Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Январ, 2025   |   2 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:32
Аср
15:23
Шом
17:08
Хуфтон
18:27
Bismillah
01 Январ, 2025, 2 Ражаб, 1446

Жаннатнинг энг афзал аёлларидан бири

22.11.2017   10659   10 min.
Жаннатнинг энг афзал аёлларидан бири

Бугун Қуръони каримда зикр қилинган Фиръавнинг аёли  Осиё онамизнинг ҳаёти ва у кишининг исломдаги намунали хизматлари ҳақида сўз юритамиз. Маълум бўлишича, “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ерга тўртта чизиқ чиздилар ва: “Бу нима, биласизми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва унинг Расули билгувчидир”, дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Булар жаннатнинг энг афзал аёллари — Хадича бинти Ҳувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Марям бинти Имрон ва Фиръавннинг аёли Осиё бинти Мазоҳимдир”, дедилар.

Ривоятларда айтилишича, ўтмишда Миср подшоҳларини Фиръавн деб аташган. Мусо алайҳиссалом даврида Рамзес Иккинчи Фиръавн бўлгани айтилади. Фиръавн тўғёнкор, золим ва илоҳлик даъвосини қилган подшоҳ бўлган. Қуръони каримда Фиръавн худонинг йўлидан чиққан фуқароларни ўз хоҳишига бўйсундиришга ҳаракат қилган, кишиларга ўзини Рабб сифатида кўрсатган, ўзига бўйсунмаганларга чексиз зулм ўтказган мустабид ва золим подшоҳ тимсолида тасвирланади.

Фиръавн бир куни туш кўради,  Тушида унинг подшоҳлиги инқирозга учрайди. У кўрган тушини таъбир қилиб беришни сеҳргар ва фолбинлар зиммасига юклайди. Унинг атрофидаги гумашта сеҳргар-фолбинлар подшоҳга, сенинг мулкингнинг йўқ бўлишига Бани Исроилдан келажакда туғиладиган бир ўғил бола сабабчи бўлади, деган хабарни етказади. 

Фиръавн гарчи, худолик даъвосини қилса-да, тахтига хавф солади деб она қорнидаги ҳомиладан ҳам қўрқади. Фиръавннинг гумашталари эса унинг бу заиф жойини яхши билади. Шунинг учун Фиръавнга ёқмаган тоифанинг ҳомиладаги боласини ҳам унга ашаддий душман, тахтига кўз олайтирган қилиб кўрсатишга уринади. Оқибатда Фиръавн Бани Исроилдан туғиладиган ҳар бир ўғил бола мулкининг инқирози сабабчиси бўлиши мумкин, деган фикрга келади. Шу боисдан туғилган ҳар бир ўғил бола дарҳол ўлдирилсин, деган фармон чиқарди. Ўша соатдан бошлаб, ҳар бир  бани исроиллик ҳомиладор аёллар ёнида доя қўшилиб юрадиган бўлди. Аёл туғиши билан доя қарар, ўғил бола бўлса, хабар берар ва жаллодлар болани қатл қилар эди. Шундай қилиб, Фиръавн ўзининг мисли кўрилмаган шафқатсиз сиёсатини олиб борди.

Қуръони каримнинг  Қасас сурасида зикр этилган Мусо алайҳиссалом ҳақидаги қиссалар худди шу маънодаги муқаддима ила бошланади:


Дарҳақиқат, Фиръавн ерда (Мисрда) туғёнга* кетиб, унинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифани (Исроил авлоди қавмини) хорлаб, ўғилларини сўяр, қизларини тирик қўяр эди. Албатта, у бузғунчилардандир. Биз эса, у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хорликдан чиқариб, намунали) пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръавн мулкига) меросхўр қилишни истаймиз. Яна уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва (унинг вазири) Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига улар хавотирланаётган нарсани кўрсатиб қўйишни (истаймиз)”.

Фиръавн хоҳлаган ишини ирода қилаверсин, унинг истаги ҳеч қачон амалга ошмайди. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фақат Аллоҳ таолонинг истагани бўлади. Ҳомон –Фиръавннинг вазири. У ҳар доим Фиръавн қиладиган ёмонликларга бошу қош бўлиб келган. Фиръавн, Ҳомон ва иккисининг аскарлари бани Исроилдан мулкига завол етишидан қўрқар эди. Аллоҳ таоло улар қўрққан нарсани айнан бани Исроил орқали кўрсатишни ваъда қилмоқда.

Яратган Парвардигор Қасас сурасининг 7-ояти каримасида шундай марҳамат қилади:

Биз Мусонинг онасига ваҳий* қилдикки: Уни эмизавер. Бас, агар (уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро, Биз уни сенга қайтарувчи ва уни пайғамбарлардан қилувчидирмиз.Уламолар ушбу оятдаги «ваҳий»нинг илҳом маъносида келганини таъкидлаганлар. Чунки Мусо алайҳиссаломнинг онаси Пайғамбар бўлмаган, демак, у кишига ваҳий келмаслиги ҳам аниқ. Мусо алайҳиссалом ниҳоятда хатарли бир вақтда дунёга келганидан онаси нима қиларини билмай қолди. Фиръавннинг айғоқчилари янги туғилган гўдак ўғил эканлигини сезиб қолса, уни онасидан тортиб олиб ўлдириши мумкин. Нима қилиш керак? Инсоннинг қўлида ҳеч қандай чора йўқ. Шунда Аллоҳ таолонинг Ўзи кўмаклашди.

Мусо алайҳиссаломнинг онасини Аллоҳ таоло илҳом этган буйруқни бажарди. Гўдакни сандиққа солиб, дарёга оқизиб юборди. Қуръони каримнинг Қасас сураси 8-ояти каримасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Бас, Фиръавннинг хонадон аҳли уни (ўсиб-улғайганида) ўзларига «душман ва ташвиш бўлиши учун» тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари янглишган эдилар.

Ичига гўдак Мусо (а.с) солинган сандиқ дарёдан оқиб бориб Фиръавн қасридаги боққа киради. Фиръавн ва унинг хотини Осиё хоним дарё бўйида ўтирган эди. Бирдан уларнинг кўзи дарёда оқиб келаётган сандиққа тушиб қолади. Фиръавнинг буйруғи билан сандиқни сувдан олиб чиқаришади. Шунда Фираъвн бу сандиқдаги болани кўриб бу бола Бани Исроил қавмидан деб болани зудлик билан ўлдиришга фармон беради. Боланинг жони хатарда қолади. Одатда, ҳеч қачон кўнгли юмшамайдиган Фиръавнни Аллоҳ таоло энг нозик жойидан олди. Унинг аёли Осиё онамизни ишга солди. Осиё онамизнинг қалбига гўдакнинг муҳаббатини жойлади ва ўртага тушиб шундай деди: “Бу бола мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир, Жуда ҳам истараси иссиқ, чиройли гўдак экан, кўрган одамнинг кўзи қувонади, биз ҳам уни кўриб қувониб юрайлик, уни ўлдирманглар, тирик қолсин. Боқиб, тарбия қилиб ўстирсак, шоядки, у бизга фойда берса, эҳтимол, уни ўзимизга бола қилиб олармиз”, деди.

Ҳолбуки, улар сезмасдилар”. Улар Мусони келажакда ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлишини (Осиёдан бошқасига) сезмайдиган ҳолатда эдилар. Фиръавн Осиёнинг гапи билан гўдак Мусони ўлдирмай, боқиб олишга қарор қилдилар.  Аллоҳнинг ҳикматли тадбири олдида ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди. Аввал Фиръавннинг аёли Осиё қалбига Мусо алайҳиссаломнинг муҳаббатини солиб, гўдакни ўлдирмасдан, боқиб олиш учун қарор қилдирди.

Таҳрим сурасининг 11-оятида бундай марҳамат қилинади:

Аллоҳ имон келтирган зотлар ҳақида Фиръавннинг хотинини мисол келтирди. Ўшанда у: «Эй, Роббим! Ўзинг мен учун ҳузурингда (жаннатда) бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин. Мени золимлар қавмидан халос этгин!

Фиръавннинг хотини Осиё хоним ўша замондаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Ҳар жиҳатдан тўкинликда яшар эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, кофир ва золим эрига ва қавмига қарши чиқди. Аллоҳ таолога иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу эса дунё ҳойи-ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.

 Аллоҳ таоло ушбу оятда барча мусулмонларга ибрат тарзида Фиръавннинг аёли Осиё бинти Мазоҳим хонимни мисол қилиб келтиради. Бу мисол Аллоҳга итоат ва динда мустаҳкам бўлишга бир тарғиб, мўмин ва мўминаларнинг имон йўлида сабрли бўлишларига бир чақириқдир. Қуръони каримнинг тафсирларида баён қилинишича, Мусо алайҳиссалом ва укалари Ҳоруннинг Фиръавн сеҳргарлари билан бўлган беллашувида, имон куфр устидан ғалаба қилади. Бундан хабар топган Фиръавннинг хотини Осиё: “Мусо ва Ҳоруннинг Раббисига имон келтирдим”, деб имонини ҳаммага ошкор қилди. Бундан хабар топган Фиръавн ғазабланиб, уни ўлдиришга амр этди.

   У Мусо ва Ҳоруннинг динига имон келтирган хотинини ҳузурига чақириб:  “Мендан бошқа ҳам Раббинг борми?” деб сўрайди. Осиё онамиз: “Ҳа, у менинг Раббим, сенинг Раббинг ва барчанинг Раббиси – Аллоҳдир, мен унга ибодат қиламан”, деб дадил жавоб беради. Шунда Фиръавн аскарларига буюриб, Осиёнинг қўл-оёқларига қозиқлар қоқтиради. Қуёш жазирамаси остига қўйиб азоблайди. Устига улкан тошни бостириб, қийнайди. Шу билан Аллоҳга бўлган имонидан қайтаришга уринади. Лекин Осиё хоним Фиръавнинг бу таклифга асло кўнмайди. Осиё азобланар экан, Аллоҳга дуо қилди: Эй, Роббим! Ўзинг мен учун ҳузурингда (жаннатда) бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин. Мени золимлар қавмидан халос этгин”,  деди.

 Уламолар бу дуо хусусида шундай дейдилар:

 Аллоҳ таоло бу дуони ижобат қилди. Осиё осмонга қараб, шу онда, самода, жаннатда ўзига бино қилинаётган қасрни кўрди. Қаср дуру гавҳарлардан эди. Бу манзарани кўриб, хотиржам бўлди ва азобларни унутиб, табассум қилди. Бу ҳодиса Фиръавн ва сарой аъёнларининг кўз ўнгида содир бўлди. Аьёнларининг ҳайратини кўрган Фиръавн баттар ғазабланди. Сўнгра: "Унинг жиннилигига ажабланмайсизми? Мен уни азоблаяпман-у, у эса куляпти?" деб қичқирди ва хотинини тезроқ ўлдиришларига буйруқ берди. Фиръавн одамлари Осиё хоним устига улкан тошни қулатишганида, унинг покиза руҳи аллақачон жаннатга олиб чиқиб кетилган эди. Улкан тош жонсиз жасад устига тушди. Ҳазрати Осиёнинг шижоати, жасорати ва сабот-матонати ҳамда Аллоҳга бўлган мустаҳкам имон ва эътиқоди барча мўмин ва мўминаларга юксак бир ибратдир.

Интернет материаллари асосида

Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади  

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши мурожаати

29.12.2024   23081   6 min.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши мурожаати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал салавоту саломларимиз бўлсин.

 

Муҳтарам юртдошлар!

 

Аллоҳга шукрки, гўзал диёримизда ҳар тонгни тинчлик, хотиржамлик билан қарши олмоқдамиз. Ушбу улуғ неъмат сабабли, ҳар соҳада ютуқлар, юксалишлар бўлмоқда, неъматлар кундан-кун зиёда бўлиб бормоқда. Бу юртда инсон азиз, унинг қадри юксак экани, ўзининг ҳаётий ифодасини топиб бормоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, ногиронлиги бўлган инсонлар, камбағал оилаларга доимий ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.

Шубҳасиз, охирги йилларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ёрдамга муҳтож фуқаролар билан манзилли ишлаш бўйича қонуний асослар ва халқпарвар тизим яратилди.

Сиз азиз юртдошларимизга мурожаат қилар эканмиз, шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардикки, ижтимоий ҳимоя масаласида Президентимизга камарбаста бўлиш барчамиз интилаётган фаровон келажак, фарзандларимиз бахту саодатини таъминлашнинг энг муҳим шартидир.

Ислом динида муҳтожларга ёрдам бериш, жисмоний имконияти чекланган инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, мискин ва бечоралар ҳолидан хабар олиш энг савобли амаллардан ҳисобланади. Муборак динимиз хайр-саховатга буюрар экан, уни ўз ўрнига сарфлашга амр этади. Муҳтож инсонлар ҳаққига хиёнат қилиш эса оғир гуноҳ саналади.

Юртимизда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши халқимиз қалбидаги эзгу иш бўлди. Агентлик оғир ижтимоий ҳолатга тушган ва тушиш хавфи бўлган аҳоли билан манзилли ишлаётгани, хайру эҳсонларни ўз эгаларига етказаётгани халқимизни мамнун этмоқда, қалбига хурсандчилик улашмоқда. Албатта, мана шундай меҳрга муҳтож инсонларнинг дуоси билан юртимиз янада обод бўлади.

 

Ҳурматли юртдошларимиз!

 

Яратганга шукр, тарбиянинг асосий пойдевори бўлган мактабга, ёшларни илм-маърифатли қилишга давлатимиз томонидан доимий эътибор қаратилмоқда. Янгидан янги мактаблар, боғчалар қурилмоқда. Юртимизда ўрта ҳисобда йилига бир миллион бола туғилмоқда. Бу дегани, етти йилдан кейин бир неча минг мактабга эҳтиёж пайдо бўлади. Шундай экан, саховатпеша кишиларимиз мактаб қуриш ёки таъмирлаш ишларига ҳам катта эътибор қаратишларини тавсия этамиз. Зотан, маърифат, зиё маскани бўлган таълим даргоҳларини қуриш, обод қилиш ажри улуғ амаллардан ҳисобланади. Шунингдек, таълим муассасалари талаба ва ўқувчиларни моддий тарафдан таъминлаш, уларни контракт-шартномаларини тўлаб бериш, ўқув қурол ва дарсликларини олиб бериш савоби доимий ёзилиб турадиган садақаи жория бўлади.

 

Азиз ватандошлар!

Таассуфки, тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотираси, ҳаж ва умрага бориб-келувчиларни кутиб олишга бағишланган йиғинлар, улардаги бир-биридан ўтиб тушадиган, кимўзарга, риёга, исрофга тўла ишлар халқимизнинг жиддий муаммоларидан бири бўлиб келмоқда. 

Шу ўринда, зиёлилар, ёши кекса отахону онахонлар, нуронийларга айтар сўзимиз, келинг, биргаликда юртимиз аҳолисига, айниқса, юқоридаги каби исрофгарчилик ва дабдаба қилаётганларга тушунтириш ишларини кўпайтирайлик, бу каби иллатларга биргаликда барҳам берайлик. Аллоҳ таоло ато этган мол-дунёни исроф қилиш – катта гуноҳ, эканини уқтирайлик! Бунинг ўрнига топганларимизни савобли ишларга сарфлаб, бева-бечора, ночор, муҳтожларга ёрдам берайлик, ана шунда улкан савобга эга бўламиз, иншоааллоҳ! 

 

Қадрли уламолар ва имом-домлалар!

 

Ижтимоий ҳимоя бўйича Юртбошимизнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, биз – дин пешволари қуйидаги 7 та вазифани амалга оширишни белгилаб олмоқдамиз:

Биринчи, уламолар ва имом-хатиблар “Хайру саховат – қалбларга қувонч улашади” шиори остида тарғибот-ташвиқот ишларини кенг кўламда амалга ошириш.

Иккинчи, ҳар бир марказий масжид 5 тадан эҳтиёжманд оилани оталиққа олиб, уларнинг фарзандларини ўқув курсларида ўқитиши, касб-ҳунарга ўргатиши ва доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашиш.

Учинчи, ҳар бир туман-шаҳар бош имом-хатиблари ҳудудидаги камида 1 та мактабни ҳомийларни жалб этган ҳолда таъмирлаш ишларига ёрдам кўрсатиш.

Тўртинчи, “Вақф” хайрия жамоат фонди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда мамлакатимиз бўйича кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган 200 нафар ёшни касбга ўргатиш ва иш билан банд қилиш.

Бешинчи, “Вақф” хайрия жамоат фонди “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорликда жисмоний имконияти чекланган болаларга 50 дона спорт аравачаси ва бошқа реабилитация воситалари олиб бериб, уларнинг даволанишларига кўмаклашиш.

Олтинчи, масжид имом-хатиблари ҳомийларни жалб этган ҳолда “Меҳрибонлик”, “Саховат”, “Мурувват” уйларига ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдамлар кўрсатиш ишларини ташкил этиш.

Еттинчи, имом-хатиблар томонидан тўй-маърака маросимлардаги исрофгарчилик, умра зиёратидан қайтгандан кейин ҳар хил хўжакўрсин маросимлари уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга ошириш. 

 

Азиз юртдошлар!

 

Хайрли ва савобли ишга ҳисса қўшган, етим-есир, бева-бечоранинг бошини силаган одамнинг амал дафтарига қиёматгача садақаи жория савоби тўхтамасдан ёзилиб туришини, бундай одам халқ ичида, эл орасида доимо ҳурмат ва эъзозда бўлишини унутмайлик!

Аллоҳ таоло эзгу ишларимизни Ўзи мукофотласин, омин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши раиси, 

муфтий Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР

Тошкент шаҳри 

2024 йил 26 декабрь