Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай дедилар: “Хаж мавсумида умматларни кўрдим. Ўз умматимни ҳам кўрдим. Тоғлару дарахтларни тўлдириб юборишганди. Уларнинг кўплиги ва ҳайъати мени таажжубга солди. Мендан: “Мендан мамнун бўлдингизми?” деб сўрашди. “Ха”, дедим. Айтишдики: “Булар билан етмиш минг киши саволсиз-сўроқсиз тўғри жаннатга киради”. “Улар ким ё Аллоҳни расули?” деб сўралди. Расулуллоҳ алайҳиссалом дедилар: “Ўзидан мамнун бўлиб керилмаганлар, арзимас қийинчилик, кулфатни бахтсизлик-омадсизлик деб атамаганлар, ўғрилик қилмаганлар ва Роббиларига таваккал қилганлар”. Шу пайт Укоша ўрнидан туриб дедики: “Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан айласин”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ё Аллоҳ, Укошани ўшалардан айла”, - дедилар. Бошқаси ҳам туриб: “Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан айласин!” – деди. Яна у зот алайҳиссалом айтдилар: “Ким Аллоҳга таваккал этиб, суянса, Аллоҳ ҳар қандай танглик ҳолида унга етарли бўлади, умид қилмаган жойидан унга ризқ эшикларини очади. Ким дунёга ўзини бағишласа Аллоҳ уни дунёга вакил (яъни, пул топиб келувчи ва сарфловчи вазифасини бажарувчи) қилиб қўяди. Яна у зот алайҳиссалом: Ким инсонларнинг энг бадавлати бўлишни истаса, бунинг учун қўлидагига эмас, Аллоҳ ҳузуридаги нарсага кўпроқ ишонсин.
Ривоят қилинишича, Иброхим алйҳиссалом манжаниқ билан оловга отилаётганларида Жаброил алайҳиссалом унинг ёнига келиб: “Бирон эҳтиёжинг борми?” – дея сўради. Иброхим алйҳиссалом илгари: “Менга Аллоҳ кифоядир. У нақадир гўзал вакилдир”, деб айтган сўзига содиқ қолиш учун Жаброилга ушбу жавобни берди: “Бор, эҳтиёжим бор, лекин сенга эмас”. Иброхим алайҳиссаломни оловга отиш учун қўлга туширишганда: “Менга Аллоҳ кифоядир. У нақадир гўзал вакилдир”, - деганди. Манжаниқ ила оловга отилаётганда шу сўзига, яъни Аллоҳга бўлган таваккалига содиқ қолди ва ўзини фақат Робби қутқаришини кутди.
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ,
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва "такбири таҳрима" айтиб, намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган:
Воил ибн Ҳужр розияллоху анҳу: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоху анҳу ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар" (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган "қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар. Бу ҳақда “Раддул Муҳтор”, “Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
Уйчи туман "Хизиробод" жоме масжиди
имом-хатиби Шерзод Раҳимов
Манба: t.me/softalimotlar