Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Январ, 2025   |   15 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:37
Шом
17:22
Хуфтон
18:40
Bismillah
15 Январ, 2025, 15 Ражаб, 1446

Имом-хатиблар – жамиятнинг фаол аъзоларидир

17.11.2017   4774   6 min.
Имом-хатиблар – жамиятнинг фаол аъзоларидир

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Юртимизда 2000 дан ортиқ масжид фаолият кўрсатмоқда. Демак, ҳар бир масжидда биттадан имом-хатиб ва биттадан имом ноиби хизмат қиляпти. Шу ҳисобда 5000га яқин масжид ходими бор дейиш мумкин.

Ўринли савол туғилади: шунча имом ва ноиблар нима иш билан шуғулланади? Имом- хатиблар фаолияти билан таниш бўлмаган кишиларга гўёки имомлар жамиятда аҳён-аҳёнда бўладиган маросимлар ва яна қандайдир урф-одатларни амалга оширишда асқатадиган жамиятнинг энг охирги аъзоси сифатида гавдаланиши мумкин. Бу қарашда жон бор. Тўғриси, имом-хатибларимиз ўша одамлар ўйлагандек кунларни ҳам бошидан кечирди. Шундай даврлар бўлдики диндорларга хоссатан имом-хатибларга ёвга қарагандай қарашди. Ҳаттоки «диндорлар текинхўр ва боқиманда, жамиятга ҳеч қандай фойда келтирмайдиган кимсалар» дея қораланди. Алҳамду лиллаҳ у даврлар ўтди. Ҳозир эса яна ўзлигимизга миллий ва диний қадирятларимизга қайтяпмиз. Барча соҳаларда  тубдан ислоҳотлар амалга ошириляпти. Албатта, бу жараёнда диний соҳа ҳам етакчи ўрин тутади. Чунки ҳеч қайси жамият дин ва диндорларга беэтиборлик қилиб равнақ топмаган. Бунинг ёрқин исботини яқин тарихимиз мисолида келтириб ўтишимиз мумкин. Бир асрга яқин вақт ичида дин ва унга тааллуқли соҳага салбий муносабатда бўлгани оқибатида ҳаётнинг барча соҳалари қолоқликка юз тутди. Аксинча, дин ва диндорларга эътибор берилганда нафақат масжид, мадрасалар, балки жамиятдаги барча соҳалар мисли кўрилмаган даражада ривожланган. Бунинг ёрқин исботини Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳукмдорлик қилган даврлар мисолида кўришимиз мумкин. Ҳаттоки ҳали ҳанузгача буюк бобомиз давридаги ҳар томонлама ривожланиш самараси бўлган буюк кашфиётлар, илм-маърифат, кўпгина фанларга асос солиниши, меъморчилик самараси бўлган қалъалар, масжид ва мадрасалар, сарой ва арклар, кўприк ва йўллар, бир неча юзлаб уламолар ва мутафаккирларимиз билан фахрланиб келмоқдамиз. Юртбошимиз президентликка сайланган кунданоқ барча соҳалар каби диний соҳага ҳам алоҳида эътибор берди. Хоссатан, яқин тарихимизда биринчи марта имом хатиблар билан алоҳида учрашув уюштирилди ва давлат раҳбари улар билан дилдан самимий суҳбатлашди. Унда диний ходимларга  катта имконият бериш билан бирга ўта масъулиятли вазифаларни ҳам юклади. Шунга биноан диний ходимлар масжид ва мадрасалар фаолияти билангина шуғулланиб қолмасдан, балки жамиятнинг барча соҳаларига кириб бориб у ердаги муаммоларни ҳал қилишда яқиндан ёрдам беришга астойдил киришмоқда. Мазкур ислоҳотлар бошланганига унча кўп бўлгани йўқ. Лекин натижалар кўзга ташланиб қолди. Қанчадан-қанча адашган гуруҳлар аъзоси сифатида қора рўйхатга тушиб қолганлар билан яқиндан суҳбатлар ўтказиш натижасида ажойиб ўзгаришлар бўлди. Уларнинг аксарияти ўз хатоларидан пушаймон бўлиб тўғри ва соф исломий йўлга ўтди. Бунинг учун эса имомлар кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, уйма-уй юриб тушунтириш ишларини олиб борди, натижа эса жуда ҳам яхши. Айниқса, неча йиллардан бери қора  рўйхатда турганлар тамғадан халос бўлганидан севинчи ичига сиғмайди. Ундан ташқари, жамиятда илдиз отган жиноятларга қарши курашишда ҳам диний соҳа мутахасислари жонбозлик кўрсатмоқда. Улар сирасига гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, ўғрилик, талончилик, бировнинг молини қинғир йўллар билан ўзлаштириб олиш, порахўрлик, ахлоқий бузуқлик, ёшлар тарбиясига лоқайд бўлиш, оилавий можаролар, ажримлар, кексайиб қолган ота-оналарни қариялар уйига олиб бориб қўйиш кабилар киради. Айниқса, ҳозирги куннинг энг долзарб бўлиб турган муаммоларидан бири ёшлар ўртасида палак ёйиб кундан-кунга хатарли тус олаётган оломон маданиятига кўр-кўрона тақлид этишнинг салбий оқибатлари тўғрисида тиним билмай тушунтириш ишларини олиб бораётганлар қаторида имом-домлаларимиз ҳам бор.

Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини таркибида яраштириш гуруҳи бор. Жамиятдаги энг оғриқли ва нозик бўғин доимо оила бўлиб келган. Зотан, оила – жамиятнинг асосий бўғинидир. Қолаверса, жамият бир кўркам бино бўлса, оила унинг ғиштидир. Тасаввур қилинг, агар бир оила ўзаро чиқиша олмаса унинг атрофидаги ўнлаб оилаларнинг ҳам тинчи йўқолади. Агар бир маҳаллада уч-тўрт оила ўзаро нотинч бўлса бутун маҳалла нотинч бўлади. Энди худди шу ҳолатни бутун жамият мисолида тасаввур қилиб кўринг. Имом-хатиблар ўзлари фаолият кўрсатаётган масжидларга келиб мурожаат қилаётган оилавий можароларни ҳал қилиш билан кифояланиб қолмасдан, балки маҳалла фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриб нотинч оилаларни яраштириш ва болаларнинг тирик етим бўлиб қолишини олдини олиш билан машғул бўляпти.

Мактаблар, коллежлар, олийгоҳлар ҳаттоки баъзи ташкилотларга ҳам бориб долзарб мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказмоқда.

Матбуот, радио ва телевизор орқали  эфирга узатилаётган қанчадан-қанча кўрсатувларда ҳам имомлар иштирок этмоқда.

Жамиятдаги ёрдамга муҳтож инсонларга ҳам имкон даражасида ёрдам берилмоқда. Бу борада аниқ рақамларни ҳам келтиришиммиз мумкин. Лекин бунга эҳтиёж йўқ деб ўйлайман. Шундоқ ҳам имом хатибларнинг фаолиятига озгина бўлса-да қизиқиши бор киши инсоф билан кузатса, албатта, бу эҳсонларни эътироф этади. Айниқса, икки ҳайит байрами, мустақиллик, мавлуди шариф муносабати билан ёки касбий байрамлар, қолаверса, хотира куни миллионлаб сўм маблағлар ва совға-саломлар тарқатиляпти. Айниқса, бу борада юртимиздаги масжидлар орқали имом-хатиблар бошчилигида ҳомийлар жалб қилиниб ногиронларга юзлаб аравачалар тарқатилди.

Қанчадан-қанча талабалар борки, илм олиш уларнинг энг олий мақсади. Лекин маблағ борасида имкониятлари чекланган. Ана шундай қийин аҳволда қолиб, бошлари қотиб турган талабаларга шартнома асосида белгиланган маблағлар тўлаб берилди.

Бир сўз билан айтганда, имом хатиблар жамиятимизнинг ҳар жиҳатдан равнақ топиши йўлида самимий ихлос ила хизмат қилаётир.

Аслида ҳам халқнинг маънавий, ахлоқий ва тарбиявий ҳаётида имомлар амалий ўрнак ва намуна бўлишлари керак. Алҳамду лиллаҳ, бу борада масжидларимиз имом-хатиблари мақтанса арзигулик натижаларга эришиб келмоқдалар.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

ЎМИ Масжидлар бўлими ходими

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Вақт ва ёшлик қадри (4 қисм)

15.01.2025   1765   6 min.
Вақт ва ёшлик қадри (4 қисм)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ёшларга насиҳат қилиб: “Аллоҳ таоло кимга илм ато этган бўлса, унинг ёшлигида берган. Яхшиликнинг ҳаммаси ёшликда бўлади”, дедиларда, қуйидаги оятларни тиловат қилдилар: “Улар айтишди: “Бут-санамларимизни айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик” (Анбиё сураси, 60-оят).

Бошқа оятда бундай дейди: “... Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига имон келтирган ва Биз уларга ҳидоятни зиёда қилган йигитлардир” (Каҳф сураси, 13-оят).

“Унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик” (Марям сураси, 12-оят).

Афсуски, аксарият болалар айни илм олиш пайти келганда ўйин-кулги ва бекорчи машғулотлар билан овора бўлиб юрадилар. Айрим ёшлар умрининг энг навқирон пайтини чойхоналарда, компютерхоналарда ўтказмоқда. Ота-оналари ҳам: “Ҳали фарзандимиз ёш, катта бўлгач ўқир”, дея бунга бепарво қарайдилар.

Аслида ёшлик пайтида хотираси энг яхши ишлайдиган давр бўлади. Ўша пайтдан бошлаб, болани секин-аста илмга жалб қилиш яхши натижа беради.

Сўзимизни далили сифатида бир мисол келтирамиз. Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби қанчадан-қанча аллома боболаримиз 7-8 ёшларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олишган. Бундан ташқари, тарих, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа фанларни чуқур ўзлаштиришган. Ўн саккиз ёшигача ҳаётида керак бўладиган барча илмларни мукаммал ўрганиб, машҳур олим даражасига кўтарилган.

Бундан келиб чиқадики, ота-оналар фарзандларини ёшлик давридан унумли фойдаланиб, керакли илмларга йўналтиришлари лозим. Уламоларимиз айтадиларки: “Ким ёшлик чоғида илм олмаса, катта бўлганида юксалмайди”.

Биз биламизки, илм Ислом динининг асоси бўлиб, бу дин инсониятни доимо илмга тарғиб қилиб келган. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан сўнг, унга исмларнинг барчасини таълим берди.

Шу илм билан Аллоҳ таоло Одамни фаришталардан устун тарафини намойиш этди. Қуръони Каримнинг аввалги нозил бўлган ояти ҳам «Ўқинг» деган сўз билан бошланган. Илм билан инсон юқори мартабаларга эришади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда илм эгаларини мақтаб шундай деган: «Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар, 9-оят).

Инсон икки нарса билан комилликка эришади.

1. Юксалиб борувчи мақсад ва интилиш.
2. Қалб кўзини очувчи ва уни тўғри йўлга бошловчи илм.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодала, 11-оят).

Улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар сафар шу оятни ўқисалар, «Эй, одамлар! Бу оятни яхши англанглар, у сизларни илмга тарғиб қилади», деб айтардилар.

Муоз ибн Жабал айтадилар: “Илм ўрганинглар, зеро, уни ўрганиш – Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб этиш – ибодат, музокараси – тасбеҳ, уни излаш – жидду-жаҳд, билмаганга ўргатиш – садақа, уни ўз аҳлига билдириш – Аллоҳга қурбатдир”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Олимга ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади».

Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги малоикалар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?!

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Кумайлга: «Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса, сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Нафақа қилиш билан мол камайса, илм зиёда бўлади», деганлар.

Абул Асвад айтадилар: «Илмдан азизроқ нарса йўқдир. Подшоҳлар одамларга ҳоким бўлсалар, олимлар подшоҳлар устидан ҳокимдир».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сулаймонга алайҳиссалом ё илмни, ёки мол-дунёни танлаш ихтиёри берилди. Шунда у зот илмни танладилар. Кейин у кишига мол-мулк ҳам ато этилди».

Фатҳ Мусалий: «Касалга обу таом берилмаса, ўладими?» деб сўрадилар. Атрофдагилар: «Ҳа, ўлади», дейишди. Айтдилар: «Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, ўлади».

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Эй, Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин» (Бақара, 201), оятини бундай тафсир қиладилар: «Дунёдаги яхшилик илм ва ибодат, охиратдагиси эса, жаннатдир».

Бир донишманддан: «Қайси нарсаларни жамласам, яхши бўлади?» деб сўрашганида, «Кема ҳалокатга учраганда ўзинг билан қоладиган нарсани жамла», деб жавоб берди. Бу билан илмни назарда тутди.

Турли фитналар авж олган, тарафкашлик, фирқаларга бўлиниши кўпайган пайтда ёшлар ўз динларини, ақидаларини муҳофаза қилишлари лозим бўлади. Тобеъинлардан Анас ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ ёшларга бундай насиҳат қилардилар: “Эй ёшлар жамоаси! Аллоҳга тақво қилинглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини кимдан таълим олаётганларизга эътиборли бўлинглар. Чунки бу ҳадислар сизларнинг динларингиздир!”.

Бу жуда ҳам аҳамиятли насиҳатдир. Динимни ўрганаман, илм оламан ёки ҳадис ўрганаман, деб ёшлар учун энг муҳим нарса – шаръий илмларни аввало илмда мустаҳкам бўлган, замонасининг уламолари эътироф этган уламолардан олиши зарур. Дуч келган инсондан илм олавермаслиги керак. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан келаётган бу мерос илмда собит бўлган уламолардан олинади.

Ибн Шавзаб раҳматуллоҳи алайҳ: “Бир ўспирин йигитнинг суннат соҳиби бўлган кишини дўст тутиб, ундан илм олиши Аллоҳнинг неъматидир”, деганлар.

Амр ибн Қайс Малоий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Агар йигитни аҳли сунна вал жамоа аҳли билан бирга униб-ўсаётганини кўрсанг, келажакда ундан яхшилик кутавер. Аммо уни бидаът аҳли билан ўсиб вояга етаётганини кўрсанг, ундан умидингни узавер. Чунки ўспирин бола биринчи таълим олган нарсасида бўлади”.

Аллоҳ таоло миллатимиз келажаги бўлган ёшларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Уларни дин-диёнатда, одоб-ахлоқда, инсофу тавфиқда улғайишларини, илм-маърифатда аждодларига муносиб авлод бўлишларини насиб этсин!

Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.