Баъзи одамлар орасида қиз фарзандли бўлганда уяладиган ёки мамнун бўлиш ўрнига ғамгин бўладиган тор фикрли кимсалар ҳам борки, уларни наздида қиз фарзандни қадри пастроқдек эмиш гўё...
Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан бериладиган омонатдир. Аллоҳ таоло кимгадир фарзанд бериб имтиҳон қилса, кимгадир бермасдан имтиҳон қилади. У хоҳ қиз бўлсин, хоҳ ўғил бўлсин ҳаммасига баробар тарбия қилиб, ўстириш ота-онанинг вазифасидир. Жоҳилият даврларида, аёл зотини ерга урувчи ахмоқона урф-одатлар бор эди. 4-5 ёшга тўлган қиз болаларни тириклайин кўмиб, у келтирадиган ор-номусдан қутулдим, деб ғурур билан гердайиб юришар эди. Ўша пайтларда тарихнинг гувоҳлик беришича, қиз бола 4-5 ёшга етганда ота уни кўмиб ташламоқчи бўлса, онасига қизингни ясантириб бер, ўйнатиб келай, дер экан. Бечора она “ўйнатиб келиш нима эканини яхши билса ҳам, жоҳилият қонунига қарши чиқа олмас эди. Она юрак-бағри тилка пора бўлган ҳолда, қон ютиб, ўз жигаргўшасини бешафқат эрига ясантириб берарди. Ота эса қизни чеккароқ бир жойга олиб борар, унга ўйинчоқ бериб ўйнатиб қўйиб, ўзи чуқур қазир эди. Чуқур тайёр бўлганда ўйнаб турган гўдакни ўйинчоғи билан бирга шафқатсизларча кўмиб ташлар эди. Бунга ўхшаш аянчли ҳодисалар бошқа миллатларда ҳам бўлган. Лекин бу каби ваҳшиёна одатларга Ислом дини биринчи бўлиб қарши чиқиб, барҳам берди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир», (Наҳл сураси, 58-59-оят).
Ҳазрати Хадича (розияллоҳу анҳо) онамизга қариндош бўлган Ҳаким ибн Ҳизом (розияллоҳу анҳу) олийжаноб, саҳий ва яхшиликни севувчи бир киши бўлиб, жоҳилият даврида қизларини тириклай ерга кўмишга қасд қилган кишилардан қизларини сотиб олиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қоларди. Бир куни Ҳаким ибн Ҳизом (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Жоҳилият даврида қилган яхшиликларимнинг менга фойдаси тегадими”, деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенинг бу гўзал амалинг Исломга киришингга сабабчи бўлди”, деб жавоб бердилар.
Жамиятта фарзанд бахтидан мосуво кишилар ҳам борки, ана ўшаларнинг ҳолатидан тўғри хулоса олиб фарзанд кўришга муяссар қилганига шукрона қилиш, фарзанд ўғил-ми қиз-ми унинг ҳақларига риоя қилиб, чиройли тарбия берилиши лозим. Тирноққа зор кимсалар ўзи учун бировни боласини боқиб олмоқда. Уларга берилмаган бахтни берилганини ҳис қилиш учун инсоф кўзи очиқ бўлиши зарур экан.
Қиз болага чиройли тарбия берган, унинг ҳуқуқларига амал қилганлар дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтиёр бўладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Кимики икки қизни турмушга чиққунларича вояга етказиб тарбияласа, қиёмат куни мен ва у мана бу иккисига ўхшаб келади”, деб бармоқларини бир-бирига қўшиб кўрсатдилар.
Набий (алайҳиссаллом): “Кимгаки Аллоҳ таоло қиз неъмати билан сийласа, сўнгра уларни чиройли тарбияласа, улар отаси учун дўзахдан парда бўлишади”, дедилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг учта қизи ёки учта синглиси бўлса ёки иккита қизи ёки иккита синглиси бўлса, сўнгра уларни гўзал ахлоқ ва чиройли муомала билан тарбия қилса, қизлари ёки сингиллари албатта унинг жаннатга киришига сабабчи бўлади”, деганлар.
Юқоридаги ҳадислар нақадар мукаммал, инсонпарвар, адолатли ва олийжаноб дин эканини яна бир бора исботламоқда. Динимизга муносиб бўлишимиз, унинг кўрсатмаларига риоя қилишимиз бизни камолот сари етаклайди.
Оилаларимиздаги, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, хурсандчилик ва хотиржамлик абадий бўлиб қолишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.
Абутолиб ИСАҚОВ
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани
“Оқ масжид” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида имом Абдулазиз «Шамсул аимма Ҳалвоий» ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими ўтказилди.
Мажмуанинг очилиш маросимида самарқандлик таниқли олимлар, дин намояндалари, зиёлилар ва нуронийлар иштирок этди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят бўлими раҳбари ўринбосари Хайрулло Сатторов, манбашунос олим Комилхон Каттаев сўзга чиқиб, имом Шамсул аимма ҳазратларининг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбирда ушбу муборак масканни обод қилишда ўз ҳиссасини қўшган барча фидойилар, уста-қурувчилар, маърифатли тадбиркорларга маҳалла аҳли номидан миннатдорлик билдирилди.
«Шамсул аимма» унвони билан шуҳрат топган Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳалвоий етук фақиҳларимиздан биридир. Абу Саъд Самъоний қаламига мансуб «Насабнома» китобининг бухоролик олимлар қисмида ёзилишича, Ҳалвоийнинг отаси ҳалво пишириб, сотиб тирикчилик қилиб юргани учун у кишига ота касби билан нисбат берилган.
Ҳалвоийнинг туғилиши билан боғлиқ маълумот бирор-бир манбада келмагани боис туғилиш санаси ҳозирча маълум эмас. Ота томонидан аждодлар силсиласи Пайғамбаримизнинг жиянлари ва куёвлари Али ибн Абу Толибга боғланади.
Абдулҳай Лакнавийнинг «Фавоид ал-баҳийя фит-тарожима ал-ҳанафийя» китобида қайд этилишича, ироқлик кўпгина фақиҳлар унвон танлашда касб-ҳунар, қабила ёки бирор жой номига нисбат бериш билан «Жассос» (сувоқчи), «Қудурий» (қозончи) каби соддагина тахаллуслар олишган.
Қорахонийлар пойтахтини Ўзгандан Самарқандга кўчиргач, Ҳалвоий Кешга сургун қилинади. У киши қолган умрини шу ерда ўтказади. Абдулазиз Ҳалвоий тахминан 1058 йили Кешда вафот этади. У кишининг жасади Бухорога олиб келиниб дафн қилинади. «Мен у зотнинг қабрларини зиёрат қилдим», дейди «Насабнома» асари муаллифи Абу Саъд Самъоний.
Чор Русияси даврида Калобод мозори бузилиб, ўрни уй-жой учун ер майдони сифатида ажратиб берилган. Ҳалвоийнинг қабри ҳам янги бунёд этилган уйлар ичида қолгани сабабли 2004 йили турбати Бухоро шаҳрининг Самарқанд кўчасидаги «Шоҳ Ахси» ёдгорлигига кўчирилди. Шу жойда у зотнинг шогирдларидан бири Бакр Заранжарийнинг қабри ҳам бор.
Ҳалвоийнинг «Шамсул аимма» деб улуғланадиган уламо даражасига етишида устозларининг хизматлари катта бўлган. Абдулҳай Лакнавий Абдулазиз Ҳалвоийнинг фиқҳ илмидан устозлари силсиласи Абу Ҳанифага бориб етиши ҳақида маълумот беради. Ҳалвоийдан Сарахсий (1010–1093), Абул Уср Паздавий (1010–1089), Абул Юср Паздавий (1030–1099), Бакр ибн Муҳаммад Заранжарий (1035–1118) кабилар сабоқ олиб, замонасининг етук фақиҳ олимлари бўлиб етишишган.
Ҳозиргача олимнинг бирор бир китоби қўлёзма ёки тошбосма шаклида топилмаган бўлса-да, у киши қаламига мансуб асарларнинг номи бизга маълум. Абу Саъд Самъонийнинг «Насабнома», Ҳожи Халифа Чалабининг «Кашфуз Зунун», Ҳофиз Абдул Қодир Қурайшийнинг «ал-Жавоҳир ал-Музийя фит-табақот ал-ҳанафийя», Шамсуддин Заҳабийнинг «Сияру аълом ан-нубало» китобларида Ҳалвоийнинг асарлари ҳақида маълумотлар берилган. У киши «ал-Мабсут», «ан-Наводир», «Фавоид», «Шарҳ ал-адаб ал-Қодили Аби Юсуф», «Шарҳ ал-адаб ал-Қоди лил-Хассоф» каби китоблар ёзган.
Ҳанафий мазҳаби уламолари мазҳаб фақиҳларини салоҳияти, илмий лаёқатига қараб етти табақага ажратадилар. Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Мухтасар ал-виқоя»га шарҳ сифатида ёзган «Кифоя» номли китобида Хассоф, Таҳовийлар билан бир қаторда Ҳалвоий, Сарахсий, Паздавий ва Қозихонларни учинчи табақа вакиллари сирасида зикр қилади. Ушбу табақа вакиллари мазҳаб соҳибидан ривоят қилинмаган масалаларда ижтиҳод қиладиган мужтаҳид фақиҳлар бўлишган.
Алломанинг фатволари кўплаб мўътабар китобларда, хусусан, «Фатавои Оламгирия», «Фатавои Қозихон», «Муҳити Сарахсий», «Кофий», «Захира» ва «Жомиъ ал-мабоний лил-масаили шарҳи фиқҳи Кайдоний» каби асарларда келтирилган.