Кеча, 21 ноябрь куни зиёрат туризмини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишларни жадаллашлатириш мақсадида, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази, Тошкент ислом университети масъул ходимлари ва юртимиздаги энг етакчи сайёҳлик фирмалари вакиллари иштирокида ишчи йиғилиш бўлиб ўтди.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов йиғилишни очиб, Президентимиз Ш.Мирзиёев шу йил 9-10 ноябрь кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида зиёрат туризмини кенг йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан мутасадди ташкилотларга топшириқлар берилганини таъкидлади. Шунингдек, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига зиёрат туризми бўйича хорижий туристларни жалб этиш, шу жумладан, Туркия, Малайзия, Индонезия ва бошқа Ислом дини кўп тарқалган давлатлар билан ишлаш бўйича ишчи гуруҳларини шакллантириб, чора-тадбирлар режасини тузиш ишлари бошланганини билдирди. О.Юсупов сўзида давом этиб чет-эл мамлакатларида Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг туризм салоҳиятини, шу жумладан, Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий, Бухоро вилоятидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳларига зиёратини ташкил этишни тарғиб қилиш дастурини ишлаб чиқиш муҳимлигини батафсил изоҳлади.
Йиғилишда “Azia tour” сайёҳлик фирмаси мутахассиси Акмал Қосимов сўз олиб, зиёрат туризмини ташкил этишда юртимиздаги “Силсилаи алия” (12 та авлиё қадамжоси) таркибидаги зиёратгоҳларга алоҳида эътибор қаратиш, Малайзия, Индонезия давлатларига “Умра-плюс” хизматини таклиф этиш, хорижлик дин пешволари иштирокида семинарлар, конференциялар ташкил этиш, ислом институтлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, нуфузли ислом ташкилотларининг гранд танловларида қатнашиш каби таклифларни берди.
Шунингдек, сўзга чиққан нотиқлар Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Ислом цивилизацияси маркази, Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ва “Ўзбектуризм” зиёрат туризмини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзолаш таклифини тақдим этишди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасидаги муқаддас қадамжоларга зиёрат туризм йўналишидаги сайёҳларни жалб қилиш бўйича реклама тадбирларини ташкил этиш учун тарқатма материаллар, буклетлар, баннерлар, маълумотнома китобчалари ва слайдлар тайёрлаш, хориждаги диний уламолар билан зиёрат туризм йўналишида яқиндан ҳамкорлик қилиш учун бу борада тажрибаси бўлган маҳаллий уламоларни жалб этиш, чиқиш ва кириш визаларини қисқа муддатда расмийлаштириш чораларини кўриш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Баҳрайн адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Вазир мулоқот аввалида Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимларнинг Ислом тамаддунига ҳисса қўшган ҳиссасини, мамлакат томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ёш келажак авлод учун яратилаётган имкониятлар таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Имом Бухорий, Имом Термизий, ал-Хоразмий, Фаробий, Замахшарий каби Ислом оламида юксак обрў-эътибор топган олимларнинг мероси дунё мусулмонларининг умумий бойлигидир.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциялар нафақат ўзбек халқи, балки бутун Ислом умматига хизмат қилмоқда. Баҳрайн Ислом меросини ўрганиш бўйича ўзбек томони билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва илмий изланишларни биргаликда амалга оширишга тайёр", – деди адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида.
Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида Баҳрайн делегацияни иштирокини таъминлаш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, икки мамлакат илмий марказлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасида адлия, Ислом ишлари ва вақф соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда илмий-амалий ишларни ташкил этиш мақсадида масъул ходим тайинлаш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати