Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Энг мукаммал ва боқий Китоб

24.11.2017   6878   8 min.
Энг мукаммал ва боқий Китоб

Қуръони каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар;

Ўзига нозил этилган Китобни  умматларига етказиб, унга амал қилишни ўргатган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва муаттар салавоту дурудлар;

Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръони каримни ўта аниқлик  ила ўрганиб, унга мисли кўрилмаган ихлос ила амал қилган  саҳобаи киромларга Аллоҳнинг ризвонлари бўлсин.

Қуръони каримга иймон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва  амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати, хайри баракаси ёғилсин.

Меҳрибон Раббимиз Ўзи яратган дунёда Ўзи яратган инсон қандай  ҳаёт кечиришини баён қилиб бериш учун самовий китоблар нозил қилиб туришни ирода қилгани маълум. Инсоният тараққий этиши жараёнида нозил қилинган самовий китоблар – Забур, Таврот ва Инжилда  Аллоҳ таоло мазкур китоблар нозил қилинаётган давр ва шарт-шароитларни эътиборга олгани ҳам  аён. Яъни, ушбу китоблар инсоният тарихидаги маълум бир босқич учун кўзланган эди. Улардан аввалгиси ўз  вазифасини ўтаб бўлганидан сўнг кейингиси келиб, уни амалдан қолдирар ва ўзига белгиланган вазифани адо этишга киришар эди. Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикмат борки, ана шу илоҳий китоблар туширилган халқлар ўзларига юклатилган масъулиятни муваффақият ила адо эта олмади. Улар ўзларига нозил  қилинган самовий китобнинг аслиятини сақлаб қола олмади ҳамда янги самовий китоб келганида эскиси амалдан қолиши ҳақидаги илоҳий кўрсатмани бузди. Баъзи аҳли китоблар ҳасад  қилган ҳолда янги самовий китобни инкор этиб, эскисини маҳкам ушлаб олди. Улар ўзлари  ихтиро этган ботилни тўғри қилиб кўрсатиш учун илоҳий китобга ўзгартиш киритишдан ҳам  қайтмади. Шу тарзда ҳозирда сақланиб қолган эски илоҳий китоблар ҳақни ботилдан ажратиб бўлмайдиган  ҳолга келиб қолди.

Ўзи яратган инсониятни гўдаклигидан тарбия қилиб келган Аллоҳ таоло инсоният  камолга етганида унга энг мукаммал, қиёматгача амалда қолувчи, ҳар замон ва ҳар маконда инсонни икки дунё саодатига бошловчи ҳамда абадий мўъжиза бўлмиш китобини – Қуръони каримни  нозил этишни ирода қилди. Ҳакийму Хобийр сифатига соҳиб бўлган Зот – Аллоҳ таоло мазкур китобини нозил этиш учун энг  муносиб вақтни, энг муносиб жойни, энг муносиб тилни ва энг муносиб халқни ихтиёр қилди.

Энг муносиб вақт деганда, инсониятнинг Қуръони каримга эҳтиёжи роса тушиб турган вақтни кўзда  тутмоқдамиз. Чунки ўша вақтда инсоният батамом жоҳилият ботқоғига ботиб қолган, самовий китоблар ўз вазифасини ўтаб бўлган, инсониятни ҳидоятга бошловчи янги  илоҳий таълимотга эҳтиёж кучайган бир вақт эди. Аллоҳ таоло ана шундай бир вақтда ўзининг мукаммал ҳидоят маёғи бўлмиш Қуръони каримни  нозил этди.

Энг муносиб жой деганда, Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил этиш учун танлаган макон: Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара ва уларга боғлиқ ерларни кўзда тутмоқдамиз. Бутун олам учун ҳидоят маёғи бўлмиш Аллоҳнинг охирги Китобининг айнан шу маконда нозил  қилиниши беҳикмат бўлмаган. Аллоҳ таоло ўз Қуръонини нозил этиш учун ихтиёр қилган жой бир  қанча ўта муҳим омиллар қатори Қуръон даъватининг оламшумуллигидан ҳам келиб чиққан эди. Қуръон даъвати Аллоҳ таолонинг охирги ва ҳамма инсоният учун қиёматгача кўзланган бир  даъвати эди. Бундай даъватнинг маркази қилиб Маккаи Мукарраманинг танланиши эса, у муқаддас шаҳар  қуруқликнинг қоқ марказида жойлашган эди. Бу ҳикматни инсоният Қуръон оятларини ўрганиш жараёнида яқинда англаб етди. Қуръони каримнинг Анъом сурасидаги: «Бу – Биз туширган китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро(шаҳарлар  онаси)ни ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир...» оятини илмий  равишда ўрганаётган  жўғрофия олимлари Уммул Қуро номи ила машҳур бўлган Маккаи Мукаррама ернинг қоқ марказида жойлашганини кашф қилдилар. Демак, бутун ер юзи учун мўлжалланган илоҳий китоб Қуръони каримни нозил қилишга энг  муносиб жой деб ер куррасининг қоқ ўртаси ихтиёр қилинган экан.

Энг муносиб тил деганда, Аллоҳ таоло ўзининг охирги ва мукаммал рисоласи маъноларини ифода этиш учун ихтиёр қилган тилни – араб тилини кўзда тутмоқдамиз. Дарҳақиқат, Қуръони каримдек қиёматгача боқий қолиши лозим бўлган илоҳий дастур учун ўзига  хос имкониятларга эга бўлган тил керак эди. Қуръони каримдек ҳидояти бутун инсониятни қиёматгача икки дунё саодатига бошлаши лозим  бўлган илоҳий китоб учун мазкур масъулиятни адо эта оладиган тил керак эди. Қуръони каримдек ҳар бир лафзи, ибораси, жумласи ва ояти ҳамда уларнинг маънолари илоҳий  мўъжиза бўлган китоб учун алоҳида хусусиятларга эга тил керак эди. Ана ўша тил – араб тили эди. Қуръони карим нозил бўлгандан ҳозиргача барча илмий  баҳсларда Аллоҳнинг охирги ва мукаммал каломининг баёни учун фақат араб тили муносиб  тил экани қайта-қайта таъкидланмоқда.

Энг муносиб халқ деганда ўша, Қуръони карим нозил бўлган даврда Арабистон ярим оролида  яшаб турган арабларни кўзда тутмоқдамиз. Дунёдаги барча халқлар қатори ўша вақтдаги арабларнинг ҳам яхши ва яхши бўлмаган томонлари бор эди. Аллоҳ таолонинг ҳикмати ила Ул Зот  Қуръони каримни биринчи бўлиб қабул қилиб олишга танлаган халқнинг – арабларнинг яхши  сифатлари ҳам, яхши бўлмаган сифатлари ҳам Қуръони карим учун хизмат қиладиган бўлди. Араблар ўша даврнинг энг жоҳил, энг илмсиз, энг урушқоқ, энг тартибсиз халқи эди. Улар  Қуръони карим нозил бўлганидан сўнг қисқа муддат ўтиши билан энг маданиятли, энг билимдон,  энг одобли ва энг тартибли халққа айланди. Ана шу Қуръони каримнинг мўъжизаларидан бири эди. Агар Аллоҳ таоло ўзининг охирги китобини ўша даврнинг энг билимдон, энг маданиятли ва  қадимдан етакчилик қилиб келаётган халқига нозил қилганида ушбу мўъжизани инсонлар англай олмас эди.  Кишилар бу халқ азалдан илмли, маданиятли, интизомли ва одобли, пешқадам халқ эди, энди бизга  илоҳий калом тушди, деб даъво қила бошлади, дер эди. Арабларнинг Қуръони каримни қабул қилиб олиши учун хизмат қилган яхши сифатларидан бири, уларнинг ёдлаш қобилиятларининг кучлилиги эди. Улар ўқиш-ёзишни билмаганларидан ҳамма  нарсани – тарихни, насабларини, турли қасидаларни ёдлаб олиб, авлоддан авлодга ўтказиб  келишар эди. Ана ўша хислат Қуръони каримни ҳам ўта аниқлик билан ёдлаб олиб, авлоддан авлодга ўтказишга хизмат қилди. Албатта, Аллоҳ таоло ўз Қуръонини арабларга бевосита туширавергани йўқ. Балки уларнинг  ичидан, нафақат арабларнинг ичидан, балки бутун инсоният ичидан энг афзалини – Муҳаммад ибн  Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олиб, ўша зотга нозил қилди. У зот эса, ўз умматларига Аллоҳнинг каломини етказдилар. Чунки Аллоҳ таолонинг  бу борадаги одати шу эди. Ана ўша урф бўлиб қолган одатга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу  алайҳи васалламга илоҳий каломни Жаброил алайҳиссалом келтириб турдилар. Олам тарихидаги энг муҳим ҳодиса Ҳиро ғорида рамазон ойининг ўн еттинчи кунида содир бўлди. Ўша куни тарихдаги энг улуғ иш – Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал китоби нозил бўла  бошлади.

М.САИДЖАЛОЛОВА,

Хадичаи  Кубро аёл-қизлар  ўрта  махсус  ислом  билим  юрти  Ахборот-ресурс маркази   раҳбари

 

 

 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ғам-ташвишларингизни намоз билан аритиб кўрганмисиз?

25.11.2024   1025   6 min.
Ғам-ташвишларингизни намоз билан аритиб кўрганмисиз?

Аллоҳ таоло Пайғамбарига ғам-ғуссаларни қандай аритишни ҳам ўргатган: «Уларнинг гапидан юрагингиз сиқилишини яхши билурмиз. Роббингизни ҳамди ила поклаб ёд этинг, сажда қилувчилардан бўлинг. Сизга яқийн келгунича Роббингизга ибодат қилинг» (Ҳижр сураси, 97-99-оятлар).

Аллоҳ таоло Пайғамбарига бундай демоқда: «Қурайш мушриклари сизни масхара қилиб, мазах қилиб, сизга азият бераётганини, уларнинг азиятларидан маҳзун бўлаётганингизни ҳам биламиз. Аммо бу нарсалар сизни Роббингизнинг рисолатини етказишдан тўсиб қўймасин! Роббингизга таваккул қилингки, У Зот сизга кифоя қилади, душманларингиз устидан сизга ғалаба ато этади».

Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло Пайғамбарига ғам-ташвишларга енгилиб қолмасин дея, тўрт нарсани буюрмоқда: Аллоҳга тасбеҳ айтиш, ҳамд айтиш, сажда қилиш (намоз ўқиш), ибодат қилиш.

Демак, намоз – ғам-ташвишларга қарши кураш воситаларидан бири экан. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбарига «...сажда қилувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур)», демоқда. Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Роббоний буйруққа лаббай деб, барча муаммоларга қарши намоз билан куч-қувватга тўлдилар.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор нарса маҳзун қиладиган бўлса, намоз ўқир эдилар», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бошқа бир ривоятда «Расулуллоҳни бирор нарса қайғуга солса, дарҳол намоз ўқир эдилар», дейилган.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўп йиллар бирга бўлган саҳобадир, шунинг учун бу киши Расулуллоҳ бирор нарсадан қайғуга тушганларида ёки мусибатга, қийинчиликка дуч келсалар, қалбларини тинчлантириб, хотиржам қилиш учун, Парвардигорларидан мусибат ва қайғуда ёрдам сўраш учун намозга ошиққанларини кўриб яшаган.

Нафақат Расулуллоҳнинг, балки барча пайғамбарларнинг одати шундай эди – бошга бирор мусибат келса ёки ташвиш тушса, дарҳол намозга шошилишар эди.
 

Суҳайб ибн Синон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни аср намозини ўқиб бўлгач, бир нималар деб пичирладилар. Ёнларидаги саҳобалар «Эй Аллоҳнинг Расули, аср намозидан кейин пичирлаб нималар дедингиз?» деб сўрашган эди, у зот шундай дедилар: «Сизлар ҳам сездингизми? Мен бир пайғамбарни эсладим. Унга ўз қавмидан бир қўшин берилди. У (қўшиннинг кучлилигини кўриб): «Буларга ким ҳам бас кела оларди?» деди. Шунда Аллоҳ таоло у пайғамбарга уч ишдан – душманнинг уларни босиб олишини, очарчиликни ёки ўлимдан бирини танлашни буюрди. Ўша пайғамбар шу уч нарса борасида қавми билан маслаҳат қилди. Қавм: «Бу ишни ўзингга топширамиз, чунки сен Аллоҳнинг пайғамбарисан», деди. Пайғамбар дарҳол туриб, намоз ўқиди, чунки анбиёлар бирор ишда тараддудланиб қолсалар, дарҳол намоз ўқийдилар. Бу пайғамбар ҳам намоз ўқиб, «Ё Роббим, душман ёки очарчиликни эмас, ўлимни танладим», деб дуо қилди. Аллоҳ уларга ўлимни юборган эди, улардан етмиш мингтасини ўлим олиб кетди. (Намоздан кейин) пичирлаганимда шундай деяётган эдим: «Аллоҳим, Сенинг номинг билан урушаман, Сенинг номинг билан душман устидан ғалаба қиламан. Куч-қудрат фақат Аллоҳ билан» (Имом Термизий ривояти).

 

Иброҳим алайҳиссалом ҳам ғам-ғуссаларини намоз билан муолажа қилар эдилар.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Бир куни Иброҳим алайҳиссалом Сора билан бир золим подшоҳнинг юртига келиб қолдилар. (Айғоқчилар золим подшоҳга) «Фалон жойда бир киши бор, ёнида мисли кўрилмаган гўзал аёли ҳам бор», дейишган эди, подшоҳ у кишини чақиртирди. «Ёнингдаги аёл ким?» деган эди, «Синглим», дедилар. Кейин Соранинг ёнига қайтиб келиб, шундай дедилар: «Сора, ҳозир ер юзида сен билан мендан бошқа мўмин йўқ. Анави мендан сени сўраган эди, «Синглим», дедим. Мени ёлғончи қилиб қўйма». Подшоҳ эса Сорани чақиртирди, Сора унинг ҳузурига кириб келди. Подшоҳ (унинг гўзаллигини кўриб) унинг қўлини ушламоқчи бўлган эди, қўли қотиб қолди. Подшоҳ қўрқиб кетиб, «Роббингга дуо қил, сенга ҳеч нарса қилмайман», деди. Сора Аллоҳга дуо қилган эди, анавининг қўли қўйиб юборилди. Подшоҳ эса яна Сорага ёпишмоқчи бўлган эди, қўли боягидек ёки бундан ҳам қаттиқроқ қотиб қолди. Шунда у яна: «Роббингга дуо қил, сенга ёмонлик қилмайман!» деди. Сора дуо қилган эди, анавининг қўли яна қўйиб юборилди. Шунда подшоҳ айғоқчиларини чақириб, «Сенлар менинг олдимга одам эмас, шайтонни олиб келибсанлар-ку!» деди. Сўнг Сорага Ҳожарни чўри қилиб берди. Сора эсон-омон Иброҳим алайҳиссаломнинг ёнларига қайтиб келди. Иброҳим алайҳиссалом намоз ўқиётган эдилар, қўли билан «Нима гап?» дея ишора қилдилар. Сора: «Аллоҳ анави кофирнинг [ёки фожирнинг] макрини ўзига қайтарди, шунга Ҳожарни менга чўри қилиб берди», деди» (Имом Бухорий ривояти).

 

Бир қиз айтади: «Бир дугонам бор, ниҳоятда асабий қиз. Бизнинг уйимизда ҳам кўп муаммолар бўлиб турар эди. Буни билган ўша дугонам «Уйингда шунча муаммо бўла туриб, қандай қилиб асабларинг жойида?» деб ҳайрон бўлди. Мен унга «Бунинг сири намозда!» дедим. У янада ҳайрон бўлиб, «Қандай қилиб?» деб сўради. Мен шундай жавоб бердим: «Авваллари оиламизда муаммолар кўплигидан ўзимни бечора, ожиз ҳисоблардим, муаммолар ҳақида кўп ўйлайверганимдан ақлдан озай дер эдим. Бундай аҳволдан қутулиш учун ҳамма нарса қилиб кўрдим, тинчлантирувчи дорилар ичдим, лекин фойдаси бўлмади.

Бир куни ғам-ташвишларимни, қайғуларимни намоз билан енгиш мумкинлигини эшитиб қолдим. Ғам-қайғулар ёпирилиб келганда, кимдир мени хафа қилиб, ҳис-туйғуларим оёқости бўлганда намозга ошиқадиган бўлдим. Намозларимда Аллоҳга аҳволимни арз қилиб, мени қайғулардан халос қилишини, муаммолардан қутулиш йўлларини кўрсатишини сўраб, илтижолар қиладиган бўлдим. Илтижо қилар эканман, руҳий, иймоний улкан куч-қувватни ҳис этардим, хотиржам яшаб, ҳаётни давом эттиришга куч топардим. Қайғуларим намозни севишимга, унга чинакам ошиқ бўлишимга сабаб бўлди».

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар