Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар». Имом Муслим ривоят қилдилар. Башир розияллоҳу анҳунинг аёллари: «Менинг боламга хизматкор совға қилинг ва бу нарсага Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни гувоҳ қилинг», – деди. Башир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келдилар-да: – Фалончининг қизи (аёлларини айтаяптилар – тарж.) ўзининг ўғлига хизматкор туҳфа этишимни сўраяпти… – дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): – Унинг ака-укалари борми?, – деб сўрадилар. Башир дедилар: – Ҳа. – Уларнинг ҳаммаларига ҳам бунга қилганингдек туҳфа қилганмисан? – деб сўрадилар Расулуллоҳ. – Йўқ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): – Бундай қилиш ярамайди, мен фақатгина ҳақ нарсага гувоҳлик қиламан, – дедилар. Имом Аҳмад ривоятларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мени жаврга гувоҳ қилма, албатта, болаларингнинг сендаги ҳаққи улар орасида адолат қилишингдир», – дедилар.
Шунингдек, муқаддас динимизда қиз фарзандларга алоҳида эътибор беришлиги ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: «Кимнинг бир қиз фарзанди бўлиб, унга яхши таълим, гўзал тарбия ҳамда Аллоҳ таоло унга ато этган неъматларидан қизига ҳам сарфласа, Қиёмат куни шу қизи унинг учун дўзахдан тўсувчи парда бўлади» (Табароний ривояти).
Байҳақий ривоят қилдилар: Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ўтирган эди, унинг ўғилчаси келиб қолди ва у ўғлини ўпди-да, бағрига олиб ўтқазди. Кейин унинг қизчаси келди, у қизчасини олди-да, ёнига ўтқазди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сен улар ўртасида адолат қилмадинг», – дедилар. Салафлар болаларини ўпишда ҳам улар ўртасида адолат қилишни яхши кўришарди.
Муслим Атаев,
тарих фанлари номзоди,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими ходими
Ота-оналар ўғилларига Муҳаммад деб исм қўйишни афзал кўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари саҳобалар давридан бошлаб ҳозиргача У зот алайҳиссаломга муҳаббат юзасидан фарзандларга қўйиб келинади. Қолаверса, бир қанча ҳадиси шарифларда, уламоларнинг сўзларида бу муборак исмни фарзандларга қўйиш тавсия қилинган ва мақталган. Жумладан Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, деганлар.
Имом Молик разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мадина аҳли шундай дер эди: “Муҳаммад исмли кишиси бор ҳеч бир оила йўқки, унга кўплаб яхшиликлар берилмаган бўлса”.
Аммо, “қасамки, кимки сенинг исминг Муҳаммад билан аталса, ҳеч қачон дўзах ўти унга тегмайди”, “Қиёмат куни, эй исми Муҳаммад бўлган банда, жаннатга кириш учун ўрнингда тур, деб нидо қилинади” каби уйдирма ҳадислар кўплаб учрайди. Мазкур муборак исмга оид бир қанча уйдирма ҳадислар китобларга кириб қолганини уламолар аниқлаган ва мусулмонларни огоҳ этиш учун уйдирма ҳадисларга оид ёзган китобларига киритганлар.
Муҳаммад исми дўзахдан асраши, қиёматда фойда бериши каби фазилатлар баён қилинган юқорида зикр этилган ҳадислар ҳақида Имом Шомий асарида бундай деган: “Муҳаммад исми бандага фойда келтириши ҳақида биронта саҳиҳ ҳадис йўқ”.
Бакр Абу Зайд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Муҳаммад ёки Аҳмад исмли кишини мақтагани ёки бировни бу икки исм билан чақиришни ман қилгани ҳақидаги ҳар қандай ҳадис саҳиҳ эмас” (“Тасмиятул мавлуд”, 17-бет).
Яна бир муҳим жиҳат, бу исм шарафли исмлардан, аммо исм инсонга одамлар орасида афзаллик бермайди. Агар бу исмни бирор инсонга қўйилса, ўша инсоннинг исми ҳисобланади. Бу инсонни чақирилса ёки исми айтилса, унга саловат айтиш каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга оид ҳукмлар қилинмайди.
Асосий ва муҳим жиҳат Муҳаммад деб номланиш эмас, балки У зотга эргашиш эканлигини уламолар таъкидлаганлар. Инсонга солиҳ амаллари ва Аллоҳдан қўрқиши дунё ва охиратда фойда беради.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.