Афсуски, ёшроқ эркак вафот этса, келинни гўдаклари билан отасиникига ҳайдаб юбориш ҳоллари ҳам учрайди. Оила бошлиғи вафот этгач, унинг ҳовлисига ака-укалари кўз тикиб, қазо қилган одамнинг хотини вояга етмаган болаларини –марҳумнинг меросхўрларини, меросга энг ҳақли инсонларни олиб, ота ҳовлисига қайтиб боришга мажбур бўляпти.
Фароиз илмига кўра, марҳумдан қолган мол-мулк дарҳол меросхўрлар ўртасида тақсим қилиниши керак. Бу қонунни ўзича тасарруф қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Нега менга кам, бунга кўп дейиш ёки ҳатто менга керак эмас дейиш Аллоҳ таолонинг ҳукмига норози бўлишдир, Масалан, қизлар ўғилга тегадиган улушнинг ярмини олади. Аслида бунда катта адолат бор. Зеро, Исломда қиз боланинг нафақаси эркак кишининг зиммасига юклатилган. Қиз бола ҳали туғилмасидан унинг нафақаси ҳал қилиб қўйилган бўлади. Аёл кишининг нафақаси аввал отаси, отаси бўлмаса ака-укалари ёки амаки-тоғаларининг зиммасида бўлади, никоҳдан сўнг эса эрининг зиммасига юклатилади. Аммо шунда ҳам ўғил болага тегадиган улушнинг ярми миқдорида қизларга ҳам мерос ажратилиши айни ҳикмат, олий ҳимматдир. Бугунги куннинг ифодаси билан айтганда, ижтимоий адолатдир.
Илмсизлик, жоҳиллик қилиб, етимларни, ҳақдор ворисларни ҳалол улушидан маҳрум қилаётганларнинг ҳисоб-китоби ниҳоятда оғир бўлади, Аллоҳ асрасин.
Озгина ерга, мулкка эга бўлиб оламан, деб хомтама бўлаётганлар ана шу азоб-уқубатларни ҳам эсга олиб қўйсинлар!
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳмурид ва яқинларига «сафар қилсангиз ва юкингиз сизга бепул олиб кетишингизга рухсат берган миқдордан ортиқ бўлса, албатта, ортиқча юкнинг ҳаққини адо этинг ва кейин сафар қилинг», дея кўрсатма берар эдилар.
Бир куни у киши сафар қилиш учун вокзалга етиб келдилар. Поезд келишига яқин қолган эди. Ҳазрат юкларини олиб, юклар тортиладиган жойга етиб келдилар ва навбатга турдилар. Тасодифан поездда бирга кетадиган кондуктор у ерга келди ва ҳазратни таниб қолди. Дарҳол: «Ҳазрат, сиз бу ерда нега турибсиз?» деб сўради.
Ҳазрат: «Юкимни торттириш учун келганман», дедилар.
Кондуктор: «Сизга юкингизни торттиришга зарурат йўқ. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Мен сиз билан бирга поездда кетаман. Ортиқча юк учун ҳақ тўлашингиз шарт эмас», деди.
Ҳазрат: «Сиз мен билан бирга қаергача борасиз?» деб сўрадилар.
Кондуктор: «Фалон бекатгача бораман», деди.
Ҳазрат: «Кейин у ёғига нима бўлади?» деб сўрадилар. Кондуктор: «У бекатда бошқа кондуктор келади. Мен унга бу ҳазратнинг юклари, деб айтиб қўяман», деди.
Ҳазрат: «У кондуктор мен билан бирга қаергача боради?» деб сўрадилар.
Кондуктор: «У узоққа кетади. Ундан анча олдин сизнинг бекатингиз келади», деди.
Ҳазрат: «Йўқ, мен анча узоққа кетаман, охират тарафга кетаман, қабримга кетаман. Қайси кондуктор мен билан бирга кетади?» дедилар. Кейин: «Охиратда мендан бир давлатга оид поездда юкнинг ҳаққини адо қилмай қилган сафаринг ва ўғирлигинг ҳисобини бер деган талаб бўлса, у ерда қайси кондуктор менга ёрдам бера олади?!» дедилар.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан