Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда Райён деган эшик бор. Қиёмат куни рўза тутувчилар қаерда дейилади, улар турадилар. Райён эшигидан рўза тутувчилардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Рўзадорлар жаннатга кириб бўлганларидан кейин эшик ёпилади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисда жаннатга киришга сабаб бўладиган амал – рўзанингн қадри нақадар улуғ экани баён қилинмоқда. Шунингдек, мазкур ҳадиси шарифда рўзадорларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги даражаси буюги экани маълум бўлмоқда. Чунки Аллоҳ таоло рўзадорларни жаннатга алоҳида эшикдан киргизади. Банда рўза туфайли Аллоҳнинг буюк инъомига эришади. Рўзанинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Яратганнинг розилиги учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йил узоқ қилади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф жаннатда эшикларнинг мавжуд эканига далилдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат эшиклари саккизта эканини айтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазон ойининг биринчи кечасида, шайтонлар ва ёмон жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилиб, улар ёпилмайди. “Эй яхшиликни хоҳловчи, буёққа кел! Эй ёмонлик истовчи, бу ишдан тўхта!” деб нидо қилинади. Бу кечада Аллоҳ таоло кўпчиликни дўзахдан озод қилади. Мана шу ҳар куни такрорланади”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Биз ўрганаётган ҳадис Райён эшигининг бошқаларидан фазилатли эканига ҳам ишора. бу фазилат – унинг рўзадорларгагина хослаб қўйилганидадир. Рўзадорлар жаннатга киришда қийинчилик, машаққат ва тиқилинчга дуч келмайдилар. Чунки жаннатнинг эшиклари жуда катта ва кенг бўлади. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Жаннат эшигининг бир тарафидан иккинчи тарафигача қирқ йиллик масофа бор”, деган (Фатҳул борий).
Манбаларда Фирдавс жаннатининг “фараҳ” номли эшиги бор. Ундан ёш болаларни ҳурсанд қилиб, уларнинг қалбига қувонч олиб кирганлар киради дейилади. Жаннатда солиҳ амалларга хос эшиклар мавжуд. Дунёда қайси солиҳ амал қилинса, жаннатга ўша амалнинг эшигидан кирилади. Жаннатда саккиз эшикдан бошқа намоз, закот, садақа номли эшиклар мавжуд. Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ “Наводирул усул” асарида бундай дейди: “Жаннатда Муҳаммад эшиги, Раҳмат эшиги ва Тавба эшиги бор. Булар Аллоҳ таоло яратгандан буён очиқдир. Улар қуёш ғарбдан чиқса ёпилади ва қиёмат кунигача очилмайди. Булардан бошқа эшиклар яхши амалларга тақсимланиб, Закот эшиги, Ҳаж эшиги ва Умра эшиги деб номланган”. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намозхон бўлса, намоз эшигидан чақирилади. Ким садақа қилувчи бўлса, садақа эшигидан чақирилади. Ким рўзадор бўлса, Райён эшигидан чақирилади”, дедилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, одамлар қисилиб, қийналиб қолмаслиги учун ҳар бир киши мазкур эшиклардан чақирилади. Бир киши эшикларнинг ҳаммасидан чақириладими?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, сен ўшалардан бўлишингни умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Мазкур эшикларнинг ҳаммаси саккизта эшикларнинг ичида жойлашган. Бу саккиз эшикнинг биринчи тарафидан иккинчи тарафигача беш юз йиллик масофа экани ҳадиснинг шарҳида зикр қилинган.
Камолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Норин тумани бош имом-хатиби
Бугун, 25 июн куни Индонезия ҳаж ва умра асоссиацияларининг доктор Муслим Искандар бошчилигидаги вакиллари Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бўлишди. Меҳмонлар билан диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков учрашув ўтказди.
Саккиз нафар делегация аъзолари: Доктор Муслим Искандар, Асип Бисма Суприатна, Заид Муслим Искандар, Мустаин Хаттоб, Муҳаммад Атсир Абдулазиз, Жаннатул Маъво, Муҳаммад Иқбол ҳамда Ҳилман Парифий бирма-бир ўзларини таништириб, “Умра +” лойиҳасини ўрганиш мақсадида 3400 та турфирма номидан вакил бўлиб келишганини билдиришди.
Учрашув аввалида Ҳомиджон домла меҳмонларни ташриф билан қутлаб, келганлари учун миннатдорлик билдирди. Сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий, туризм ва бошқа соҳаларда бўлаётган янгиланишлар ҳақида айтиб ўтди. Хусусан, 2017 йилда тамал тоши қўйилган Ислом цивилазияси маркази, қайта бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси, Ҳазрати Имом даҳасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига тўхталди.
Ўз навбатида делегация раҳбари Муслим Искандар уларга бу таклифни билдирган “Real Dreams” сайёҳлик фирмасидан миннатдор эканликларини айтиб, Ўзбекистон ҳақида жуда ҳам ижобий таассуротларда эканини таъкидлади. Биргина Тошкент шаҳридаги ўрганишлари натижасида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳаси истиқболли экани, ҳали Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадим ва навқирон шаҳарларни ҳам бориб кўришларини, лекин ҳозирданоқ “Умра +” лойиҳаси жуда истиқболли эканига амин бўлганини баён этди.
Делегация аъзоси, “Kasturi” бирлашмаси раҳбари Муҳаммад Атир 2017 йилда ҳам Ўзбекистонга келганини, ўша пайт билан орадан ўтган қисқа вақтдаги улкан ўзгаришлардан ҳайратда эканини айтиб, бу ишлар юртнинг алламоларига, илмий-маърифий меросга бўлган эътиборидан дарак эканига урғу бериб ўтди.
Шунингдек, делегациянинг бошқа аъзолари – Индонезиянинг “Amphuri”, “Hagatama”, “NRA Group Ltd.” “Jannatul Ma’wah”, “Himpuh” каби минглаб турфирмаларни бирлаштирган асоссиациялари раҳбарлари ҳам мусулмон сайёҳлар эътибори ва оқимини Ўзбекистонга бемалол йўналтириш мумкинлигини, бу хайрли иш икки давлат учун ҳам ҳар томонлама манфаат келтиришини таъкидлашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати