frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ғафлатда қолманг! Жаннатдаги уйга, ҳаж ва умра савобига эга бўлинг

17.11.2017   10939   5 min.
Ғафлатда қолманг! Жаннатдаги уйга, ҳаж ва умра савобига эга бўлинг

ЗУҲО СЎЗИ ҚАНДАЙ МАЪНОНИ АНГЛАТАДИ?

Зуҳо сўзи – “чошгоҳ  вақти” деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан» (Зуҳо сураси, 1-оят).

ЗУҲО НАМОЗИ ҚАЧОН ЎҚИЛАДИ?

Бу намознинг вақти: қуёш чиққандан таҳминан ярим соат ўтиб, завол (қуёш оғишга келган вақт)га бир соат қолгунча давом этади.

 

ЗУҲО НАМОЗИ НЕЧА РАКАТ?

Зуҳо намози икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки икки ракаат зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).

 

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ЗУҲО НАМОЗИНИ ҚАНДАЙ АДО ЭТАРДИЛАР?

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини (баъзи кунлар) шундай (узлуксиз) ўқир эдиларки, биз ҳатто, энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Баъзан эса шундай ўқимай ташлаб қўяр эдиларки, биз ҳатто, энди бу намозни ҳаргиз ўқимайдилар, дердик” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

 

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ЗУҲО НАМОЗИДА ҚАЙСИ СУРАЛАРНИ ТИЛОВАТ ҚИЛГАНЛАР?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозида “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини ўқир эдилар. 

 

ЗУҲО НАМОЗИНИНГ 5 ФАЗИЛАТИ

  1. Зуҳо намози - энг афзал садақа.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бирингиз бўғин ва суяклар устида тонг оттирганингиз учун бир садақа бор. Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа. Ҳар бир тамҳид (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ) – садақа, ҳар бир такбир – садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намоз ўқишингиз кифоя қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Зуҳо намози - Жаннатдан уй.

“Ким икки ракат зуҳо намози ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким тўрт ракат зуҳо намози ўқиса, қаноатлилардан деб ёзилади. Ким олти ракат зуҳо намози ўқиса, у ўша кун учун унга кифоя қилади. Ким саккиз ракат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ таоло уни обидлардан деб ёзиб қўяди. Ким ўн икки ракат зуҳо намози ўқиса, у одам учун Аллоҳ жаннатда бир уй барпо қилади”.

 

  1. Зуҳо намози – Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни; икки ракат чошгоҳ–зуҳо намоз ва ухлашимдан олдин витр ўқимоғимни” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).

  1. Зуҳо намози – Ҳаж ва умра савобига эга бўлиш.

Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Зуҳо намози – бой бўлишга сабаб.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Наждга қўшин жўнатдилар. Улар Нажддан кўплаб ўлжаларни қўлга киритиб, тез қайтишди. Қўшин билан Наждга бормаган бир киши: “Бундан олдин оз муддат ичида катта ўлжани қўлга киритиб қайтган тўдани кўрмадик”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга оз муддат ичида булардан ҳам кўпроқ бойликни қўлга киритиб қайтган қавмнинг хабарини берайми? Улар бомдод намозини жамоат билан ўқиб, қуёш чиққунга қадар Аллоҳни зикр қилиб ўтирган, сўнг ортга қайтган қавм. Ана ўшалар тез ва катта ўлжа билан қайтган қавмдирлар”, дедилар.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бир гуруҳ диний-маърифий соҳа фидойиларига "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари топширилди

28.08.2026   5911   2 min.
Бир гуруҳ диний-маърифий соҳа фидойиларига

27 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимизни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов кириш сўзи билан иштирок этди.

Кириш нутқида мамлакатимизда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, жамиятда тинчлик-тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва фидойи ходимларнинг муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидланди.

Тантанали тадбир давомида диний-маърифий соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи юртдошларга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.

Эсдалик нишонларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Зокировлар иштирок этдилар.

Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, мазкур эсдалик нишони мамлакатимиз тараққиётига, унинг тинчлиги ва барқарорлигига, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларга билдирилган юксак эҳтиром ва эътироф рамзидир.

Тадбир якунида тақдирланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тинчлиги ва равнақи йўлидаги эзгу фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидладилар.

 Барча мукофот соҳибларини самимий муборакбод этамиз!

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари