Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Июл, 2024   |   23 Муҳаррам, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:41
Қуёш
05:16
Пешин
12:35
Аср
17:34
Шом
19:46
Хуфтон
21:14
Bismillah
29 Июл, 2024, 23 Муҳаррам, 1446

Илм чироғи ўчмагай

16.11.2017   6073   11 min.
Илм чироғи ўчмагай

«Яратган Роббингнинг исми ила ўқи!»

(Алақ сураси, 1-оят)

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Алишер Навоий

Муборак каломининг нузулини «Ўқи!» деб бошлаган, илмга, маърифатга чақирган ва ҳар бир амалда хулуси ният ва илмни шарт қилган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду санолар бўлсин!

Умматларига икки дунё саодатининг илмини ўргатган, башариятни жоҳилият зулматидан маърифат зиёсига олиб чиққан сарвари коинот, хотамул анбиё ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга дуруду салавотлар бўлсин!

Дунёга эндигина келган чақалоқ гўёки оппоқ қоғозга, топ-тоза дафтарга ўхшайди. Дунё ҳаёти бошлангач, дафтарга у кўрадиган, эшитадиган, сезадиган барча нарсалар ёзила бошлайди. Демак, инсон ҳаётининг илк лаҳзаларидан бошлаб беихтиёр илм ола бошлайди. Аммо «илм» сўзи луғатда «билиш, англаб, тушунча ҳосил қилиш, бир нарсанинг ҳақиқатини, моҳиятини билиш» каби маъноларни англатади. Шунинг учун Ислом уламолари илмга «ҳақиқатни худди воқеликдагидек идрок қилиш илмдир» деб таъриф беришган. Бунинг маъноси шуки, олинган маълумот бир нарсанинг асл моҳиятини тўғри англатсагина, ундан дунё ва охиратимизга манфаат ҳосил бўлсагина чинакам илм ҳисобланади.

Муқаддас Ислом динимизни ҳам илмсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Қуръони каримда илм сўзи ва унинг шаклдошлари 811 жойда зикр қилинган. Бу эса Аллоҳ таолонинг наздида илмнинг нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Илм – энг фазилатли амал. Чунки у – икки дунё саодатининг калити. Инсон илм ва маърифат билангина чинакам ҳаётдир. Инсоннинг ҳаётини тўғри йўлга солмаган, унинг феъл-атворида, амалида таъсири билинмаган, Аллоҳ ва Унинг Расулининг йўлига етакламаган илмда хайр йўқ. Шунинг учун инсон фойдали илм ўрганиб, унга амал қилса, ўша илм ҳақиқий илм саналади. Ўқиган, билганига амал қилмаган одам илмнинг ҳаммоли бўлади, холос. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам манфаатсиз илмдан паноҳ сўраганлар.

Ислом дини инсонга илм ўрганишни, манфаатли билимлар соҳиби бўлишни, жаҳолатни йўқ қилишни буюради. Зеро, инсоннинг яратилиш ғояси Аллоҳни таниш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиб, динимизнинг кўрсатмаларига амал қилишдир.

Мавлоно Румий айтганидек, «Жаҳолат – зулматдир. Қоронғида дарахт дев бўлиб, олма эса тош бўлиб кўринади». Жоҳил одамга оддий нарса қўрқинчли бўлиб, яхши нарса фойдасиз бўлиб кўринади. Бу иллатнинг давоси эса талаби илмдир. Илм ҳақ билан ботилни фарқлашнинг энг муҳим воситаларидан биридир, битмас-туганмас хазинадир.

Ислом динида илм Аллоҳ таолонинг розигини олиш ва солиҳ амал қилиш  мақсадида ўрганилади. Ихлос билан ўрганилган илм инсонни Аллоҳга яқинлаштиради, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлига эргаштиради, соҳибининг даражотларини юксалтиради. Чунки мусулмон инсон учун энг азиз неъмат иймондир. Иймон учун эса илм зарур, илмсиз иймон-эътиқод бўлмайди. Шунинг учун Қуръони каримда зиёда қилиниши сўралган биргина неъмат илмдир:

«Роббим, менинг илмимни зиёда қил!»

(Тоҳа сураси, 114-оят)

Инсон учун энг буюк даража Аллоҳнинг наздида ҳурмат қозонишдир. Аллоҳ таоло бу даражага эришишнинг йўлини ҳам кўрсатиб, шундай марҳамат қилган:

«Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлиларингиз энг тақводорларингиздир»

(Ҳужурот сураси, 13-оят)

Демак, Раббимизнинг наздида ҳурматга сазовор бўлиш воситаси тақво экан, яъни Аллоҳнинг ғазабидан, Унинг дийдоридан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқиш экан. Бундай бахт-саодатга кимлар мушарраф бўлади? Бу саволнинг жавобини ҳам Қуръони каримдан топамиз:

«Албатта, Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларгина қўрқарлар».

(Фотир сураси, 28-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», деб марҳамат қилганлар. Шунингдек, инсон вафот этганда савоби узилмай бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки одам вафот этса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақа, манфаат оладиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар» (Имом Муслим).

Ўйлаймизки, ушбу оят-ҳадислар илмнинг нақадар буюк фазилат эканини тушуниб етиш учун кифоядир.

Илмнинг ўзи шу қадар фазилатларга эга экан, уни ўргатган олимлар, устозлар, мураббий ва муаллимларнинг фазли қанчалар улуғ бўлади? Албатта, бизни илм денгизидан, ҳикмат сарчашмаларидан баҳраманд қилган устозларимизнинг даражотлари бениҳоя юксак бўлади.

«Устоз отангдан улуғ» дейди доно халқимиз. Ҳар бир инсонни, у ҳарчанд кўп илмга эга бўлмасин, бир камтар устоз ўқитган, тарбиялаган бўлади. Ҳеч ким ўз-ўзидан олим бўлиб қолмайди. Илм фақат ўқиб-ўрганиш билан ҳосил бўлади. Бу эса толиби илмдан ирода, қатъият, ғайрат-шижоат талаб қилса, устоздан меҳр, талабчанлик ва тоғдек сабр-матонат талаб қилади. Бу фазилатлар билан неъматлантирилган зотлар Аллоҳ таолонинг даргоҳида энг юксак даражотларга эга бўладилар.

Бизнинг аждодларимиз, бобокалонларимиз ана шундай толиби илм бўлганлар, илм ўрганишни ўзларига фарз деб билганлар, илм ўргатишни ўзларига бурч деб билганлар, пок ният билан илм уммонидан дуру жавоҳирлар қидирганлар. Диёримиз, она Ватанимиз Ислом нури ила мунаввар бўлган даврдан бошлаб ўлкамиз илму маърифат масканига айланди, сон-саноқсиз масжиду мадрасалар бино бўлди, улардан минг-минглаб буюк алломалар, улуғ зотлар етишиб чиқди. Халқимизнинг чинакам ифтихори бўлмиш бу олиму уламолар, фозилу фузалолар башариятга мударрис бўлдилар, Ислом нурини бутун оламга таратдилар, бутун дунёни илму маърифатга, кутубхоналарни китобларга тўлдирдилар.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳонуддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, ал-Фарғоний, Замахшарий, Беруний, Ибн Сино каби минглаб буюк ватандошларимиз жаннатмонанд Ватанимизнинг довруғини бутун курраи заминга, жумлаи жаҳонга ёйдилар. Мана, минг йиллардан ошдики, бутун дунё бизни Бухорийнинг, Термизийнинг авлодлари деб эҳтиром қилади.

Биз ана шундай улуғ аждодларнинг авлодимиз, улар қолдириб кетган битмас-туганмас илмий мероснинг, улкан хазинанинг ворисларимиз. Юртимиз истиқлолга эришганига чорак аср тўлган бугунги дориломон кунларда сизу бизнинг, ёшларнинг вазифаси янада илмга берилиш, фан-техника тараққиёти туфайли эришган барча билимларни эгаллашдир. Зеро, юқорида айтганимиздек, Ислом дини инсоннинг икки дунё саодатига эришиши учун манфаатли бўлган ҳар бир билимни илм деб ҳисоблайди, баъзилар ўйлаганидек, илмни диний ёки дунёвий деб фарқламайди. Ватанимизнинг мустақиллигини мустаҳкамлашнинг энг муҳим вазифаси ҳар бир соҳада ўз мутахассисларимизни, олимларимизни етиштиришдир. Шундай экан, илм-фаннинг қайси йўналиши бўлишидан қатъи назар, ўзлигимизга қайтишимиз, миллий қадриятларимизни тиклашимиз, олим бобокалонларимиз қолдириб кетган қўлёзмаларни ўқиб, ўрганиб, улардан ҳаётнинг бугунги талабларига жавоб бера оладиган билим ва кўникмалар ҳосил қилишимиз лозим.

Кези келганда шуни айтиш керакки, ботил ҳаққа эргашса, тараққий этади, бироқ ҳақ ботилга эргашса, таназзулга юз тутади. Бунга минг йиллик тарих шоҳиддир. Ғарб олами Исломдан илмга чанқоқликни, изланувчанликни ўрганди, мусулмонлар тўплаган билим ва тажрибаларни ўзлаштирди ва натижада бугунги кунда улкан тараққиётга эришди. Минг афсуслар бўлсинки, Ғарбдан жаҳолат, тушкунлик, беҳаёлик, ҳашаматга ва маишатга ружу қўйишни ўрганган Шарқ халқлари таназзулга юз тутди, тараққиётдан орқада қолиб, ўзгаларга қарам бўлди.

Эътибор берайликки, моддий, иқтисодий жиҳатдан мисли кўрилмаган тараққиётга эришган Ғарб олами маънавиятсиз бўлгани сабабли оила, маданият, поклик масаласида таназзулга юз тутди. Марсга сунъий йўлдош учираётган, дунёдаги ҳар бир инсонни виртуал олам орқали бир-бири билан боғлаган Ғарб олами маънавий бузуқликни, турли разолатларни табиий ҳол деб тушунадиган бўлиб қолди, натижада инсоният бедаво касалликларга дучор бўлди, ақл бовар қилмас даражада даҳшатли оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқилиб, улар тирик инсонлар устида синаб кўрилди.

Демак, тажриба ёки ҳисоб-китоблар натижасида ҳосил қилинган ҳар қандай билим ҳам инсонга фойда беравермайди. Илм фақат эзгу мақсадлар йўлида, тинчлик, бунёдкорлик, ҳамжиҳатлик, тараққиёт йўлида ўрганилиши керак экан. Акс ҳолда олимларнинг баъзи илмий тажрибалари асносида кашф қилинган ихтироларидан қирғин қуроллари пайдо бўлмаган бўлар эди. Шунинг учун бугунги кунда илм излаган ҳар бир инсон аввало пок ният, эзгу мақсад билан ишга киришсин, ўрганаётган ҳар бир илмини фақат яхшиликка ишлатсин.

Худди шунингдек, динимизга оид илмларни ҳам фақат хулуси ният билан, Аллоҳнинг розилиги учун, илм талабини фарз ибодат билиб ўрганиш лозим. Уни кимлар биландир баҳслашиш, илмини кўз-кўз қилиш, динни ниқоб қилиб, турли дунёвий, ғаразли мақсадларига эришиш воситаси қилиб олиш гуноҳи кабирадир. Бугунги кунда баъзи ёшларимизнинг диний саводсизлигидан, ўз тарихини, Ислом тарихини, дунё тарихини билмаслиги, сиёсий онгининг пастлигидан усталик билан фойдаланиб қолаётганлар кўпайиб қолди. Уларнинг фикрий хуружлари, мафкуравий алдовларига учаётган баъзи ғўр ёшлар оқу қорани танимай, ўзига, оиласига, Ватанига ва энг ёмони, мусулмон деган юксак номга, Аллоҳнинг динига лой чапламоқдалар, қора кучлар қўлида қўғирчоқ бўлиб, манқуртга айланиб қолмоқдалар.

Шунинг учун ҳам ота-боболаримизнинг асрий орзуси бўлмиш миллий истиқлолга эришган бугунги авлод олдида улкан, машаққатли, аммо шарафли масъулият турибди. Бу масъулият – Ватанимизнинг кечаси, бугуни ва эртаси олдидаги, келажак авлод олдидаги, бутун инсоният олдидаги масъулиятдир. Бу масъулиятни зиммага олиш учун, уни гўзал тарзда адо қилиш учун чуқур билимга, диний ва дунёвий илмларга эга бўлишимиз лозим. Бу борадаги энг шарафли вазифани муҳтарам устозларимиз, муаллим ва мураббийларимиз адо этадилар. Шунинг учун уларга Аллоҳ таолодан куч-қувват, ғайрат, сабру матонат тилаймиз, ҳақ йўлида ўргатган ҳар бир ҳарфлари учун Раббимиздан битмас-туганмас ажру мукофотлар сўраймиз.

Аллоҳ таоло жонажон Ватанимизни жаннатмонанд қилсин, халқимизни Ўзининг розилигини топадиган халқлардан қилсин, осмонимиз мусаффо бўлсин, мактаб-мадрасаларимизда илм чироғи ўчмасин, бутун олам илму ирфон нури ила мунаввар бўлсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аёл ишласа бўладими? – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков билан суҳбат

23.07.2024   554   12 min.
Аёл ишласа бўладими? – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков билан суҳбат

 

Билишимиз керак бўлган ҳаётий илмлардан бири, шубҳасиз, Ислом дини аёлларга қанчалик ҳуқуқ ва эркинликлар бергани масаласидир. Суҳбатимизни шу мавзуга бағишласак…

 

– Муқаддас динимизда ҳар бир инсоннинг жамиятда ўзига яраша ўрни ва ҳурмати борлиги баён этилган. Тарихга назар солсак, жоҳилият даврида аёлларнинг ҳуқуқлари деярли бўлмаган. Улар нафақат меросдан маҳрум қилинган, балки ўзлари ҳам буюм сифатида меросхўрлар ўртасида тақсимланган. Аллоҳ таоло бундай ноҳақликка барҳам бериб, Қуръони каримда барча инсонларнинг жинсидан қатъи назар, тенг эканини ва уларни бир жондан яратганини баён қилади:

 

«Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз!.. » (Нисо сураси, 1-оят).

 

Аёллар Исломда меҳрибон она, мушфиқа опа, сингил, покиза жуфти ҳалол ва муниса қиз сифатида эъзозланади. Улар мерос олади ва мерос қолдиради, никоҳда розилиги сўралади. Улар доим эркак қариндошлари таъминотида бўлади. Қуръони каримнинг ўндан ортиқ сураларида ва кўплаб ҳадиси шарифларда аёлларга тегишли ҳукмлар мавжуд. Ҳатто муқаддас Китобимизнинг катта сураларидан бири Нисо (Аёллар) деб номланган. Буларнинг ҳаммаси Исломда аёлларга бўлган юксак эътибордир.

 

Исломдаги эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги замирида ниҳоятда гўзал ҳикматлар бор. Биласизки, эркакларга хос оғир ишлар бор, аёлларга мос нафис ишлар бор. Раббимиз ана шу ишларни фақат ўз эгаларига фарз қилган. Яъни эркакларнинг оғир ишлари аёлларга фарз эмас, лекин аёлларга хос баъзи ишларнинг савоби эркакларнинг оғир ишлари билан тенг. Масалан, аёлларнинг туғруқдаги қийноқлари эркакларнинг душманга қарши курашига тенглаштирган. 

 

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, Асмо бинт Зайд ал-Ансория розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб:

 

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ортимдаги муслима аёллар жамоасининг элчисиман. Улар менинг сўзимни айтадилар ва менинг фикримга ўхшаш фикрдалар: Албатта, Аллоҳ сизни эркак ва аёлларга юборган. Биз сизга иймон келтирдик ва эргашдик. Биз – аёллар жамоаси уй ишларига ўралашиб қолганмиз. Эркакларга таскин берувчи, болаларингизнинг кўтарувчиларимиз. Эркаклар жамоат ва жанозага ҳозир бўлиш ила афзал қилиндилар. Қачон улар жиҳодга чиқсалар, уларнинг молларини муҳофаза қиламиз, болаларини тарбия қиламиз, уларга ажрда шерик бўламизми?!» деди.

 

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак юзларини саҳобаларига ўгирдиларда:

«Ўз дини ҳақида ушбу аёлдан кўра яхшироқ савол берган аёлнинг гапини эшитганмисиз?» дедилар.

«Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди улар.

«Эй Асмо, қайтиб бориб, ортингдаги аёлларга билдирки, албатта, сизнинг бирингизнинг яхши эр тутиши, унинг розилигини исташи, мувофиқ бўлганига эргашиши сен зикр қилган нарсаларга тенг келади», дедилар.

Асмо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлардан севинганидан «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтиб қайтиб кетди».

 

Ислом аёлни шундай азиз қилди. Аёл бетон қуймайди, асфальт ётқизмайди, пахса урмайди… Лекин ўзининг нозик жуссасига мос юмушларни қилиб, ана шундай оғир ишларнинг савобини топаверади. Аёлга Аллоҳ таоло икки масалада масъулият юклайди, бири – жуфти учун руҳий, маънавий хотиржамлик, сукунат бўлиш; иккинчиси – фарзанд дунёга келтириш ва унга ғамхўрлик қилиш машаққатлари. Шариатимизда шу залворли меҳнатлар муқобилига бир нечта масалаларда аёлларнинг руҳий, жисмоний ҳолати эътиборга олиниб, уларга икром кўрсатилган, енгиллик берилган. Жумладан, ҳаётнинг турли жабҳаларидаги жавобгарлик масъулияти эркакка юклатилди, бу машаққатлардан аёллар озод қилиндилар. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича хабар қилинган:

 

«Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир…» (Нисо сураси, 34-оят).

 

Аёлларни жума намози ва жамоатга ҳозир бўлишга буюрилмади. Гувоҳлик бериш масъулияти ҳам аёллар учун эркакларникидан икки баробар енгил қилинди. Қасос ва жиноятларда гувоҳлик бериш масъулияти улардан соқит қилинди. Лекин аёлларга хос масалаларда уларнинг гувоҳлиги комил ҳисобланади ва бу шариатимизнинг уларга катта ишонч билдиришидир. Эри бор аёл рўзғорига харажат қилишга мажбур эмас. Бу – эрнинг вазифаси. Эр хотиннинг мулкига дахл қилмасдан маҳр беради, тўй қилади, уй-жой билан таъминлайди, хотин бола-чақасини парвариш қилади. Бу – ҳолат аёл учун молиявий имтиёздир. Агар ҳамроҳ бўладиган маҳрами бўлмаса, аёлларга ҳаж фарз қилинмади. Ким аёлни зинода айблаб туҳмат қилса, унга жазо тайинланди. Агар эрнинг зулми ҳаддан ошса, хотинга хулуʼ – талоқ (ажрашиш)ни талаб қилишга рухсат берилди.

 

Шу ўринда кўпинча давраларда баҳс-мунозараларнинг мавзуси бўлиб келадиган бир масалага ойдинлик киритиб ўтсангиз, яъни аёлларнинг ҳуқуқлари сирасида уларнинг меҳнат қилиши масаласи ҳам борми? 

 

– Аёлнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларига тўхталадиган бўлсак, Исломда аёл киши ўзининг латофатига мос равишда ишлашига тақиқ йўқ, балки бу масала аёл, оила ва жамиятнинг манфаатларидан келиб чиқиб, ҳал қилинмоғи лозимлиги кўзда тутилган. Масалан, ёш болалар боғчаларида кичкинтойларни таълим ва тарбия қилиш, хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш каби ишлар аёлларнинг иши ҳисобланади.

 

Мутақаддим ҳанафий фақиҳлардан Камолиддин ибн ал-Ҳумам: «Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан ман қила олмайди», деганлар.

 

Қолаверса, аёл киши рўзғорининг фаровон бўлиши, фарзандларининг таъминотини яхшилаш мақсадида эрининг ишида ёрдамчи бўлиши, оиласи муҳтож бўлганда ҳалол йўл билан ҳалол меҳнат қилиши жоиз. Бунга Айюб алайҳиссаломнинг жуфти Раҳима онани мисол қилиб келтириш мумкин. Аммо бир дақиқлик: аёл ўзи хоҳласа ишлайди, уни ишлашга биров мажбур қила олмайди. Аёлларни ўзларига мос бўлмаган ишларда ишлатиб, уларнинг аёллик латофати ва оналик қобилиятига футур етказишга ҳеч ким ҳақли эмас. Яна айрим уламоларимиз: «Нодир қобилиятга эга бўлиб, жамиятга фойдаси кўп бўлган аёллар ҳам ишлашлари тавсия қилинади», деганлар.

 

Ҳозирги кунда оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда аёлларнинг эри томонидан чидаб бўлмас даражадаги зўравонликларга учраётгани, ҳатто бунинг оқибатида ўз жонига қасд қилишгача бораётгани бот-бот эълон қилиняпти. Баъзи ўринларда уларни «ҳимоя ордери» ҳам муҳофаза қила олмаяпти. Лекин барибир бундай нохушликларга барҳам бериш керак. Динимизда эркакларга аёлларни камситмаслик, таҳқирламаслик масалаларида қандай кўрсатмалар берилган, тақиқларга қўйилган?

 

– Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни камситишга чек қўйиш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини англатиш учун умматларига етарлича кўрсатмалар берганлар. У зот алайҳиссалом яратилиш жиҳатидан эркак ва аёлнинг асли бирлиги ҳақида бундай деганлар: 

«Албатта, аёллар – эркакларнинг туғишганларидир» (Имом Абу Довуд ривояти).

 

Аёллардаги жисмоний заифлик қораланмайди. Чунки улар бунга айбдор эмас. Қалбларининг нозиклиги, ҳис-туйғуларининг кучлилиги эса мўътадил бўлса, мақтовга лойиқ. Бу нарса улардаги латофат ва гўзалликни янада зиёда қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёллардаги ана шу нафисликни доим эътиборга олардилар ва уларни ҳимоя қилардилар. Ҳатто Видо хажидаги машҳур хутбасида ҳам аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни қайта-қайта васият қилдилар. У зот алайҳиссалом аёлларига қўл кўтармаганлар, уларга яхшилик қилишда умматга ибрат бўлганлар ва шу ишга тарғиб қилганлар:

«Яхшиларингиз – оила аҳлига яхши бўлганидир. Мен – аҳли аёлига энг яхшингизман» (Имом Термизий ривояти).

 

Аёллар Исломда она сифатида бениҳоя қадр топдилар. Қуръони каримда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари қиёматгача келадиган «мўминларнинг онаси», деб эълон қилинди. Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқлиги динимиз кўрсатмаларида таъкидланган. Ҳатто ҳадиси шарифларда яхшилик қилишни онадан бошлашга буюрилган.

 

Кунларнинг бирида Муовия ибн Жоҳима ас-Суламий разияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилмоқчиман», деб рухсат сўрайди. Пайғамбаримиз алайҳисалом унинг онаси тириклигини билиб, онасига хизмат қилишни буюрадилар. Яна рухсат сўрайвергач, у зот: «Барака топгур, волидангнинг оёғига маҳкам ёпиш, жаннатни ўша ердан топасан!» дейдилар (Имом Ибн Можа ривояти).

 

Динимиз таълимотига биноан киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши катта гуноҳлардан саналади. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш янада ёмондир. Бугунги кунда эркаклик ҳамиятини йўқотган баъзи кимсалар жиддий бир сабабсиз ўз аёлини нафақасиз ва қаровсиз қолдирмоқдалар. На уларни хотин қилади, на талоғини бериб ажрашади. Бу билан эр Аллоҳ таоло берган оилавий хотиржамлик, жуфти ҳалол ва фарзанд каби бир неча катта неъматларга ношукрлик қилган бўлади. Баъзи номардлар эса очиқчасига: «Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман», деб пўписа қилади. Бу ҳам етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган болаларининг нафақасини ҳам хотинининг гарданига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида саргардон бўлмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўляпти. Шуни таъкидлаб айтамизки, ана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирадиган бўлса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.

 

Зеро, ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик жозибаларини сақлаб қолишлари, вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамияти, Ватани ва динига керакли хизматни адо этиш учун барча шароитни яратиб берган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом аёлларнинг қадр-қимматини ўз ўрнига қўйиб, ҳуқуқларини ҳимоя қилган.

 

Аёл зоти ҳар қанча улуғлангани, қиз фарзанд отасининг, жигарларининг энг меҳрибони экани қанчалик кўп таъкидлангани билан жамиятимизда кўп ҳолларда қиз болага иккинчи даражали фарзанд сифатида қаралади ва бу ҳол ҳали ҳам давом этмоқда. «Қиз бола ўқиб дунё олиб берармиди», «Аёлнинг ишлагани нима бўларди?» деган гаплар ҳамон эл орасида юради. Қиз боланинг кўнглини маҳзун қиладиган ана шундай салбий ибораларга жавобан динимиз нима дейди?

 

– Афсуски, ҳозиргача қиз фарзанд дунёга келса, хафа бўлиш, ўғил туғмадинг, деб хотинига зуғум ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга қиз фарзандларни чиройли таъминот қилиш, тарбиялаб, турмушга узатиш жаннатдаги олий мартабаларга сабаб бўлишини уқтирадилар:

 

«Ким икки ёки уч қиз ёки синглисига ғамхўрлик қилиб тарбияласа ва улар турмушга чиқиб кетсалар ёки ўша кишининг ўзи вафот этса, мен ва у жаннатда мана шундай бўламиз (деб муборак ўрта ва кўрсатгич бармоқларига ишора қилдилар)» (Имом Ибн Можа ривояти).

 

Шундай экан, қиз фарзанд туғилганда кўпроқ севиниш керак. Жамиятда аёлнинг ҳам эркакнинг ҳам ўз ўрни бор. Бири иккинчисисиз мавжуд бўла олмайди. Шунингдек, уларнинг ҳар бирининг ўз ҳақ-ҳуқуқлари борки, буни ҳурмат қилишга ҳамма мажбурдир. Зотан, инсон зотининг ҳуқуқлари эъзозланган жамият саодатга эришгани тарихда кўп бора исботини топган.

– Суҳбатимизга вақт ажратганингиз учун ташаккур, илм-у маърифат тарқатишдек эзгу ишларингиз бардавом бўлсин!

 

Дамин ЖУМАҚУЛ суҳбатлашди.

Мақолалар