Саудия Арабистони Подшоҳлигида Жидда, Макка ва Мадина шаҳарлари ўртасидаги масофани янада тезроқ босиб ўтиш имконини берувчи янги транспорт-логистика лойиҳасига қўл урилди.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш 2017-2018 йилларга мўлжалланган бўлиб, бунда 450 км масофадаги Макка-Жидда-Қирол Абдуллоҳ иқтисодий маркази-Мадина йўналишида икки изли тезюрар поезлар қатнови йўлга қўйилади. Йўналишда бешта бекат қурилади.
Ушбу лойиҳа хорижий компаниялар кўмагида қурилмоқда ва лойиҳа қиймати 63 миллиард Саудия Арабистони риялини ташкил этади.
Мамлакатнинг Транспорт вазири, шахзода Абдуллоҳ бин Бандарнинг маълум қилишича, Саудия Арабистони ҳар йили 3,5 миллион нафар зиёрчиларни қабул қилади. Маккадан Мадинага ташиладиган йўловчилар сони эса қарийб йилига 60 миллион нафарни ташкил этади.
Темирйўллар бўйича бош ташкилотнинг маълумотига кўра, икки муқаддас масжидни боғловчи лойиҳа 2018 йилда ишга туширилади. Унгача эса йўлнинг халқаро стандартларга мослиги, хавфсизлик масалалари синовдан ўтказилади.
Ушбу лойиҳа натижасида Маккадан Мадинагача бўлган масофа икки ярим соатгача қисқаради.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД