Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратиб, унга кўп фазилатлар ато этди. Ана шундай фазилатлардан бири камтарликдир. Динимиз таълимоти мўмин-мусулмонларни ушбу сифатга эга бўлишга тарғиб қилади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” (Исро сураси, 37 оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки, “Бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бировга нисбатан такаббурлик қилмасин, бирон кимса бошқа кимсага зулм қилмасин” (Муслим ривояти).
Ояти карима ҳамда ҳадиси шарифда камтар, хокисор бўлиб, кибру ҳавога берилмасдан, ҳаддини унутмасдан, мол-дунёга, мансаб-мартабага, шон-шуҳратга эришганда, бошқаларга паст назар билан қарамасдан, барча инсон Яратганнинг бандаси эканини унутмасдан ҳаёт кечириш зарурлиги таъкидланмоқда.
Камтарлик ва хокисорлик сифатига эга бўлган киши нафақат эл-юрт олдида, балки Аллоҳ таоло даргоҳида ҳам мақтовга лойиқдир. Бундай инсонлар ҳар қачон ўз ҳурматларини сақлай билиш билан бир қаторда, ўзгаларнинг қадр-қимматларини ҳам ўрнига қўяди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди”, деганлар (Муслим ривояти).
Агар акси бўлса, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобига дучор бўлади.
Инсоннинг тупроқдан яратилишининг ҳикматларидан бири тупроқда вазминлик, камтарлик, хокисорлик хусусиятлари мавжуд. Демак, инсон ўзининг аслига боқиб, ана шунга монанд тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим. Манманлик қилиб, ўзгаларга беписанд муомалада бўлиш, мол-дунёга алданиб, кибрланиш оқибатида киши дўстлари, қариндошлари ва эл-юрти олдида ҳурматини йўқотади.
Халқимизда “Камтарга камол” деган мақол бор Бу мақолни жуда кўп инсонлар билса-да, лекин инсоннинг ғурури гоҳида камтарликка йўл қўймайди. Шу ўринда Абу Лайс ас-Самарқандий айтадилар: “Ким ғурурини синдирмоқчи бўлса, тўртта амални қилиши керак бўлади:
Демак, ҳар бир инсоннинг ўзига яраша озми-кўпми ғурури мавжуд бўлиб, инсон бу ғурурни синдириб бориши, Яратганнинг изнидан чиқмаслиги, инсонларга ғурурланмаслиги, камтарлик йўлини танлаши зарур.
Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.