Бугун юртимиз кўркига кўрк қўшиб турган гўзал масканлар бисёр. Истироҳат боғлари, дам олиш ва маданият саройлари, ҳайвонот боғлари каби хордиқ чиқариш жойлари беқиёс. Буларнинг барчаси халқимизнинг бўш вақтини мароқли ўтказиш, ақлий ва жисмоний меҳнатдан толиққан пайтларида оиласи, яқинлари ва фарзандлари билан сайр қилиб, маданий хордиқ чиқариб, озгина тафаккур қилиб, дам олишлари учун мўлжалланиб, барпо қилингандир.
Бироқ сўнги пайтларда бу жойлар ўз зиммасига юклатилган вазифани қўлдан бой бергандек, тафаккурга ва эҳтиромга ундайдиган, кимлигимизни ёдимизга солиб туриш учун, уларнинг қолдириб кетган панду-насихатларини эслаб, фойдаланишимиз учун суратлари-ю сийратлари, гўзал ибратли сўзлари битилган аждодларимиз тимсоллари ўрнашган бу гўзал масканлар бугун бузуқлик, шармандалик ва маъсият ўчоғига айлангандек...
Пана-пастқам жойларда, чеккароқдаги ўриндиқларда бир-бирини пинжига суқилиб, беҳаёларча қилиқлар қилаётган йигит-қизларни кўрганингда, ёнингдаги ҳамроҳинг, фарзандларинг олдида ноқулай аҳволга тушиб қоласан. Уларнинг эса парвойи фалак. Гўё бу дунёда улардан бошқа одам йўқдек, уларни ҳеч ким кўрмаётгандек. Улар ўзларининг бу жирканч эҳтиросларига, беҳаё юриш-туришларига “муҳаббат” номли гўзал либосни ниқоб қилиб олишган.
Беихтиёр ўйланиб қоламан... хўш, биз қачон бу аҳволга тушдик? Ёшларимизни бу қадар атрофдагилардан уялмай, заррача тап тортмай, очиқ ойдин фаҳш ботқоғига ботиб бораётганига ким айбдор? Жондан азиз фарзандини балоғат ёшига етганини сезиб, унга оталик насиҳатини қилишни билмаган ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бир фарзанд кўрса, унинг исмини ва одобини чиройли қилсин. Агар балоғатга етса уни уйлантириб қўйсин. Агар фарзандини уйлаб қўймаса ўша фарзандга етган ҳар бир гуноҳдан отасига ҳам улуш етиб туради”, (Имом Байхақий ривояти) деган сўзларидан бехабар юрган ёки хабардор бўлса ҳам, болам пул топсин, озгина ишлаб мени топаётган пулимнинг қадрига етсин дея фарзандини уйлантиришга шошилмаётган ОТАЛАРМИ?
Ёки бўлмаса севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар сизлардан бирорталарингизнинг қизингизга дини ва хулқ-атвори сизларни рози қиладиган йигитдан совчи келса, қизларингизни унга никоҳлаб беринглар. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва кенг фасод пайдо бўлур”, (Имом Термизий ривояти) деган насиҳатларига амал қилмай, келган совчиларга “қизининг ёшлиги” ва “ўқиши”ни баҳона қилиб, аслида бадавлат уддабурон куёвни кутаётган ОНАЛАРМИ?
Ёхуд “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин. Албатта у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир”, (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти) деган тарғиботни ҳаётига тадбиқ этмай ўз шахвоний нафсини харом йўллар билан қондириб юрган ЙИГИТЛАРМИ?
Балки, бундай бузуқликларнинг кўпайишига Аллоҳ таолонинг: «Албатта, имон келтирган кишилар ўртасида ёмон гаплар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. (Ҳамма нарсани) Аллоҳ билур, сизлар эса билмассиз», (Нур сураси, 19-оят) деган сўзидан бехабар ҳолда ижтимоий тармоқларда фахшга, бузуқликка тарғиб бўлувчи расмлар, видеолар, латифалар ҳамда ҳикояларни тарқатаётганлар сабабчидир.
Эҳтимол бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимки бир ножўя ишни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар унга қодир бўлмаса тили билан ўзгартирсин. Агар унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан ўзгартирсин. Мана шу (учинчиси) имонларнинг заифидир” (Имом Муслим ривояти) деган қайтариқларига амал қилмаётган, бепарво ўтиб кетаётган биз каби лоқайд инсонлар айбдордир?
Саволлар кўп, жавоблар бисёр, лекин ечим фақат битта, тўғри жавоб шу: биз никоҳ аталмиш суннатга эътиборни кучайтирмоғимиз лозим. Чунки шахвоний нафсларни қондиришнинг ҳалол йўли бўлган, ер юзида соф Ислом табиатида туғиладиган инсон зурриётининг бардавом бўлишига сабабчи бўлган бу никоҳ “кўприги”ни қуришга ҳаммамиз бирдек масъулмиз. Аллоҳ таоло айтади: «Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир», (Нур сураси, 32-оят).
Баъзи муфассирларимиз ушбу сурадаги «уйлантирингиз» ояти бутун мусулмонлар оммасига қилинган хитоб деб айтишган. Демак, никоҳ ёшидаги фарзандларини никоҳлаб қўйиш агар ота-онаси бўлса уларга, агар бўлмаса қариндош уруғларига, улар ҳам бўлмаса яқинлари, маҳалла аҳиллари ва барча мусулмонларга вожиб бўлади. Демак, жамият ислоҳи учун ҳаммамиз масъулмиз. Жамиятга зарар келтирадиган чиркин, разил ва келажагимиз учун хатарли бўлган бузуқликларнинг барча турарига қарши бирга курашайлик.
Ёрбек ИСЛОМОВ
Учкўприк тумани “Шоҳ муқаддам” жоме масжиди ноиб имоми
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Айтинг-чи, Қуръонда нечта ҳукмий оят бор? Энг узоғи 500 та ҳукмий оят бор. Ҳукмга доир нечта ҳадис бор? Баъзи уламолар 500 та дейишган, баъзилари 700, 1000, 1500, 2000, 3000 гача дейишган. Мен фақат ҳукмга доир ҳадисларни айтяпман. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислар нечта? 8 мингтадан 12 мингтагача дейилган. Умуман олсак, суннат захирасида нечта аҳком ҳадислари бор? Юқорида айтганимиздек, 500, 1000, 2000, 3000...
Қуръондаги ҳукмга оид оятлар билан қўшганда, 5000 та дейлик. Лекин ҳаётда миллионлаб, ўн миллионлаб масалалар бор-ку. Шулардан тахминан 5000 тасига Қуръон ва Суннатдан далил топармиз. Лекин қолган миллионлаб масалаларга-чи? Шахсий масалалару, муомалот бобини қўйиб турайлик, намознинг ўзини олсак, ундаги ҳолатларнинг майда тафсилотларига бу 5000 танинг ичидан далилни топа олмасак-чи? Икки йўлдан бирини танлаш керак бўляпти. Агар Қуръон ва Суннатнинг зоҳирига чекланиб қолсам, Қуръондаги «У ҳар бир нарсани баён қилувчидир» деган оятни ёлғонга чиқаришимга тўғри келиб қолади. Аллоҳ асрасин, ҳатто намоздаги ҳамма ҳолатларни тўлиқ баён қилиб бера олмаса, қандай қилиб ҳар бир нарсани баён қилувчи бўла олади?! Агар фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи билангина чеклансам, гўёки динсизликка чақираётган бўлиб қолар эканман, чунки ҳаётнинг ҳамма жабҳаларига ҳукм топиб бера олмай қоламан. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: «Бу кун динингизни мукаммал қилиб бердим», деяпти. Демак, бу дин мукаммал бўлиши керак. Лекин Қуръон ва Суннатда кийим-кечак, самолёт, автомобиль, ширкатлар ва бошқа минглаб ижтимоий масалаларга тегишли очиқ ҳукм топа олмайман, чунки мен далилларни шу икки манбага, улардаги муайян ададга чеклаб қўйган бўламан.
Мана шунинг учун дин душманлари динни йўқ қилиш, уни амалдан чиқариб юборишни даъво қилишяпти. Ташаддуд ва таҳаллул йўналишлари мана шунга чақиришяпти, яъни Исломни далилларнинг зоҳири билан чеклаб қўйишга ҳаракат қилишяпти. Хўш, унда нима бўлади? Одамлар муомалотда (яъни ўзаро олди-берди, оилавий масалалар, даъволашув ишлари, мерос борасида), умуман олганда, юриш-туришда диндан узоқлашиб кетади. Далилларнинг фақат зоҳирига амал қиламан деса, ҳаётнинг жуда оз жабҳаларидагина Исломга амал қила олади.
У ҳолда қолган амалларнинг ҳукми нима бўлади? Уларни қаердан оламиз? Аллоҳ таоло бу саволга: «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг», деб жавоб берди. Демак, бундан бошқа ҳукмлар ижтиҳод, истинбот, яъни далилдан ҳукм чиқариш орқали олинади. Мана шу йўл, яъни ижтиҳод қилиш саҳиҳлигига чексиз далиллар бор.
Демак, яна мавзуимизга қайтсак. Ҳар бир масалага далил керак, лекин «Далил – фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи» десак, қийин аҳволда қоламиз. Қуръон ва Суннатда очиқ далили бор масалалар барча масаланинг ҳукмини олишга етарли эмас. Шунинг учун бу нотўғри йўлдир, чунки масалалар шу қадар кўпки, «Ўн мингта масаладан биттасига очиқ-ойдин далил бор», десак ҳам, муболаға қилмаган бўламиз. Ўн мингта масаладан биттасига! Эътибор беринг, далили Қуръон ва Суннатда бор бўлган масалалар ўн мингта масаладан биттасига тўғри келади.
Шунинг учун биз «Ҳар бир фиқҳий масаланинг далили бор» деганда, умумий далилларни, қиёс ва қоидаларни ҳам тушунамиз. Далилсиз бирон масала йўқ, дегани мана шудир. Масалани тор олиб, «Далил - фақат Қуръон ва Суннат» десак, ўн мингта масаладан биттасига далил топа олар эканмиз. Шу эътибордан, агар мендан ўша ўн мингта масаладан биттасининг ҳукмини талаб қилиб, қолган барча масалани инкор қилсангиз, Исломни бекор қилган бўласиз. Ташаддуд йўналишига чақирадиганлар шундай қилишяпти.
Биз улар ҳақида ҳазил қилиб, бундай деймиз: «Уларнинг олтмишта масаласи бор, Ислом шу олтмишта масаладан иборат, тамом. Қолган жабҳалар Ислом эмас. Улар учун Ислом нима? Фақатгина шанба куни рўза тутиб бўлмайди, йигирма ракат намоз йўқ, калта иштон кийиш керак, соқол ва шунга ўхшаган саноқли гапларни айлантираверишади».
Лекин муомалот масаласи, шахсий ҳолатлар ҳақидаги масалалар, давлат ишлари ҳақида гаплашайлик, десангиз, ҳеч нарса билишмайди, чунки улар Исломни ўн мингта, балки миллионта масаладан биттагинаси билан чеклаб қўйишди. Ёмон хулқлар, такаббурлик, тасарруфотлар, мусулмонларни ўлдириш, ҳаром ишларни ҳалол санаш ва бошқа мавзулар билан уларнинг иши йўқ. «Мен фақат далилга эргашаман», дейишади. Қандай далилга? Сен гумон билан даъво қиляпсан. Сен бу ишинг билан шариатни тўхтатишга, уни бекор қилишга даъват қиляпсан. Сен ҳар бир масалага очиқ-ойдин далил талаб қилсанг, бу нарса зоҳиран яхши ишдек кўринаверади, лекин аслида бу динни, унинг ҳукмларини емириш бўлади, шариатнинг аҳкомларини бекор қилиш бўлади.
Ҳар бир масалага далил топасиз, лекин ўша далил Қуръон ва Суннатдан келиб чиққан қоидалардан бўлади. Юқорида ҳам айтдик, ҳанафий мазҳаби қоидалар мажмуасидир, Қуръон ва Суннатдан хулоса қилиб олинган қоидалар тўпламидир. Қуръон ва Суннат асосида қоидалар ишлаб чиқилган, ана шу қоидалардан эса фиқҳий масалалар келиб чиққан. Демак, бизнинг далилимиз ҳам Қуръон ва Суннатдан олинган, лекин ўртадаги маълум восита орқали олинган. Ҳукм қоидадан олинган, қоида эса Қуръон ва Суннатдан олинган. Бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳар бир ҳукмнинг далили борлиги мана шудир. Истисносиз, миллионта фиқҳий масала бўлса ҳам, мана шу йўл билан унинг далилини топаверасиз. Лекин Қуръон ва Суннатдан очиқ-ойдин далил қидирсангиз, ўн мингта масаладан биттасига далил топасиз, холос.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан