Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Май, 2025   |   14 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:34
Қуёш
05:08
Пешин
12:24
Аср
17:23
Шом
19:35
Хуфтон
21:03
Bismillah
12 Май, 2025, 14 Зулқаъда, 1446

Фотиҳа сурасининг тафсири ва фазилатлари

20.11.2017   43594   3 min.
Фотиҳа сурасининг тафсири ва фазилатлари

Фотиҳа сурасининг фазилатлари баён қилинган тафсир манбаларида унинг Қуръони карим маъноларини ўзида мужассам қилган ва улуғ фазилатларга эга сура сифатида ёритилган. Фотиҳа сураси етти оятдан иборат бўлсада, унда Ислом шариати буюрган барча амалларнинг мазмун-моҳияти муфассал равишда баён қилинган. Шу боис, “Уммул Қуръон”, “Уммул Китоб” ва “Асос” каби номлар билан аталган.

Ҳасан Басрий бу сура ҳақида: “Аллоҳ таоло аввалги китоблардаги барча илмларни Қуръонга жамлади. Сўнгра, Қуръонни ҳам муфассал ҳолда жамлаб, уни Фотиҳа сурасига киритди. Ким Фотиҳа сурасининг тафсирини билса, Қуръоннинг нозил қилинган барча маъноларини тушунибди”, деган.

Маҳмуд Замахшарий “Кашшоф” асарида қуйидагиларни келтиради: “Ушбу сурада Аллоҳ таолога ҳамд, Унга ибодат, амри-маъруф ва наҳий-мункар, ваъд ва ваъидлар зикр қилинган бўлиб, улар Қуръондаги барча оятлар маъносини ифодалайди”.

Фахриддин Розий “Мафотиҳ ал-ғайб” асарининг Фотиҳа сураси тафсирида: “Фотиҳа сураси илоҳиёт, охират, нубувват, қазо ва қадар масалаларини ўзида жамлагандир. Хусусан, сурадаги «Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким», (Фотиҳа сураси, 1-оят) ояти илоҳиётга далолат қилади. «...ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир», (Фотиҳа сураси, 3-оят) ёмонлик қилишдан қайтарилгани ва барча ишлар Аллоҳнинг қазои ва қадари билан бўлишига, «Бизни шундай тўғри йўлга  йўллагинки у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 5-7-оятлар) оятлари Аллоҳнинг қазоси ва нубувват масалаларига тегишлидир”, дейилади.

Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” асарига ҳошия битган табризлик аллома имом Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Тийбий “Шарҳ ал-Кашшоф” асарида олим Фотиҳа сурасини қуйидагича шарҳлаган: “Фотиҳа сураси диннинг устуни бўлган тўрт илмни ўз ичига олган. Биринчиси, шариатнинг асоси бўлган ва Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларини ўрганишга бағишланган илм. Ушбу маънолар «Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким, (У) Mеҳрибон, Раҳмли ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир» (Фотиҳа сураси, 1-3-оятлар)  оятларида жамланган.

Иккинчиси, ибодат масалаларига тааллуқли бўлган илм. Бу илмнинг барчаси «Сенгагина ибодат қиламиз…» (Фотиҳа сураси, 4-оят) оятида жам бўлган.

Учинчиси, камолотга етказувчи одоб-ахлоқ масалалари. Суранинг «…Сендангина ёрдам сўраймиз. Бизни шундай тўғри йўлга  йўллагинки…» (Фотиҳа сураси, 4-5-оятлар)  оятлари барча ахлоқий масалаларнинг мазмунини қамраб олади.

Тўртинчиси, ўтган солиҳ зотлар ва золим кимсалар тўғрисида хабар қилинган қиссалардир. Уларнинг етказилишидан мурод – яхшиларга берилган неъматлар ва ёмонларга кўрсатилган жазолардан ибратдир. Хусусан, сурадаги «у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 6-7-оятлар) ояти Қуръонда зикри келган барча қиссаларнинг мазмунини ифодалайди.

Имом Ғаззолийнинг “Ховосс ал-Қуръон ал-карим” асарида Фотиҳа сураси ҳақида бундай дейилган: “Сурада жамики итоат қилувчи солиҳ бандаларнинг сифати аниқ ва равон баён этилган. Шунингдек, Ҳақни инкор этувчи кимсаларнинг аҳволидан огоҳ қилинган. Аллоҳ таоло юборган оят ва мўъжизаларни инкор қилувчи кимсалар «…ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 7-оят) сўзлари билан ифодаланган. Бу эса Қуръонда зикри келган кофир ва золим қавм ҳамда шахсларга берилган мукаммал таърифдир. Оятдаги «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа сураси, 7-оят) жумласи ибодатлар ёлғиз Аллоҳгагина қилиниши, фақат Ундангина ёрдам сўраш лозимлигини англатади.

Шерзод УМАРАЛИЕВ,

Тошкент ислом университети магистранти

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Устозлар ва фахрий имомлар зиёрат қилинди

07.05.2025   3545   1 min.
Устозлар ва фахрий имомлар зиёрат қилинди

Бугунги кунда инсонийлик, қадр-қиммат ва маънавият каби олий тушунчаларни жамиятимизда мустаҳкамлашда илму ирфон соҳиблари, хусусан, диний соҳа устозлари ва фахрий имомларнинг тутган ўрни беқиёс. Шу маънода, ҳудудларда улуғ ва фахрий имомлар ҳамда ҳаёт тажрибаси бой устозларни зиёрат қилиш, уларнинг дуо-насиҳатларини эшитиш, ёш авлодга маънавий кўприк вазифасини ўтаётган муҳим амаллардан бирига айланмоқда.


Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигида устозлар ва фахрий имомлар билан учрашувлар ташкил этилди. Зиёрат чоғида уларнинг ўтган ҳаёт йўли, дин ва жамият учун қилган хизматлари, оғир шароитлардаги сабр ва матонатлари ҳақида самимий суҳбатлар бўлиб ўтди.


Ҳаётдаги барча неъматлар, тинчлик, эркин ибодат, илм олиш каби имкониятларнинг қадрини англашда ўтмишдаги оғир синов ва қийинчиликларни эслаш, улардан сабоқ чиқариш жуда муҳим. Зиёрат чоғида устозлар ўз ҳаётларидаги шундай даврлар ҳақида сўз юритар эканлар, “Бугунгидек шароит бизга насиб бўлмаган, ёшлар эса неъматлар қадрига етишлари лозим”, деган фикрларини баён этдилар.


Улар ўз насиҳатларида шукроналикни ҳаёт шиори қилиш, инсоннинг ўз аҳволига рози бўлиб, бирор неъмат берилар экан, ундан илм ва амал билан фойдаланиш кераклигини таъкидладилар.


Шунингдек, масжидларда фаолият қилаётган имомлар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этарканлар, уларга доимий изланишда, пок ният ва холислик ила хизмат қилиш лозимлиги ҳақида панду насиҳатлар қилишди. Бундай сўзлар ҳар бир ёш имомнинг қалбида масъулият туйғусини кучайтириши, шубҳасиз.

Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Устозлар ва фахрий имомлар зиёрат қилинди Устозлар ва фахрий имомлар зиёрат қилинди Устозлар ва фахрий имомлар зиёрат қилинди Устозлар ва фахрий имомлар зиёрат қилинди Устозлар ва фахрий имомлар зиёрат қилинди Устозлар ва фахрий имомлар зиёрат қилинди
Ўзбекистон янгиликлари