“Мен учувчи бўлмоқчиман”. Камтаргина новвойнинг қизининг ўн йил олдинги ана шу орзуси рўёбга чқишига кўпчилик ишонмас эди.
Саййида Салва Фотима ҳаво йўллари компаниясида иш бошлаш арафасида. У Ҳиндистонда Тижорий учувчи лицензияси берилган тўртинчи муслима ҳисобланади.
Янги Зеландиядаги мулти-юргизгич (мотор) ва Баҳрайндаги турли тоифадаги самолётларни бошқаришга рухсат берувчи курсларни тамомлаган ҳайдарободлик аёл “Airbus A320” русумли самолётни бошқариш учун Фуқаролик авиацияси бош директорининг имзосини кутмоқда.
Орзуси йўлида Салва хоним кўп қийинчилик ва тўсиқларни енгиб ўтишига тўғри келди. Оддий новвойнинг қизи бўлган ёш муслима учувчи Ҳайдарободнинг эски шаҳар қисмидаги қашшоқ Султон Шаҳи маҳалласида вояга етган.
Бу ҳикоянинг диққатга сазовор жойи шундаки, дейди http://muslimnews.co.uk нашри, ундаги қаҳрамонимиз қашшоқликдан илм зиёси томон тинмай интилган ва ана шу жараёнда ўзлигини, иймонини сақлаб қола олган.
“Мен доим рўмолимни иш, ўқиш кийими билан бирга ўраб юрдим, бу масалада менга ҳеч қандай тўсиқ бўлмади”, дейди Салва Фотима Ҳиндистоннинг энг йирик янгилик ресурси бўлган IANS нашрига. Баҳрайндаги Кўрфаз авиация академияси эса унинг ҳижобдаги суратини ўз журналида чоп этди.
“Қайси соҳада бўлмасин, авиациями ёки бошқаси, сизга билим ва қобилиятингиз ёрдам беради. Қолган гап бекор. Сиз муайян соҳада белгиланган вазифани астойдил бажара олишингизни исботлашингиз керак. Мен авиация имтиҳонларидан уч маротаба йиқилдим, лекин ҳар сафар имтиҳондан ўта олмай тушкунликка тушганимда, “мағлубият” муваффақиятга босилган қадам эканини эслатиб туришди”, деб ҳикоясини давом эттиради Салва Фотима.
2013 йилда учувчилик қилишга берилган дастлабки сертификатни олганда, Салва Фотиманинг катта самолётларни бошқариш учун ўқишга киришга катта маблағи йўқ эди. 24 ёшни қаршилаган Салва ҳонимни уйдагилари турмушга узатишди. Аёллик вазифасини адо этса, Аллоҳ таоло, албатта, орзусини амалга оширишига ишонар эди. Тақдир қўп куттирмади. Салванинг қизалоғи 4 ойлик бўлганда, унга Телангана ҳукумати турли самолётларни бошқаришга рухсат берувчи сертификатни олиш учун ўқишга молиявий ёрдам кўрсатишини билдирди. Мотоцикл салонида ишлайдиган турмуш ўртоғининг қўлида шўхлик қилаётган қизига қараб Салва Фотима: “Қизим менга омад келтирди”, дейди.
Ўзига ўхшаган катта орзуларга эришишни мақсад қилиб олган қизларга қарата Салва ҳоним бундай дейди: “Мақсадни аниқ қўйинг ва доим у ҳақда ижобий фикрда бўлинг. Мақсадингиз сизни оила ва фарзанд неъматидан тўсиб қўймасин. Фидоийлик ва тинмай қилинган ғайрат албатта орзуингизни амалга оширади”.
Учувчи ҳоним ўзи яшайдиган жамиятга хизмат қилишга бел боғлаган. Ҳар ойлигининг бир қисмини таълим олишга, даволанишга мухтож ва турмуш қуриш учун маблағи бўлмаганларга ёрдам тариқасида сарфламоқчи.
Алишер САТТОРОВ,
Халқаро алоқалар бўлими ходими
1. Диний ибодатларни бажариш
1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.
1.2. Рўза тутиш. Қазо ва нафл рўзаларни тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.
1.4. Таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).
2. Оилага яхшилик қилиш
2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).
2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
3. Илм олиш, китоб ўқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.
4. Тафаккурга вақт ажратиш
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.
5. Муҳтожларга ёрдам бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).
6. Силаи раҳм қилиш
Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин)” (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).
7. Спорт билан шуғулланиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.
8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!
Даврон НУРМУҲАММАД