Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Ислом тараққиёт банки делегацияси билан учрашув бўлди

21.11.2017   5357   3 min.
Ислом тараққиёт банки делегацияси билан учрашув бўлди

Ўзбекистонда Ислом Тараққиёт Банкининг минтақавий директори Ҳишом Толиб Маъруф жаноблари бошчилигидаги  делегация меҳмон бўлиб турибди.

Бугун, 21 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кичик мажлислар залида Ўзбекистондаги ислом цивилизасияси маркази директори Ш.Миноваров делегация аъзоларини қабул қилди.

Меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Самарқандда қурилаётган халқаро Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда қуриладиган Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси ва илмий концепцияси билан яқиндан танишдилар.

Делегация раҳбари Ҳишом Толиб Маъруф Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази лойиҳаларига ижобий баҳо берди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ўзбек халқи учун ҳам, Имом Бухорийни ўзига устоз санайдиган бутун мусулмон уммати учун ҳам бирдек фойдали бўлади.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирлар меросини ўрганиш учун олимлар ва тадқиқотчилар ташриф буюришларига ишонамиз, дея ишонч билдирди. Амалга оширилаётган лойиҳаларда Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонга яқиндан ёрдам кўрсатади, дея ишонтирди.

Маълумот учун, Ислом тараққиёт банки(ИТБ) 1975 йилда ИҲТ мамлакатлари молия вазирлари йиғилишининг қарорига кўра ташкил этилган. ИТБнинг штаб-квартираси Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган.

ИТБнинг Ҳудудий офислари 1994 йили Работ (Марокаш)да, шу йили Куала-Лумпур (Малайзия)да, 1997 йили Олма-Ота (Қозоғистон)да ва 2008 йили Дакар (Сенегал)да очилди. Банк шунингдек 12 та аъзо мамлакат Афғонистон, Озарбайжон, Бангладеш, Гвинея, Индонезия, Эрон, Нигерия, Покистон, Сьерра-Леона, Судан, Ўзбекистон ва Яманда маҳаллий ваколатхоналарга эга.

ИТБнинг асосий вазифаси аъзо-мамлакатларда шариатга мувофиқ ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Банк ташкил этилаётган вақтда унинг низом жамғармаси 6 млрд.исломий динорни, аъзолари сони 22 тани ташкил этган. Исломий динор – ИТБ фойдаланадиган ҳисоб бирлиги; бир исломий динор ХВЖнинг бир қарз олиш махсус ҳуқуқига (CDR IMF) тенг (ҲВЖ томонидан чиқариладиган  сунъий заҳира ва тўлов воситаси). Ҳозирги вақтда ИТБга иштирокчи аъзолар 56 та давлат ҳисобланади. 2013 йили ИТБнинг эълон қилинган ҳиссадорлик капитали – 30 млрд.исломий динорни, шу жумладан, обуна ҳиссадорлик капитали – 18 млрд.исломий динорни ташкил этди. Банкнинг асосий ҳиссадорлари Саудия Арабистони(23,6% акция), Ливия(9,5%), Эрон(8,3%), Нигерия(7,7%), БАА(7,5%), Қатар(7,2%), Миср(7,1%), Туркия(6,5%) ва Қувайт(5,5%) ҳисобланадилар.

2013 йилда ИТБ бошқарувчилар кенгаши умумий ҳиссадорлик капиталини 30 млрд.исломий динордан 100 млрд.исломий динор(150 млрд.доллар)га кўтариш ҳақида қарор қабул қилди. Банкнинг обуна капитали ҳам 18 млрд.исломий динордан 50 млрд.исломий динорга оширилди. Ушбу қарор аъзо-мамлакатларнинг молиялаштириш маблағларига бўлган катта эҳтиёжи билан боғлиқ.

Сўнгги 12 йил давомида етакчи рейтинг агентликлари (Moodys, Standard&Poors, Fitch) томонидан ИТБга узоқ муддатли кредит рейтинги - “ААА” ва қисқа муддатли олий барқарор кредит рейтинги – “А+” бериб келинмоқда. 2013 йилнинг декабрида ушбу рейтинглар яна тасдиқланди.

{gallery}/21112017{/gallery}

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Қалбнинг зангини кетказувчи амал

8.01.2025   6553   3 min.
Қалбнинг зангини кетказувчи амал

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.

Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.

Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.

Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.

Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.

Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.

Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.

Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.