Аввал, 18 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш борасидаги вазифалар ижроси ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари юзасидан диний соҳа ходимлари иштирокида мажлис бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, манманлик, кибр ва ҳаддан ошиш инсон зотига ярашмайдиган хунук иллат экани, зўравонлик, зулм эса оғир гуноҳ эканини алоҳида таъкидлаб, қуйидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни изоҳладилар:
Аллоҳ таоло шундай огоҳлантиради:
إِنَّمَا السَّبِيلُ عَلَى الَّذِينَ يَظْلِمُونَ النَّاسَ وَيَبْغُونَ فِي الْأَرْضِ بِغَيْرِ الْحَقِّ أُولَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
яъни «Инсонларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақ зўравонлик – кибру ҳаво қиладиган кимсаларнинг – ана ўшаларнинг жазоси аламли азобдир» (Шўро сураси, 42).
Демак, жиноят содир этиб инсонларга зулм қиладиган, одамларнинг жонлари-ю, молларига зуғум ўтказадиган зўравонларнинг жазоси аламли азоб экани ояи каримада баён қилинмоқда.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:
إِنَّ اللَّهَ أَوْحَى إِلَيَّ أَنْ تَوَاضَعُوا ، حَتَّى لَا يَبْغِي بَعْضُكُمْ عَلَى بَعْضٍ ، وَلَا يَفْخُر أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ
«Аллоҳ таоло менга тавозеъли бўлишингизни ваҳий қилди. Токи бир одам бошқасига зўравонлик қилмасин, бир одам бошқасидан ўзини устун қўймасин» (Имом Муслим ривояти).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَا مِنْ ذَنْبٍ أَجْدَرُ أَنْ يُعَجِّلَ اللَّهُ لِصَاحِبِهِ الْعُقُوبَةَ فِي الدُّنْيَا مَعَ مَا يَدَّخِرُ لَهُ فِي الْآخِرَةِ
«Аллоҳ гуноҳ қилган кимсага ҳам бу дунёда жазо бериб, ҳам охиратга насиба – азоб ҳозирлаб қўйиши учун зўравонлик ва қариндош-уруғчилик алоқаларини узишдан кўра лойиқроқ гуноҳ йўқ» (Имом Термизий ривояти).
Имон инсоннинг қалбида бўлади. Қалби имон билан тўлган инсон ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг омонатига хиёнат қилмайди ва бошқа бир кишига зарар бермайди. Бундан инсонлар ўзларига етарли хулоса чиқариб, Аллоҳнинг амру фармонига итоат этган ҳолда ўзаро аҳил ва иноқликда яшашлари даркор бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
* * *
Шу ўринда манманлик ва кибр тўғрисида мухтасар келтирамиз. Бизда “манманлик” дейиладиган салбий сифат араб тилида “ужб” деб аталади. Бунда киши ўзида бор нарсалардан ўзи ажабланади ва бировларга мақтанади. Уламолар манманликни қуйидагича таърифлашган: “Ужб – манманлик неъматни ўзининг фазлидан деб ишониш ва неъмат берувчи Зотни унутишдир”.
Муҳаққиқ уламолар манманлик билан кибрнинг орасида нозик фарқ борлигини таъкидлаганлар.
Кибр ички хулқ бўлиб, ундан амаллар содир бўлади. Мазкур хулқ ўзини устидан кибр қилинаётган шахсдан юқори қўйишдир. Манманлик эса тасаввурдан иборат бўлиб, унда манмандан бошқа одам бўлиши шарт эмас.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Бир киши изорини кибр билан судраб бораётганида, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат кунигача ерга пастлаб бораверади” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ва Аҳмад ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтган умматлардан бир киши ўзининг чиройи, кийимига зеб бериб, кеккайгани қандай оқибат билан тугаганини ажойиб васф қилиб бериш ила биз мусулмонларни ўша шахсга ўхшаб қолишдан қайтармоқдалар.
Мазкур иллатлар чалинган одам сочини ҳавас билан ўстирар экан. Унинг сочи елкасига тушиб турар, кийимини ҳам бошқаларга кўз-кўз қилиш учун танлаб кияр экан. У кунларнинг бирида ўзининг сочи шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганида, бирдан уни ер ютиб юборди.
Бунга ўхшаш нобакорликларни, ўзини ўзгалардан арзимаган нарса билан устун қўядиганларни, кийими билан манманлик қиладиганларни ер ҳам ўз устида кўтариб юрмай ютиб юборишга тайёр экан. Аммо шу билан иш битиб қолмайди, балки – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек – энди у қиёмат қоим бўлгунча пастга тушиб бораверади. Яъни, охиратгача ер ютиш азобини чекиб, қийналиб туради. Қиёмат куни эса унинг аҳволи қандай бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади!.. Ким ана шундай ёмон аҳволга тушмай деса, зинҳор кибр қилмасин, ўзини одамлардан устун қўймасин.
Одилхон қори Юнусхон ўғлининг
“Камтарлик ва кибр” китоби асосида тайёрланди
Ота-оналар ўғилларига Муҳаммад деб исм қўйишни афзал кўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари саҳобалар давридан бошлаб ҳозиргача У зот алайҳиссаломга муҳаббат юзасидан фарзандларга қўйиб келинади. Қолаверса, бир қанча ҳадиси шарифларда, уламоларнинг сўзларида бу муборак исмни фарзандларга қўйиш тавсия қилинган ва мақталган. Жумладан Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, деганлар.
Имом Молик разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мадина аҳли шундай дер эди: “Муҳаммад исмли кишиси бор ҳеч бир оила йўқки, унга кўплаб яхшиликлар берилмаган бўлса”.
Аммо, “қасамки, кимки сенинг исминг Муҳаммад билан аталса, ҳеч қачон дўзах ўти унга тегмайди”, “Қиёмат куни, эй исми Муҳаммад бўлган банда, жаннатга кириш учун ўрнингда тур, деб нидо қилинади” каби уйдирма ҳадислар кўплаб учрайди. Мазкур муборак исмга оид бир қанча уйдирма ҳадислар китобларга кириб қолганини уламолар аниқлаган ва мусулмонларни огоҳ этиш учун уйдирма ҳадисларга оид ёзган китобларига киритганлар.
Муҳаммад исми дўзахдан асраши, қиёматда фойда бериши каби фазилатлар баён қилинган юқорида зикр этилган ҳадислар ҳақида Имом Шомий асарида бундай деган: “Муҳаммад исми бандага фойда келтириши ҳақида биронта саҳиҳ ҳадис йўқ”.
Бакр Абу Зайд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Муҳаммад ёки Аҳмад исмли кишини мақтагани ёки бировни бу икки исм билан чақиришни ман қилгани ҳақидаги ҳар қандай ҳадис саҳиҳ эмас” (“Тасмиятул мавлуд”, 17-бет).
Яна бир муҳим жиҳат, бу исм шарафли исмлардан, аммо исм инсонга одамлар орасида афзаллик бермайди. Агар бу исмни бирор инсонга қўйилса, ўша инсоннинг исми ҳисобланади. Бу инсонни чақирилса ёки исми айтилса, унга саловат айтиш каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга оид ҳукмлар қилинмайди.
Асосий ва муҳим жиҳат Муҳаммад деб номланиш эмас, балки У зотга эргашиш эканлигини уламолар таъкидлаганлар. Инсонга солиҳ амаллари ва Аллоҳдан қўрқиши дунё ва охиратда фойда беради.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.