frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Таҳоратхона тежамли бўлсин!

24.11.2017   9960   4 min.
Таҳоратхона тежамли бўлсин!

Аксар масжидларимизнинг таҳоратхоналарининг  бадиий кўриниши  безаклари  ранг-баранглиги, жиҳозларининг  қимматбаҳолиги, озодалиги, шинамлиги, тозаланиш  ва  артиниш  учун  қўйилган   нарсалар ҳаммаси тўлиқлигича талабга жавоб беради.  Ҳаттоки баъзи таҳоратхоналарга шу даражада  кўп маблағ сарф қилинганки,  беихтиёр шунчалик қилиш шартмикан,  деб  юборасиз. Чунки таҳоратхона учун унчалик ҳам зарур бўлмаган безакларга  сарфланган маблағларга бошқа  жойларда муҳтож бўлган масжидлар  қанча. Буниси ҳам майли, ҳар кимнинг   шахсий  маблағи  хохлаган жойига  ишлатади-да дейишингиз  мумкин.

Лекин шунча кўп маблағ  сарф  қилинган  таҳоратхонадаги шароит шариат кўрсатмаларига мутлақо тўғри келмаслигига нима  дейсиз? Аввало ҳожатхонадаги шароит яхши эмас, сув идишлардан чаккилаб сув томчилаб туради, натижада киши либоси булғанади. Таҳорат ушатиладиган жиҳоз ер устига юзаки ўрнатилгани сабабли бир неча муаммолар пайдо бўлади. Агар киши бир озгина эҳтиётсизлик қилса тамом нафақат либоси балки баъзи аьзолари ҳам нажосат билан булғаланиши мумкин. Шунинг учун ҳам шариатимизда таҳорат ушатиладиган жой имкон қадар чуқурроқ бўлиши талаб қилинади. Агар тўғридан-тўғри ерга таҳорат ушатишга мажбур бўлинганда ҳам аввало, ерни бир оз кавлаш ёки ҳеч бўлмаганда бир оз юмшатиш керак, токи ерга тушган бавл қайтиб сачрамасин. Шароитдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳожат учун ўрнатиладиган жиҳозни камида 25-30 см чуқурликда ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки ўша жойдаги нажосатни кетказиш учун одатда сувдан фойдаланилади, яъни махсус идишдаги сув тўкилади. Сув эса тепадан зарб билан тушгани боис ҳар тарафга сачрайди . Мазкур ҳолатлардан сақланиш учун эса албатта таҳоротхона керакли талабларга жавоб бериши керак. У ерга кираётганда албатта шимни почасини ва енгни  шимариб олиш лозим. Ҳожатдан бўшангандан кейин эса кесак, тош ёки ҳожатхонада ишлатиш учун чиқарилган махсус қоғоздан фойдаланган ҳолда уч, беш ёки етти марта артиб тозаланади (бунда иложи борича тоқ саноқдан фойдаланади). Ундан кейин эса  токи нажосатнинг бирор колдиғи колмаганига ишонч ҳосил қилгунича ўтириб туриш ёки иложи булса сакраш, йўталиш қолаверса эркаклар жинсий аъзосини худди сигирни соғгандек қилиб бўлса ҳам сийдик йўлида қолган бавлни сиқиб чиқаришга ҳаракат қилинади. Сўнгра икки қўлни бўғинигача ювиб кейин икки нажас йўлини қай биридан нажас чиққан бўлса ўша жойни сув билан ҳам ювилади. Агар ҳар иккала йўлдан ҳам нажас чиққан бўлса  биринчи закарини ювади кейин эса орқа махражни ювади. Сув билан ювишни “мустаҳаб” дейилади, лекин нажосат чиққан жойидан атрофига дирҳам миқдорича ёйилган бўлса, сув билан ювиш вожиб, агар ундан ҳам каттароқ жойга ёйилган бўлса сув билан ювиш фарз бўлади. Бунда сувни сепиб юборилмайди балки сувни кафтга олиб ёки  секинлик билан ювиладиган жойга сувни оқизиб ўрта ва номсиз бармоқларни қорни ила ишқаланади. Акс ҳолда тозалаб ювиш ўрнига қолган жойларни ҳам булғалаб қўйиш мумкин. Рўзадор бўлмаган киши ортини юваётганида ўша жойни бўш қўйиб ювади, рўзадор эса аксинча қилади. Бу ҳолатда сувни ҳароратига ҳам эьтибор бериш керак. Чунки ўта иссиқ ёки ўта совуқ сув ҳам инсон соғлигига жиддий зарар қилади. Мазкур жойни ювишни чегараси ўша жойда нажосатни ҳиди қолмагунча давом этади. Сўнгра иложи борича ўша жойни қуригунча артилади. Акс ҳолда ўша жой чала ювилган бўлса ва намлик либос ёки баданнинг бирор жойига тегса ўша жойни ҳам нажас қилади. Мазкур амалларни ҳаммаси чап қўл билан бажарилади (зарур ва узрли ҳоллардагина ўнг қўл билан ҳам ёрдам берилади ёки бажарилади). Демак, шу билан ҳожатхонадаги амаллар тугайди.

Энди таҳоратхонада бажариладиган амаллар тўғрисида.

Таҳоратнинг  фарз ва  суннатларини  кўпчилик  назарий жиҳатдан  билади  лекин,  нимагадир амалда  хатога  йўл  қўяди. Албатта,  бунинг  асосий  сабабларидан бири кўпчилик  таҳорат  илмини  бевосита устоздан  эмас,  балки китобни  ўқиш воситаси ила  ўрганган. Аслида эса  таҳорат амалиёт бўлгани  учун ҳар бир  намозхон  худди  намозни устоздан  ўрганганидек таҳоратнинг ҳам  ҳар бир ҳаракатини бирма-бир ўрганиши  кейин эса, устозини олдида  таҳорат олишини  кўрсатиб  имтиҳон  топшириши  керак. Бу борада бепарволик ярамайди. Зотан,  намознинг  дуруст  бўлиши учун таҳорат мукаммал  бўлмоғи керак.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

ЎМИ масжидлар бўлими ходими

 

 

 

Бошқа мақолалар

“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

11.08.2026   66467   2 min.
“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.

1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.

2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.

Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.

Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.

Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари