Бугун, 16 ноябрь куни Тошкент ислом университетида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ва ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ташаббуси билан “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.
Ушбу анжуман “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни”га бағишлаб ўтказилаётгани айтилган бўлиб, унда Дин ишлари қўмитаси вакили, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ва бошқа диний конфессия вакиллари иштирок этмоқда.
Конференцияда турли эътиқод вакилларининг иштирок этиши Ўзбекистон Республикасида диний бағрикенгликнинг таъминланганидан дарак беради.
Анжуманда Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч, ВМ ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Ватикан давлатининг Ўзбекистондаги нунцийси Челестино Мильоре, Тошкент рус проваслав черкови митрополити Викентийлар маъруза билан иштирок этганлари маълум қилинди.
Анжуман тафсилотлари билан таништиришда давом этамиз.
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Татаристон ва Бошқирдистонга хизмат сафари уюштирилди.
Президент Администрациясининг топшириғи ижросига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев бошчилигида юртимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консули М.Хайриддинов ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакилларидан ташкил топган делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов ҳам иштирок этди.
Ватандошларимиз билан “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ҳалол касб – барака калити”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди.
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат делегация аъзоларини қабул қилиб, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача эканини билдирди. Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи эсдалик ҳадялари тақдим этилди. Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат меҳмонларни Диний идора ва унинг қошидаги Россия ислом университети билан таништириб чиқди.
Хизмат сафари давомида ватандошларимиз билан бўлган суҳбатларда бугун мамлакатимизда қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиниб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати