Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Январ, 2025   |   9 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:34
Bismillah
09 Январ, 2025, 9 Ражаб, 1446

Фарзандингиз қиз бўлса уяласизми?!

15.11.2017   5391   4 min.
Фарзандингиз қиз бўлса уяласизми?!

Баъзи одамлар орасида қиз фарзандли бўлганда уяладиган ёки мамнун бўлиш ўрнига ғамгин бўладиган тор фикрли кимсалар ҳам борки, уларни наздида қиз фарзандни қадри пастроқдек эмиш гўё...

Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан бериладиган омонатдир. Аллоҳ таоло кимгадир фарзанд бериб имтиҳон қилса, кимгадир бермасдан имтиҳон қилади. У хоҳ қиз бўлсин, хоҳ ўғил бўлсин ҳаммасига баробар тарбия қилиб, ўстириш ота-онанинг вазифасидир. Жоҳилият даврларида, аёл зотини ерга урувчи ахмоқона урф-одатлар бор эди. 4-5 ёшга тўлган қиз болаларни тириклайин кўмиб, у келтирадиган ор-номусдан қутулдим, деб ғурур билан гердайиб юришар эди. Ўша пайтларда тарихнинг гувоҳлик беришича, қиз бола 4-5 ёшга етганда ота уни кўмиб ташламоқчи бўлса, онасига қизингни ясантириб бер, ўйнатиб келай, дер экан. Бечора она “ўйнатиб келиш нима эканини яхши билса ҳам, жоҳилият қонунига қарши чиқа олмас эди. Она юрак-бағри тилка пора бўлган ҳолда, қон ютиб, ўз жигаргўшасини бешафқат эрига ясантириб берарди. Ота эса қизни чеккароқ бир жойга олиб борар, унга ўйинчоқ бериб ўйнатиб қўйиб, ўзи чуқур қазир эди. Чуқур тайёр бўлганда ўйнаб турган гўдакни ўйинчоғи билан бирга шафқатсизларча кўмиб ташлар эди. Бунга ўхшаш аянчли ҳодисалар бошқа миллатларда ҳам бўлган. Лекин бу каби ваҳшиёна одатларга Ислом дини биринчи бўлиб қарши чиқиб, барҳам берди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир», (Наҳл сураси, 58-59-оят).

Ҳазрати Хадича (розияллоҳу анҳо) онамизга қариндош бўлган Ҳаким ибн Ҳизом (розияллоҳу анҳу) олийжаноб, саҳий ва яхшиликни севувчи бир киши бўлиб, жоҳилият даврида қизларини тириклай ерга кўмишга қасд қилган кишилардан қизларини сотиб олиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қоларди. Бир куни Ҳаким ибн Ҳизом (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Жоҳилият даврида қилган яхшиликларимнинг менга фойдаси тегадими”, деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Сенинг бу гўзал амалинг Исломга киришингга сабабчи бўлди”, деб жавоб бердилар.

Жамиятта фарзанд бахтидан мосуво кишилар ҳам борки, ана ўшаларнинг ҳолатидан тўғри хулоса олиб фарзанд кўришга муяссар қилганига шукрона қилиш, фарзанд ўғил-ми қиз-ми унинг ҳақларига риоя қилиб, чиройли тарбия берилиши лозим. Тирноққа зор кимсалар ўзи учун бировни боласини боқиб олмоқда. Уларга берилмаган бахтни берилганини ҳис қилиш учун инсоф кўзи очиқ бўлиши зарур экан.

Қиз болага чиройли тарбия берган, унинг ҳуқуқларига амал қилганлар дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтиёр бўладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Кимики икки қизни турмушга чиққунларича вояга етказиб тарбияласа, қиёмат куни мен ва у мана бу иккисига ўхшаб келади”, деб бармоқларини бир-бирига қўшиб кўрсатдилар.

Набий (алайҳиссаллом): Кимгаки Аллоҳ таоло қиз неъмати билан сийласа, сўнгра уларни чиройли тарбияласа, улар отаси учун дўзахдан парда бўлишади”, дедилар.

 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Кимнинг учта қизи ёки учта синглиси бўлса ёки иккита қизи ёки иккита синглиси бўлса, сўнгра уларни гўзал ахлоқ ва чиройли муомала билан тарбия қилса, қизлари ёки сингиллари албатта унинг жаннатга киришига сабабчи бўлади”, деганлар.

Юқоридаги ҳадислар нақадар мукаммал, инсонпарвар, адолатли ва олийжаноб дин эканини яна бир бора исботламоқда. Динимизга муносиб бўлишимиз, унинг кўрсатмаларига риоя қилишимиз бизни камолот сари етаклайди. 

Оилаларимиздаги, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, хурсандчилик ва хотиржамлик абадий бўлиб қолишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

 

Абутолиб ИСАҚОВ

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани

“Оқ масжид” жоме масжиди имом-хатиби

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

7.01.2025   3252   2 min.
Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!

Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ