тарғиб этилмасин, уларнинг қармоғига илинганларнинг сони камаймаяпти? Бу савол жавоби сабрсизликдир.Улар сабрни бир четга суриб қўйиб, ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўлмоқдалар. Қадимда ота-боболаримиз не-не қонли синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган бўлсаларда, лекин ҳеч қачон сабрсизлик қилмаганлар.
Фараз қилинг, бир хонадонда турли сабаблар билан бирор тангчилик бўлди. Оила аъзолари бошқа хонадонга чиқиб кетмайди-ку. Фарзандлар бошқа ота-онани ўзининг ота-онаси деб билмайди-ку.
Аксарият одамлар бойлик ортидан қанчалик югурса-да, ер юзини кезиб чиқсаларда бойликларида ҳам, умрларида ҳам барака, ҳаловатнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўйганлари бош сабабдир. Аслида бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли тақво билан, ҳалол йўл билан бойлик топишдир. Тақводорлик ризқнинг калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оят).
Аллоҳ таоло ҳар бир жон учун ризқ тайин қилиб қўйган. Банда хоҳ ўз юртида бўлсин хоҳ хорижда бўлсин белгилаб қўйилган ризқгагина эгалик қилади. Ундан ортиғига ҳам камига ҳам эришиб бўлмайди. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Чунки юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам айнан шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, қалб тинч бўлиб бир бурда бўлсада нонни ўз оила аъзолари атрофида ейишга нима етсин. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз”, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба сураси, 59-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки бойлик кўнгил тўқлигидир” (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик, неъматнинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси,7-оят).
Чиндан ҳам, бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб хорижга кетаётган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки аслида ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти йўлида хизмат қиладиган авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.
Даврон НУРМУҲАММАД