Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

Ер юзидаги энг покиза маскан

14.11.2017   6696   5 min.
Ер юзидаги энг покиза маскан

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Роббимиз инсон зотини Ўзи яратган барча махлуқотлар ичида азиз ва мукаррам қилиб яратгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шу мукаррамлик инсоннинг ўзига хос бўлган бир неча фазилатларида намоён бўлади. Улардан бири, албатта, инсоннинг поклик, тозалик, сарамжон-саришталик ва шинамликка бўлган интилишидир. Шундан келиб чиқиб инсон аввало ўзини, либосини, ишлатадиган жиҳозларини, яшаб турган уй-жойини, маҳалласини, қишлоқ ва шаҳарларини, юртини, қолаверса, бутун ер куррасини тоза ва покиза сақлашга ҳаракат қилади. Ана шу курраи заминда доимий ҳолда покиза сақлашга энг лойиқ ва муносиб бўлган жой эса, албатта, барчамиз ибодат қиладиган муқаддас маскан – масжидлардир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларга:

أَنْ طَهِّرَا بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْعَاكِفِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ

Уйимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар», деб амр қилдик”, деган (Бақара сурасининг 125-ояти).

Демак, Аллоҳ таолонинг байти бўлмиш масжидларни пок тутиш оддий урф ёки инсонийлик табиатидан келиб чиқиб қилинадиган иш эмас. Балки тўғридан-тўғри Роббил оламийннинг амри бўлиб, ҳар бир мусулмон учун бу буйруқни бажармоқ буюк шараф ва ўз ўрнида ибодатдир. Бизнинг юртимиз мўмин-мусулмонлари динимиз кўрсатмаларини доимо оғишмасдан бажариш борасида намуна бўлиб келган.

Сўзимизнинг исботи учун ҳозирги кунда юртимизда фаолият кўрсатиб турган масжидлардаги озодалик ва покликка бўлган эътибор ҳақида маълумот бермоқчимиз. Юртимиздаги ҳар қандай шаҳар ва қишлоқлардаги ҳаттоки энг чекка ҳудудларимизда жойлашган масжидларни-да бориб кўрсангиз, кўзингиз қувнайди, ибодат қилсангиз қалбингизда ўзгача шукуҳ ва ҳаловатни ҳис қиласиз. Ер юзининг ҳеч қаерида топилмайдиган эминлик ва хотиржамлик ҳам айнан масжидларга хос бўлган хусусиятдир. Зотан, Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 97-оятида марҳамат қилиб:

فِيهِ آَيَاتٌ بَيِّنَاتٌ مَقَامُ إِبْرَاهِيمَ وَمَنْ دَخَلَهُ كَانَ آَمِنًا

Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир...” деган.

Ҳа, мусулмон киши масжидларга кирар экан нафақат жисмоний хавф-хатар, балки энг асосийси руҳий-маънавий, эътиқодий ва тарбиявий томонлама ҳам хотиржамликка эришади. Бунинг учун аввало инсоннинг ўзи ҳар тарафлама ана шу фазилатларга лойиқ ва муносиб бўлишга ҳаракат қилиши керак. “Қарс икки қўлдан чиқади” деганларидек, албатта, масжиддаги ҳолат ҳам ҳар тарафлама талабга жавоб бера олиши керак. Бизда эса алҳамдулиллаҳ бу борада ҳеч қандай камчиликлар йўқ. Хизмат сафарлари ва зиёратлар сабаб кўпгина юрт ва шаҳарларда бўлдик. Тўғрисини айтишимиз керак, исломнинг маркази бўлган баъзи шаҳарларда ҳам марказий масжидлардан ташқари бўлган масжидларда поклик ва тозаликка бўлган эътибор кўнгилдагидек эмас. Ибодат тўлиқ ва бенуқсон бўлиши учун аввало, таҳорат мукаммал бўлиши лозим. Бунинг учун эса албатта таҳоратхона озода ва шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши керак. Юртимизда деярли ҳамма масжидларда шундай шароитлар мавжуд.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги масжид имом-хатиблари ва шу ишларга масъул бўлган бошқа ходимларнинг бу борада олиб бораётган буюк хизматларини эътироф этишимиз керак. Масжидлардаги барча таҳоратхоналар ҳар тарафлама шароитлари намунали. Иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган. Хоналарнинг иссиқлиги, ёзда эса салқинлиги ҳам, у ердаги ҳавони тозалаш ва уни айлантириб-шамоллатиб турадиган жиҳозлар, юз ва қўлларни артиш учун алоҳида сочиқлар, қўлни ювиш учун совунлар, кўзгулар, ҳаттоки таҳоратдан кейин суртиш учун хушбўйликлардан тортиб таҳоратхоналарнинг бадиий безагига ҳам алоҳида эътибор берилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўзимизнинг уйларимизда ҳам бундай қулай шароитларни топиш қийин. Таҳорат олиб чиққандан сўнг ибодат қилиш учун хонақоларга кирилар экан беихтиёр ўта мамнун бўлганингиздан масжидни қурган ва хизмат қилаётганларнинг отасига раҳмат айтиб юборасиз. Бутун масжидларга тўшалган гиламларни кўриб кўзингиз қувнайди. Шундай ҳам тоза ва шинамки сажда қилсангиз бош кўтаргингиз келмайди. Масжиддаги барча жиҳозлар, безаклар, қандиллар, миллийлигимизга далолат қилувчи ўймакорлик ва наққошлик ишлари-ю уларга берилган ранглар ҳамма-ҳаммаси бир-бирига мутаносиб.

Хулоса қилиб айтганда, бундай гўзал ҳолатга эришиш осон бўлмаган. Не-не замонлар ва не-не аждодлар ўтдилар. Албатта ҳаммаларининг ҳам ўзига яраша хизматлари бор. Спортчиларда бир мақол бор “чемпион бўлиш осон, уни сақлаб, ҳимоя қилиб туриш қийин”. Азизлар, масжидлар ҳаммамиз ҳар тарафлама ҳаловат ва хотиржамлик топадиган муқаддас масканлардир, у ерни кўз қорачиғидек авайлаб, асрамоқ Роббил оламийннинг амридир. Ушбу шарафли ва масъулиятли вазифани бажаришни фақат имом-хатиб ва масжидларнинг ходимларига ташлаб қўймасдан, уларнинг ёнида камарбаста бўлиб ҳар тарфлама ёрдам бериб туришимиз керак. Ана шунда юртимизнинг кўрки, салобати, ҳайбати ва зийнати бўлиб турган масжидларимиз сон жиҳатидан янада кўпаяди ва сифати жиҳатидан бундан-да кўркам бўлади. Зотан, мусулмонлар ўз юртидаги диний ва маърифий даргоҳлар билан фахрланади, бунда эса сўзсиз масжид ва мадрасалар беқиёс ўрин тутади.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидлар бўлими ходими

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Рамазонга 1 ой қолди ёхуд Шаъбон ойи муборак бўлсин!

30.01.2025   2756   2 min.
Рамазонга 1 ой қолди ёхуд Шаъбон ойи муборак бўлсин!

Ражаб ойи ниҳоясига етиб, Шаъбон ойи ҳам кириб келди. Бу ой кирганда араблар сув қидириб, турли йўллар ва дараларга тушиб, тарқалиб кетганлари учун шаъбон деб номланган.

Бу ой Рамазон ойига тайёргарлик кўриш ойи саналади. Шаъбон ойи Қуръон кўп тиловат қилинадиган ва кўп рўза тутиладиган ойдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда кўп рўза тутардилар.

Бу ҳақда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон ойда шаъбондагидан кўп рўза тутмас эдилар. Зотан, у зот шаъбоннинг ҳаммасида рўза тутар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Афсуски, аксарият инсонлар бу ойнинг фазилатларидан ғафлатда қоладилар. Бу ойда амаллар Аллоҳ таолога кўтарилади. Усома розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: Мен Расулуллоҳдан: "Ё Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбонда рўза тутганингиздек рўза тутганингизни кўрмадим", деб сўрадим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бу бир ойки, одамлар ундан ғофил қолурлар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббул аъламийнга кўтарилади. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).

Уламолар: "Шаъбон ойида бир йиллик амаллар Аллоҳга кўтарилади", деганлар.

Ўтган солиҳлар бу ойда янада кўпроқ Қуръон тиловат қилишарди. Ҳатто айримлар шаъбон ойи кирганда бошқа ишларини ташлаб, фақат Қуръони карим тиловати билан банд бўлардилар.

Тобеинлардан Салама ибн Куҳайл раҳматуллоҳи алайҳ: "Шаъбон ойи – қорилар ойидир", деб айтарди.

Шунингдек, ўтган солиҳлар бу ойда мискинларга ғамхўрлик қилишга ошиқардилар. Бева-бечора, фақир ва камбағаллар Рамазон ойини кўтаринки кайфият ва хурсандчилик билан кутиб олишсин деб закотларини берардилар.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Мусулмонлар шаъбон ойи кириб келиши билан закотларни адо этишга ва Қуръони каримнинг тиловатини кўпайтиришга жуда қаттиқ эътибор берардилар".

Бир сўз билан айтганда, шаъбон ойи нафсни рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёрлаш ойидир. Шаъбон ойингиз муборак бўлсин!
 

Даврон НУРМУҲАММАД