Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Апрел, 2025   |   30 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:25
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:20
Хуфтон
20:42
Bismillah
28 Апрел, 2025, 30 Шаввол, 1446

Фотиҳа сурасининг тафсири ва фазилатлари

20.11.2017   42786   3 min.
Фотиҳа сурасининг тафсири ва фазилатлари

Фотиҳа сурасининг фазилатлари баён қилинган тафсир манбаларида унинг Қуръони карим маъноларини ўзида мужассам қилган ва улуғ фазилатларга эга сура сифатида ёритилган. Фотиҳа сураси етти оятдан иборат бўлсада, унда Ислом шариати буюрган барча амалларнинг мазмун-моҳияти муфассал равишда баён қилинган. Шу боис, “Уммул Қуръон”, “Уммул Китоб” ва “Асос” каби номлар билан аталган.

Ҳасан Басрий бу сура ҳақида: “Аллоҳ таоло аввалги китоблардаги барча илмларни Қуръонга жамлади. Сўнгра, Қуръонни ҳам муфассал ҳолда жамлаб, уни Фотиҳа сурасига киритди. Ким Фотиҳа сурасининг тафсирини билса, Қуръоннинг нозил қилинган барча маъноларини тушунибди”, деган.

Маҳмуд Замахшарий “Кашшоф” асарида қуйидагиларни келтиради: “Ушбу сурада Аллоҳ таолога ҳамд, Унга ибодат, амри-маъруф ва наҳий-мункар, ваъд ва ваъидлар зикр қилинган бўлиб, улар Қуръондаги барча оятлар маъносини ифодалайди”.

Фахриддин Розий “Мафотиҳ ал-ғайб” асарининг Фотиҳа сураси тафсирида: “Фотиҳа сураси илоҳиёт, охират, нубувват, қазо ва қадар масалаларини ўзида жамлагандир. Хусусан, сурадаги «Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким», (Фотиҳа сураси, 1-оят) ояти илоҳиётга далолат қилади. «...ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир», (Фотиҳа сураси, 3-оят) ёмонлик қилишдан қайтарилгани ва барча ишлар Аллоҳнинг қазои ва қадари билан бўлишига, «Бизни шундай тўғри йўлга  йўллагинки у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 5-7-оятлар) оятлари Аллоҳнинг қазоси ва нубувват масалаларига тегишлидир”, дейилади.

Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” асарига ҳошия битган табризлик аллома имом Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Тийбий “Шарҳ ал-Кашшоф” асарида олим Фотиҳа сурасини қуйидагича шарҳлаган: “Фотиҳа сураси диннинг устуни бўлган тўрт илмни ўз ичига олган. Биринчиси, шариатнинг асоси бўлган ва Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларини ўрганишга бағишланган илм. Ушбу маънолар «Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким, (У) Mеҳрибон, Раҳмли ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир» (Фотиҳа сураси, 1-3-оятлар)  оятларида жамланган.

Иккинчиси, ибодат масалаларига тааллуқли бўлган илм. Бу илмнинг барчаси «Сенгагина ибодат қиламиз…» (Фотиҳа сураси, 4-оят) оятида жам бўлган.

Учинчиси, камолотга етказувчи одоб-ахлоқ масалалари. Суранинг «…Сендангина ёрдам сўраймиз. Бизни шундай тўғри йўлга  йўллагинки…» (Фотиҳа сураси, 4-5-оятлар)  оятлари барча ахлоқий масалаларнинг мазмунини қамраб олади.

Тўртинчиси, ўтган солиҳ зотлар ва золим кимсалар тўғрисида хабар қилинган қиссалардир. Уларнинг етказилишидан мурод – яхшиларга берилган неъматлар ва ёмонларга кўрсатилган жазолардан ибратдир. Хусусан, сурадаги «у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 6-7-оятлар) ояти Қуръонда зикри келган барча қиссаларнинг мазмунини ифодалайди.

Имом Ғаззолийнинг “Ховосс ал-Қуръон ал-карим” асарида Фотиҳа сураси ҳақида бундай дейилган: “Сурада жамики итоат қилувчи солиҳ бандаларнинг сифати аниқ ва равон баён этилган. Шунингдек, Ҳақни инкор этувчи кимсаларнинг аҳволидан огоҳ қилинган. Аллоҳ таоло юборган оят ва мўъжизаларни инкор қилувчи кимсалар «…ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 7-оят) сўзлари билан ифодаланган. Бу эса Қуръонда зикри келган кофир ва золим қавм ҳамда шахсларга берилган мукаммал таърифдир. Оятдаги «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа сураси, 7-оят) жумласи ибодатлар ёлғиз Аллоҳгагина қилиниши, фақат Ундангина ёрдам сўраш лозимлигини англатади.

Шерзод УМАРАЛИЕВ,

Тошкент ислом университети магистранти

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

100 та сирли ибора (4-қисм)

28.04.2025   602   3 min.
 100 та сирли ибора (4-қисм)

100 та СИР-АСРОРЛИ ИБОРА

ёхуд

ОДАМЛАР БИЛАН

МУЛОҚОТ (оила, уй, ишхона, жамоат жойлари) ДАГИ

100 та “СЕҲРЛИ СЎЗ”ни

УЛУҒ  УСТОЗ  УЛАМОЛАРИМИЗ  баён  қилиб  берганлар:

(4-қисм)

  1. Ассалому алайкум!
  2. Катта раҳмат Сизга!
  3. Умрбод миннатдорман Сиздан!
  4. Умрингиз узоқ бўлсин!
  5. Хўп бўлади!
  6. Минг бор узр сўрайман Сиздан!
  7. Кечирасиз!..
  8. Сиздан кечирим сўрайман!
  9. Мендан ўтди! Узр сўрайман! Кечиринг!
  10. Сиз нима десангиз – шу!
  11. Сизнинг гапингиз – мен учун қонун!
  12. Сизнинг гапингиз – биз учун қонун!
  13. Лаббай?!?
  14. Эшитаман?!?
  15. Амрингизга мунтазирман!
  16. Миннатдорман!
  17. Жуда тўғри айтдингиз!
  18. Тўғри айтасиз!
  19. Гапингиз ниҳоятда тўғри!
  20. Фикрингиз жуда маъқул!
  21. Илтимос Сиздан, кечиринг!..
  22. Илтимос, мени кечиринг!..
  23. Тўғри айтдингиз!
  24. Сизни жуда яхши тушуниб турибман!
  25. Қўлларингиз дард кўрмасин!
  26. Сизга гап йўқ!
  27. Жуда чиройли!
  28. Жуда-жуда маъқул!
  29. Бу ҳам яхшиликка!
  30. Бунда ҳам бир ҳикмат бор!..
  31. Муаммо йўқ!
  32. Ҳеч қандай муаммо йўқ!
  33. Ҳеч қандай эътирозим йўқ!
  34. Овора бўлманг!
  35. Асло овора бўлманг!
  36. Ҳечам овора бўлманг!
  37. Сизни овора қилганим учун минг бор узр сўрайман Сиздан!
  38. Ҳижолат бўлманг!
  39. Яхши кунларингизда қайтарайлик!
  40. Тўйларингизда қайтарайлик!
  41. Доим хизматларингиздамиз!
  42. Кўнглингиз тўқ бўлсин!
  43. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади!
  44. Борингизга шукр!
  45. Минг бор узр!
  46. Минг бор-минг бор узр!
  47. Зўр чиқибди, ярашибди!
  48. Минг бор-минг бор узр сўрайман сиздан!
  49. Мен хато қилдим, узр, кечирасиз!
  50. Айбимни тан оламан, кечирасиз!
  51. Узр-узр-узр!
  52. Иккинчи ундай қилмайман, кечиринг!
  53. Бошқа такрорланмайди, кечирасиз!
  54. Бир қошиқ қонимдан кечинг!
  55. “Бунда ҳам бир ҳикмат бор...” дейилади-ю ўзи...
  56. Катта илтимос Сиздан!
  57. Билмай қолибман, узр, кечирасиз!
  58. Ўтиниб сўрайман Сиздан!
  59. Мана шу хислатингизга тан бераман-да!
  60. Шу феълингизга гап йўқ-да!
  61. Сиздан роса ҳам миннатдорман!
  62. Ташаккурларим Сизга!
  63. Эътиборингиз учун катта раҳмат Сизга!
  64. Сизга катта раҳмат меҳрли эътиборингиз учун!
  65. Меҳрли эътиборингиз учун Сизга катта раҳмат!
  66. Сиз нима десангиз – шу!
  67. Сиз қандай айтсангиз, худди шундай бўлади!
  68. Бажарамиз! Хўп бўлади!
  69. Зўр!
  70. Жуда-жуда зўр!
  71. Гап йўқ!
  72. Қойил!
  73. Жуда ажойиб!
  74. Жуда ҳам чиройли!
  75. Мутлақо гап йўқ!
  76. Сизга ёқса – бўлди!
  77. Сизга ёққани – бизга ёққани!
  78. Ана энди кўнгилдагидай бўлди!
  79. Мана энди хотиржам бўлдим!
  80. Хизматингиздаман!
  81. Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
  82. Доим соғ-омон бўлинг!
  83. Ҳорманг!
  84. Жуда хурсанд бўлдим!
  85. Мен Сиздан кечирим сўрайман!
  86. Зўр чиқибди!
  87. Жуда ҳам зўр чиқибди!
  88. Олдиндан катта раҳмат Сизга!
  89. Умуман гап йўқ!
  90. Гап бўлиши мумкин эмас!
  91. Сизнинг ҳурматингиз биз учун чексиз!
  92. Сизнинг ҳурматингиз мен учун чексиз!
  93. Тарбиянгизга қойил қолдим!
  94. Сизга тарбия берган Ота-онангизга минг раҳмат!
  95. Тан бердим!
  96. Тан бермасдан иложи йўқ!
  97. Офарин!
  98. Узр! Узр! Узр!
  99. Мени кечиринг, илтимос Сиздан!
  100. Минг-минг-минг бор кечирим сўрайман Сиздан!

                          Чегараси йўқ) ...

*СИЗ яна қўшишингиз мумкин...

**ЭНГ муҳими:  жумлаларни ЎЗ ВАҚТИДА ва ЎЗ ЎРНИДА ишлатиш !!!

***ЭНГ асосийси:  ушбу сўзлар фақат ТИЛдан эмас, балки ДИЛ (!) дан чиқсагина СИР-АСРОРЛИ ва “СЕҲРЛИ” бўлади...  

Меҳрибон Парвардигоримиз ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Ўзи буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин! 

Иброҳимжон домла Иномов

Ибратли ҳикоялар