Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Январ, 2025   |   2 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:32
Аср
15:23
Шом
17:08
Хуфтон
18:27
Bismillah
01 Январ, 2025, 2 Ражаб, 1446

Бирдамлик ва ҳамжиҳатлик осойишталик омили

18.11.2017   7304   4 min.
Бирдамлик ва ҳамжиҳатлик осойишталик омили

Баъзи қўштирноқ ичидаги тоифалар томонидан Ислом дини таълимотининг нотўғри талқин қилиниши, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, “Ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган бўлиб, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Учинчи маъноси – итоат бўлиб, бундан Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилиш ҳаракатида бўлиши лозим, деган хулоса чиқади.                               

Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни қоралайди, ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Ислом дини ёвузликка қарши курашда ҳам адолат ва инсонпарварлик меъёрларидан ташқари чиқмасликка буюради. Дин ва миллатидан қатъи назар, тинч, осуда яшаётган халқларга нисбатан тажовузкорлик қилмасликка ундайди. Ислом  дини ўзга дин вакиллари билан ҳамжиҳатликда ва улар билан гўзал услубда мунозара қилишга буюради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «й, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар» (Анкабут сураси, 46-оят).  

Бошқа дин вакили билан чиройли муносабатда бўлиш нафақат Қуръон карим оятларида балки, Набий (алайҳиссалом)нинг ҳадисларида ҳам учратамиз.  Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан боришга чақирдилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Ким ғайридинга азият берса, менга азият бергандай бўлади, ким менга азият берса, қиёмат куни унга хусуматчи бўламан”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда бундай деганлар: “Ким ғайридин ёки аҳдлашилган бошқа дин вакилини ўлдирса жаннат ҳидини ҳам ҳидламайди”.

Ислом дини зулм, тажовузкорлик адолатсизлик, турли фирқаларга бўлиниш каби разил ишларни қоралайди ва улардан ҳазар бўлишга буюради. Тинчлик-хотиржамлик каби неъматларни берган Аллоҳ таоло инсонларни турли фирқа ва гуруҳларга бўлиниб кетишдан ва бир-бирларига душманлик қилишдан қайтарган ҳамда бунга эришишнинг асосий йўли сифатида Қуръони карим ҳукмларидан чекинмасликка буюриб бундай деган: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади!» (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Ислом дини ўзга дин вакиллариларга ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишга чақиради. Ислом ўзидан аввалги самовий динларни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Маданияти ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган бошқа миллатларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.

Аллоҳ таоло юртимиздаги барча миллат ва элатларни, дин вакилларини бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб, осойишта ҳаёт кечимоқликларини насиб этсин, турли хил ихтилоф, келишмовчик ва зиддиятлардан, биз билган ва билмаган ҳар қандай бало-офатлардан Ўз паноҳида сақласин.   

Абдутолиб ИСАҚОВ 

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани

 “Оқ масжид” жоме масжиди имом-хатиби

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Дам олиш кунларингизни қандай ўтказасиз?

27.12.2024   35473   3 min.
Дам олиш кунларингизни қандай ўтказасиз?

1. Диний ибодатларни бажариш

1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.

1.2. Рўза тутиш. Қазо ва нафл рўзаларни тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.

1.4. Таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).

 

2. Оилага яхшилик қилиш

2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).

2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 

3. Илм олиш, китоб ўқиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.

 

4. Тафаккурга вақт ажратиш

Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.

 

5. Муҳтожларга ёрдам бериш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).

 

6. Силаи раҳм қилиш

Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин) (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).

 

7. Спорт билан шуғулланиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.

 

8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).


Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!

Даврон НУРМУҲАММАД