Мотуридийя мактабининг атоқли намояндаларидан бири Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад ан-Насафий, ал-Макҳулийдир.
У зотнинг исми Маймун бўлса-да, Абу Муин куняси билан шунчалик танилганки, куняси қўшиб айтилмаса ҳеч ким ёлғиз исми билан танимаган. Тўртинчи бобоси Муҳаммад ибн Макҳул (в.375ҳ.) ҳам Абу Муин куняси билан куняланган.
Унга Насафий нисбати берилиши Насафда таваллуд топгани учун бўлса, ал-Макҳулий нисбати берилиши бешинчи бобоси Макҳул ибн Фазлга нисбат бериш учун қўлланган, яъни макҳулийлар оиласидан деган маънода истеъмол қилинган.
Абу Муин Насафийнинг бобоси Абу Мутеъ Макҳул ибн Фазл Насафий (204-395ҳ) Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳу алайҳнинг шогирдларидан бири бўлган. Макҳул ибн Фазлнинг бир неча бебаҳо асарлари бор ва баъзилари бизгача сақланиб қолган.
Абу Муин Насафийнинг тўлиқ насаби Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазлдир[1].
Абу Муин Насафий бошланғич илмни оилада ўз отаси ва бобосидан олган. Шу билан бирга, илм учун Самарқанд, Бухоро шаҳарларига сафар қилган ва дарса олиб, кейин муайян вақт дарс бериш учун ушбу шаҳарларда яшаган. Илм сафарида замонасининг пешқадам имомларидан дарс олган.
Насафийнинг устозларидан бири Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Муса ибн Мужоҳид ан-Насафий ал-Паздавийдир. (421-493ҳ. 1030-1100м.) У зот Мотуридий эътиқодида муҳим асар саналган “Усул уд-дин” китоби муаллифидир.
Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла фи усулид дин”, “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид” ва “Баҳрул калом” асарлари бўлиб, уларнинг ўнлаб қўлёзма нусхалари дунё кутубхоналари фондида сақланмоқда. Бугунги асримизда мазкур уч асарнинг барчаси таҳқиқ қилиниб, дунёнинг турли жойларида нашр қилинди.
Яна бизгача етиб келмаган ёки бўлса ҳам ҳали нашр қилинмаган асарлари ҳам бор. Улар: “Шарҳул жомеъул кабир лиш-Шайбоний”[2] (Имом Муҳаммад Шайбонийнинг “Жомеъ ул-кабир” китобига шарҳ), “Маноҳижу аимма фил фуруъ”[3] (Фарий масалаларда имомларнинг йўллари) “Изоҳул маҳажати ли кавнил ақли ҳужжатан”[4] (Ақл ҳужжат қилинадиган ҳужжат эканининг изоҳи), “ал-ифсад ли хадъи аҳли илҳад”[5] (Куфр аҳлининг ёлғонини бузиш) ва “Сифатул калом”[6] (Калом сифати тўғрисида) каби асарларидир.
“Табсиратул адилла” асарини дунё мусулмонлари ўқиб-ўрганиб, унинг устида турли даражадаги илмий ишлар қилинган ва қилинмоқда. Абу Мансур Мотуридийнинг “Тавҳид” китоби ва Абу Муин ан-Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобини таҳқиқ қилган зотлар ёзган муқаддималарида “Табсиратул адилла” китобини қуйидагича эътироф қилади: “Абу Муин Насафийнинг шоҳ асари “Табсиратул адилла” Мотуридий мазҳабида Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳу алайҳнинг “Тавҳид” китобидан кейинги иккинчи китоб сананалади. Балки, “Табсиратул адилла” асари “Тавҳид” китобига шарҳ, тафсир ва баён деб эътибор қилинади. Чунки “Табсиратул адилла” асари кўп ўринда “Тавҳид” китобининг услубларини баён қилиб, унга нисбатан кенг қамровли ва тафсилотлар билан бойитилган асардир”.
Абу Муин Насафий “Табсиратул адилла” асаридек буюк бир асарни тасниф қилиш билан бирга, бутун оламга донг таратган шогирдларни ҳам тарбия қилган. Жумладан: Аъло уд-дин Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самалқандий (575ҳ), Абул Музаффар Исмоил ибн Адий ал-Талқоний (540ҳ), Садр ул-ислом Аҳмад ибн Муҳаммад Бухорий (482ҳ-542ҳ), Абул Ҳасан Али ибн Ҳасан ал-Балхий (548ҳ), Абул Фатҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Хулмий (547ҳ), Абдурашид ибн Нўмон ал-Валволижий (540ҳ), Маҳмуд ибн Аҳмад ас-Соғуржий (510ҳ), Маҳмуд ибн Зайд ал-Ломиший ва бошқалар.
У зотнинг шогирдларидан бири Абул Ҳафс Умар Насафий (461-537ҳ.) ундан ва яна бошқа кўплаб улуғ устозлардан дарс олиб Мотуридий мактабининг кўзга кўринган намояндаларидан бирига айланган. У тасниф қилган асарлар сони юзта бўлгани учун “Юз китоб соҳиби” деб ҳам лақабланади. Тасниф қилган асарларининг ичида “Ақоид ун-Насафия” модуридия ақидасининг жавҳари саналади. Мотуридий таълимотини тутган барча диёрларда “Ақоид ун-Насафия” китоби бирдек қабул қилинган, ўқиб-ўрганилган ва юздан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар битилган. Шунинг учун бу асар асрлар бўйи мадарасаларда давомий дарслик бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Бунинг сабаби у моҳиятан Абу Мансур Мотуридийнинг “Тавҳид” ва Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобига мухтасар шарҳдир. Ҳожи Халифа ўзининг “Кашфуз зунун” китобида “Табсиратул адилла” асарини танитиш ниҳоясида: “Ким “Табсиратул адилла”га назарса солса, Умар Насафийний “Ақоид ун-Насафия” асари “Табсира адилла”нинг фиҳристи эканини билади”[7], дейди.
Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” (Самарқанд олимлари зикрида қанд китоби) асарида “Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари Абу Муин Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, у таратган зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртганлар”, дейди.
Ҳа, ақоид илмида битилган барча манбаларда, шарҳ ва ҳошияларда Абу Муин Насафий ва “Табсиратул адилла” асарининг зикри қайд қилинади. Унда баён қилинган нарсалардан иқтибос келтирилади ёки ундаги баён қилинган ҳукм эътироф этилади.
Хулоса шуки, Абу Муин Насафий “Табсиратул адилла” асари ва Абул Ҳафз Умар Насафий сингари шогидлари билан мусулмонларнинг эътиқодини бирлаштириб келган. Тарих китобларида жаннатмонанд диёримиз анҳорлари, боғу бўстонлари ва гўзал шаҳару қишлоқлари мадҳ қилиниши билан бирга мусулмонлар оммаси аҳли сунна вал жамоа эътиқодида жам бўлган деб мақталади. Албатта, мусулмонларнинг бир эътиқодда жам бўлишида Имом Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий ва бошқа издошларининг катта хизматлари бор.
Ақоид илми илмлар ичида энг шарафлисидир. Фақат соф ва тўғри ақоид инсоннинг дунё ва охиратда бахт ва нажотга эришишига сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг эътиқоди софлигига хизмат қилган зотларни қуйидагича мадҳ қиладилар:
عَنْ إِبْرَاهِيمَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ الْعَذَرِىِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " يَحْمِلُ هَذَا الْعِلْمَ مِنْ كُلِّ خَلَفٍ عُدُولُهُ، يَنْفُونَ عَنْهُ تَحْرِيفَ الْغَالِينَ، وَانْتِحَالَ الْمُبْطِلِينَ، وَتَأْوِيلَ الْجَاهِلِينَ " رواه البيهقي[8]
Иброҳим ибн Абдураҳмон ал-Узрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир замонларда адолатпеша инсонлар (мўътадиллик) ҳаддидан ошганларнинг нотўғри талқинини, лаёқатсиз кимсаларнинг асоссиз тасдиқлашини ҳамда нодон кимсаларнинг таъвилларини инкор этган ҳолларида бу илмни ҳимоя қиладилар”, дедилар (Байҳақий ривоят қилган).
Мазкур ҳадиси шарифда тўғри йўлдан адашган, асосиз нарсаларни ўзларига ҳужжат қилиб олиб бошқаларни чалғитадиган ва илмсизликдан оят ва ҳадисларни нотўғри таъвил ва талқин қиладиган кимсаларни тўғри йўлга соладиган ва мусулмонлар оммасини соф ақоидга бошлайдиган инсон ўз замонасининг адолатпеша инсони деб зикр қилинмоқда.
Абу Муин Насафий ўз замонасида барча адашган инсонларга ҳидоят йўлини баён қилган, ҳадиси шарифда баён қилинганидек, адолатпеша инсонлардан биридир. У зот Мотуридий ақоидининг бизгача етиб келишида силсиласининг гўё катта ҳалқасидекдир.
2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги видеоселекторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: “Қашқадарёда – Абул Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади”, деган эди.
Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббусини халқимиз хурсанд бўлиб қабул қилди. Бугун ана шу илмий мактаб ўзи ишини бошлади. Бу илм даргоҳларидан яна кўплаб насафийлар чиқишини умид қиламиз. Ҳақиқатан, бугунги кунда орамизда динда ғулвга кетган адашганлар ёки бепарволикдан эътиқод нима эканидан хабари йўқ инсонлар борлиги учун халқимизнинг яна адолатпеша инсонларга эҳтиёжи бор.
Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударрисин
Абулвафо ал-Қурайший. “Жавоҳирул музийя фи табақотил ҳанафия ”.
Байрут: “Дорул кутубил илмийя”, 411-бет.
[2] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Биринчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, 338-бет.
[3] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Иккиннчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, 1846 бет.
[4] “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид” ва ““Табсират ул-адилла” Биринчи жуз. 285-бет.”
[5] “Табсират ул-адилла” Биринчи жуз. 837-бет. Бу Ботинияларга раддия учун тасниф қилинган.
[6] “Табсират ул-адилла” Биринчи жуз. 281-бет.
[7] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Биринчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, 338ва570 бетлар.
[8] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хатиб табризий. “Мишкотул Масобиҳ” Биринчи жуз. Байрут. “Дорул фикр”. 115-бет.
Баъзи уламолар инсоннинг ҳаёт билан видолашув дамларини “сафар чоғи”, “сафар соати” дейишади. Хусусан, машҳур олим Оиз Қарний “Саҳобалар ҳаётидан хотиралар” китобида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг “сафар соати” ҳақида сўз юритиб, бу вақтнинг ростгўйлик, руҳнинг покланиши, ошкоралик ва шаффофлик онлари эканини таъкидлайди.
Бу вақтда ўлим тўшагида ётган инсондан дунё безакларига интилиш, иғво, мунофиқлик, сохтакорлик каби иллатлар чекинар ва у ўзининг ҳақиқати билан ёлғиз қолади. Ҳатто Фиръавн ҳам жон бериш онида ичидаги махфий ҳақиқатни ошкор қилиб, бундай деган:
لا إِلَهَ إِلا الَّذِي آَمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ
“Иймон келтирдимки, Исроил авлоди иймон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман” (Юнус сураси, ٩٠-оят).
Машҳур саҳобий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётаркан, юзини деворга буриб олганди. Атрофида ўтирган дўстлари ва ўғли Абдуллоҳ Амр ибн Осга Мисрни фатҳ этиб, Исломнинг ёйилишига катта ҳисса қўшганини, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлишини эслатар, у зот бўлса, ўзини қандай оқибат кутаётганини билмагани боис қўрқувдан йиғларди.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу сўнгги лаҳзаларини бошдан кечирар экан, яшаб ўтган ҳаётини хотирлаб, бундай хулосага келади: “Менинг умрим уч босқичда ўтди. Исломдан олдин жаҳолат босқичида яшадим. Ўша пайтда энг ёмон кўрганим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Ҳар қанча ҳийла-найранг ишлатиб бўлса ҳам, у зотни ўлдиришга тайёр эдим. Исломни қабул қилгач, Мадинага ҳижрат қилдим. Бу ҳаётимдаги иккинчи босқич, яъни куфрдан Исломга ўтиш босқичи эди...”
Амр ибн Ос Маккадан Мадинага Холид ибн Валид билан бирга ҳижрат қилганди. Улар Мадинага яқинлашаркан, Амр ибн Ос Холид ибн Валидга: “Ё олдинда юр ёки орқада қол. Менинг гуноҳларим кўп. Расулуллоҳга улар ҳақида айтмоқчиман. У зот билан ёлғиз қолишни истайман”, деди. Шундан сўнг Холид ибн Валид олдинга ўтиб кетди. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Қўлингизни беринг, байъат қиламан”, деди.
Расулуллоҳ Амр ибн Осга байъат учун қўлларини чўзганларида, у пайғамбаримизнинг муборак қўлларини маҳкам ушлаб олди. Набий алайҳиссалом: “Сенга нима бўлди, эй Амр?” деб сўрадилар. Амр ибн Ос: “Мен шарт қўймоқчиман, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. У зот: “Нимани шарт қўясан?” дедилар. Амр ибн Ос: “Раббим ўтган гуноҳларимни мағфират қилишини шарт қилиб қўяман”, деди. Амр ибн Ос жоҳилият даврида Исломга қарши жангларда қатнашган ва кўпгина гуноҳ ишларга қўл урганди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Амр, билмайсанми? Ислом ўзидан олдинги нарсаларни йўқ қилади (гуноҳларни кечиради)”, дедилар.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: «Қўлимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларига қўйиб, байъат қилдим. Шундан сўнг муҳаббат ва итоаткорлик ила у зотга ҳамроҳ бўлдим. У зот мен учун инсонларнинг энг севимлиси эдилар. Исломдан аввалги нафратим муҳаббатга айланди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳурматим сабабидан у зотга тик қарай олмаганман. Агар мендан у зотни тасвирлаб беришимни сўрасангиз, бу ишни уддалай олмайман. Чунки у зотга бўлган муҳаббатим, эҳтиромим ва ҳаёим сабабли Расулуллоҳнинг юзларига қарай олмаганман. Ана шу муҳаббат туфайли қайтадан дунёга келгандек бўлдим... Кошкийди, ўша ҳолатимда вафот топган бўлсам. Чунки мазкур ҳолат дин учун кураш, илм, тавба ва ҳидоят каби ҳис-туйғуларни ўзида жамлаганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг ўзгариб қолдим. Бу ҳаётимнинг учинчи босқичи эди. Бу босқичда дунё мен билан ошкора ўйин қилди. Сиффин ва Жамал каби фитнали ҳодисалар содир бўлди. Аллоҳга қасам, жаннатга кираманми ёки дўзахгами, билмайман!.. Ҳозир биргина калима бор, холос. Уни Аллоҳнинг ҳузурида ўзим учун ҳужжат қиламан. Бу: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир” калимасидир».
Шундан сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу кафтини маҳкам сиқди ва руҳи танасидан чиқиб кетди. Унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Амр айтади: “Отамни ювгани олиб кирдик. Ғассоллар унинг бармоқларини ювиш учун очмоқчи бўлдилар, лекин улар маҳкам сиқилганди. Сўнг уни кафанлаш учун бармоқларини очдик, лекин улар яна ёпилиб қолди. Уни қабрга қўйганимизда ҳам қўллари маҳкам сиқилганди”...
Ушбу воқеа замирида барчамиз учун улкан сабоқ бор. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг нақадар самимийлиги, тавҳид калимасини дили ва тилида маҳкам тутиб, Раббисига юзланганига ҳавасдамиз, албатта.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу умрини уч босқичга бўлди. Бизнинг “сафар соати”миз қандай кечаркин? Ҳаётимиз неча босқичдан иборат бўлади? Умримиз қандай кечяпти? Раббимиз биз ожиз бандаларига бу борада ҳам Ўз “таклиф”ини тақдим этган. Оли Имрон сураси ٨-оятида бундай дуо бор:
رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الْوَهَّابُ
“Роббанаа лаа тузиғ қулуубанаа баъда из ҳадайтанаа ваҳаб ланаа мил-ладунка роҳмаҳ. Иннака антал Ваҳҳааб”.
“Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан”.
Меҳрибон Зот барчамизни ушбу дуо-оят ҳақиқати билан ризқлантирсин!
Мавжуда НУРИДДИНОВА
тайёрлади.