Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.
Юртимизда 2000 дан ортиқ масжид фаолият кўрсатмоқда. Демак, ҳар бир масжидда биттадан имом-хатиб ва биттадан имом ноиби хизмат қиляпти. Шу ҳисобда 5000га яқин масжид ходими бор дейиш мумкин.
Ўринли савол туғилади: шунча имом ва ноиблар нима иш билан шуғулланади? Имом- хатиблар фаолияти билан таниш бўлмаган кишиларга гўёки имомлар жамиятда аҳён-аҳёнда бўладиган маросимлар ва яна қандайдир урф-одатларни амалга оширишда асқатадиган жамиятнинг энг охирги аъзоси сифатида гавдаланиши мумкин. Бу қарашда жон бор. Тўғриси, имом-хатибларимиз ўша одамлар ўйлагандек кунларни ҳам бошидан кечирди. Шундай даврлар бўлдики диндорларга хоссатан имом-хатибларга ёвга қарагандай қарашди. Ҳаттоки «диндорлар текинхўр ва боқиманда, жамиятга ҳеч қандай фойда келтирмайдиган кимсалар» дея қораланди. Алҳамду лиллаҳ у даврлар ўтди. Ҳозир эса яна ўзлигимизга миллий ва диний қадирятларимизга қайтяпмиз. Барча соҳаларда тубдан ислоҳотлар амалга ошириляпти. Албатта, бу жараёнда диний соҳа ҳам етакчи ўрин тутади. Чунки ҳеч қайси жамият дин ва диндорларга беэтиборлик қилиб равнақ топмаган. Бунинг ёрқин исботини яқин тарихимиз мисолида келтириб ўтишимиз мумкин. Бир асрга яқин вақт ичида дин ва унга тааллуқли соҳага салбий муносабатда бўлгани оқибатида ҳаётнинг барча соҳалари қолоқликка юз тутди. Аксинча, дин ва диндорларга эътибор берилганда нафақат масжид, мадрасалар, балки жамиятдаги барча соҳалар мисли кўрилмаган даражада ривожланган. Бунинг ёрқин исботини Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳукмдорлик қилган даврлар мисолида кўришимиз мумкин. Ҳаттоки ҳали ҳанузгача буюк бобомиз давридаги ҳар томонлама ривожланиш самараси бўлган буюк кашфиётлар, илм-маърифат, кўпгина фанларга асос солиниши, меъморчилик самараси бўлган қалъалар, масжид ва мадрасалар, сарой ва арклар, кўприк ва йўллар, бир неча юзлаб уламолар ва мутафаккирларимиз билан фахрланиб келмоқдамиз. Юртбошимиз президентликка сайланган кунданоқ барча соҳалар каби диний соҳага ҳам алоҳида эътибор берди. Хоссатан, яқин тарихимизда биринчи марта имом хатиблар билан алоҳида учрашув уюштирилди ва давлат раҳбари улар билан дилдан самимий суҳбатлашди. Унда диний ходимларга катта имконият бериш билан бирга ўта масъулиятли вазифаларни ҳам юклади. Шунга биноан диний ходимлар масжид ва мадрасалар фаолияти билангина шуғулланиб қолмасдан, балки жамиятнинг барча соҳаларига кириб бориб у ердаги муаммоларни ҳал қилишда яқиндан ёрдам беришга астойдил киришмоқда. Мазкур ислоҳотлар бошланганига унча кўп бўлгани йўқ. Лекин натижалар кўзга ташланиб қолди. Қанчадан-қанча адашган гуруҳлар аъзоси сифатида қора рўйхатга тушиб қолганлар билан яқиндан суҳбатлар ўтказиш натижасида ажойиб ўзгаришлар бўлди. Уларнинг аксарияти ўз хатоларидан пушаймон бўлиб тўғри ва соф исломий йўлга ўтди. Бунинг учун эса имомлар кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, уйма-уй юриб тушунтириш ишларини олиб борди, натижа эса жуда ҳам яхши. Айниқса, неча йиллардан бери қора рўйхатда турганлар тамғадан халос бўлганидан севинчи ичига сиғмайди. Ундан ташқари, жамиятда илдиз отган жиноятларга қарши курашишда ҳам диний соҳа мутахасислари жонбозлик кўрсатмоқда. Улар сирасига гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, ўғрилик, талончилик, бировнинг молини қинғир йўллар билан ўзлаштириб олиш, порахўрлик, ахлоқий бузуқлик, ёшлар тарбиясига лоқайд бўлиш, оилавий можаролар, ажримлар, кексайиб қолган ота-оналарни қариялар уйига олиб бориб қўйиш кабилар киради. Айниқса, ҳозирги куннинг энг долзарб бўлиб турган муаммоларидан бири ёшлар ўртасида палак ёйиб кундан-кунга хатарли тус олаётган оломон маданиятига кўр-кўрона тақлид этишнинг салбий оқибатлари тўғрисида тиним билмай тушунтириш ишларини олиб бораётганлар қаторида имом-домлаларимиз ҳам бор.
Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини таркибида яраштириш гуруҳи бор. Жамиятдаги энг оғриқли ва нозик бўғин доимо оила бўлиб келган. Зотан, оила – жамиятнинг асосий бўғинидир. Қолаверса, жамият бир кўркам бино бўлса, оила унинг ғиштидир. Тасаввур қилинг, агар бир оила ўзаро чиқиша олмаса унинг атрофидаги ўнлаб оилаларнинг ҳам тинчи йўқолади. Агар бир маҳаллада уч-тўрт оила ўзаро нотинч бўлса бутун маҳалла нотинч бўлади. Энди худди шу ҳолатни бутун жамият мисолида тасаввур қилиб кўринг. Имом-хатиблар ўзлари фаолият кўрсатаётган масжидларга келиб мурожаат қилаётган оилавий можароларни ҳал қилиш билан кифояланиб қолмасдан, балки маҳалла фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриб нотинч оилаларни яраштириш ва болаларнинг тирик етим бўлиб қолишини олдини олиш билан машғул бўляпти.
Мактаблар, коллежлар, олийгоҳлар ҳаттоки баъзи ташкилотларга ҳам бориб долзарб мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказмоқда.
Матбуот, радио ва телевизор орқали эфирга узатилаётган қанчадан-қанча кўрсатувларда ҳам имомлар иштирок этмоқда.
Жамиятдаги ёрдамга муҳтож инсонларга ҳам имкон даражасида ёрдам берилмоқда. Бу борада аниқ рақамларни ҳам келтиришиммиз мумкин. Лекин бунга эҳтиёж йўқ деб ўйлайман. Шундоқ ҳам имом хатибларнинг фаолиятига озгина бўлса-да қизиқиши бор киши инсоф билан кузатса, албатта, бу эҳсонларни эътироф этади. Айниқса, икки ҳайит байрами, мустақиллик, мавлуди шариф муносабати билан ёки касбий байрамлар, қолаверса, хотира куни миллионлаб сўм маблағлар ва совға-саломлар тарқатиляпти. Айниқса, бу борада юртимиздаги масжидлар орқали имом-хатиблар бошчилигида ҳомийлар жалб қилиниб ногиронларга юзлаб аравачалар тарқатилди.
Қанчадан-қанча талабалар борки, илм олиш уларнинг энг олий мақсади. Лекин маблағ борасида имкониятлари чекланган. Ана шундай қийин аҳволда қолиб, бошлари қотиб турган талабаларга шартнома асосида белгиланган маблағлар тўлаб берилди.
Бир сўз билан айтганда, имом хатиблар жамиятимизнинг ҳар жиҳатдан равнақ топиши йўлида самимий ихлос ила хизмат қилаётир.
Аслида ҳам халқнинг маънавий, ахлоқий ва тарбиявий ҳаётида имомлар амалий ўрнак ва намуна бўлишлари керак. Алҳамду лиллаҳ, бу борада масжидларимиз имом-хатиблари мақтанса арзигулик натижаларга эришиб келмоқдалар.
Исҳоқжон БЕГМАТОВ,
ЎМИ Масжидлар бўлими ходими
Aждодларимизнинг қолдирган асарларининг катта қисми араб тилида ёзилгани барчамизга маълум. Араб тили дунё тиллари ичида энг кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. У луғат бойлиги, қоидаларининг турли-туманлиги, бир сўзни бир неча услубда ишлатиш имкониятларининг кўплиги билан мукаммал тиллар ичида ажралиб туради. Шунингдек, у шеваларининг жуда кўплиги билан ҳам дунёда юқори ўринни эгаллайди.
Бу тил Қуръони карим ва жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиллари бўлгани учун уни ўрганиш усуллари саҳобаи киромлар давридаёқ ишлаб чиқилган. Араб тилини ўрганиш учун луғат, морфология, грамматика, яъни сарф ва наҳв илмлари мукаммал ўрганилади. Шу билан бирга, араб тилида мукаммал гаплашиш ва уни тушуниш учун албатта, балоғат фани қоидаларини яхши билиш керак.
Балоғат илмини таҳсил қилиш орқали Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар маъноларини тўғри тушуниш ва нозик жиҳатларни теран англаш осон кечади. Шунингдек, Қуръони каримнинг фасоҳат ва балоғат эътиборидан мўъжизакорлиги кашф қилинади. Шу боис, Қуръони карим тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи ва бошқа диний илмларни ўрганмоқчи бўлган киши луғат, сарф, наҳв илмлари билан бир қаторда балоғат илмини ҳам пухта эгаллаши лозим. Бу ҳақда Абдурауф Фитрат шундай деган: “Диний ва ижтимоий таълимотимиз Қуръон ва ҳадисларда мавжуд. Қуръон ва ҳадислар эса араб тилидадир. Бинобарин, уларни тушуниш учун араб тилининг сарфу-наҳвини ўрганиш зарур. Лекин бу етарли эмас, Қуръон маъноларини тушунишимиз учун балоғат илмини – баён, бадеъ ва маъоний илмларини ҳам билишимиз лозим.”
Бу илм бошқа фанлардан ўзининг фазилати билан ажралиб туради. Луғат сир-асрорларини очишда ва хазиналарини кашф этишда балоғат илмининг ўрни беқиёсдир. Жоруллоҳ Маҳмуд Замахшарий ўзининг “Кашшоф” номли тафсирининг муқаддимасида шундай дейди: “Тафсир илмига киришган киши Қуръонга хос бўлган илми маъоний ва илми баёнда билимдон бўлса ва бу илмларни пухта ўрганса, тафсирнинг ҳақиқатларига ета олади.”
Шунингдек, Алишер Навоий, Захириддин Муҳаммад Бобур, Лутфий, Фузулий, Умар Ҳайём, Машраб каби мумтоз адабиёт намоёндалари ўз асарларида мажоз, ташбеҳ, истиора, киноя каби балоғат қоидаларидан кенг фойдаланганлар. Буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиб, бошқаларга етказишда балоғат илмининг аҳамияти катта.
Балоғат илмининг тарихи, шаклланиши, тараққиёт босқичлари ва бу илмга ҳисса қўшган уламоларнинг ҳаёти ҳамда асарларини ўрганиш бугунги кунда муҳим вазифалардан биридир. Араб тилининг балоғат ва бадеъ илмларини ўрганиш орқали кишида бу фанларга нисбатан қизиқиш ва мукаммал билим шаклланади. Балоғат фанини чуқур ўзлаштириш орқали фақат араб тилида эмас, балки ўзбек тилида ёзилган мумтоз адабиётимиз сирларини ҳам англаш мумкин бўлади.
Абдулқаюм Турдалиев,
Тошкент Ислом институти талабаси.