Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446

Пуллик ўқув-курслари ташкил этилиши юзасидан расмий хабар

13.11.2017   1000   1 min.
Пуллик ўқув-курслари ташкил этилиши юзасидан расмий хабар

Ижтимоий тармоқ ҳамда турли ахборот сайтларида юртимизда диний таълим муассасалари қошида пуллик курслар ташкил этилиши юзасидан хабарлар тарқалди. Бунга нисбатан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг муносабати қуйидагича. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий ҳайъатининг қарорига асосан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари қошида пуллик ўқув курсларини ташкил этиш кўзда тутилган эди. 

Ушбу масала юзасидан 2017 йил 13 ноябрда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов  ҳазратлари буйруқни имзоладилар. 

Унга кўра, ЎМИ тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб, Қуръони карим ва тажвид ҳамда араб тили фанларини ўргатувчи пуллик ўқув курслари маҳаллий ҳокимиятлар билан келишган ҳолда ташкил этилиши белгиланган. Бунда кўпи билан тўртта гуруҳ ташкил этиши ва ҳар бир гуруҳда 15 нафардан тингловчи қабул қилиниши мақсадга мувофиқ экани таъкидланган. 

Ўқув курсларида ўқишни хоҳлаган фуқаролар аризалари навбатга қўйилиб, ушбу асосда гуруҳлар ташкил этилиши белгиланган. 

Ўқув курсларини ташкил этиш 1 декабрдан йўлга қўйилиши ва курснинг давомийлиги 6 ой этиб белгиланган. 

Ўқув курслари учун тўлов 1,5 миллион сўм қилиб ўрнатилди. 

Буйруқ имзоланган кундан бошлаб ЎМИнинг тегишли бўлимлари томонидан курсларнинг ўқув дастурлари ишлаб чиқилади. 

Ўқув курслари таълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб ташкил этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳақиқий дин қандай бўлади?

27.09.2024   11604   3 min.
Ҳақиқий дин қандай бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниҳоят Макка фатҳ қилинди. Унга ўзлиги қайтарилди. Тавҳид қибласи, мўминлар қалбининг маъшуқаси ширк ботқоғидан қутқарилди. Энди навбат бутун араб жазирасини ширкдан қутқаришга келган эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалом ислом арслони Али ибн Аби Толиб розияллоллоҳу анҳуни чақирдилар. У зотни қўшинга бош қилиб, Той қабиласи бути Фулсни парчалагани юбордилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қўшин билан бориб юклатилган вазифани аъло даражада бажариб асирлар билан Мадинага қайтдилар. Асирларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилиш ҳақида машварат қилиш учун масжид олдида қўйдилар.

Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кираётганларида у зотни асир аёллардан бири тўхтатиб деди:

– Эй Муҳаммад! Агар мумкин бўлса мени озод қилсанг. Араблар мендан кулишмаса яхши бўлар эди. Отам ўлди. Келиб-кетувчилар тўхтади. Менга илтифот қил, Аллоҳ ҳам сенга илтифот қилсин! Отам қавмининг саййиди эди. У қийналганларга ёрдам қилар, жиноят қилганларни авф қилар, қўшничиликни сақлар, шарафни ҳимоя қилар, фақирларни суяр, уларга таом берар, саломни тарқатар, юки оғирларнинг юкини кўтарар, тақдир зарбаларига учраганларга ёрдам берар эди. Ҳожатини сўраб келган бирор кишини ноумид қилган эмас. Мен Ҳотам Тоийнинг қизи Саффона бўламан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:

– Булар ҳақиқий мусулмоннинг сифатларидир. Агар отанг мусулмон бўлганида биз Аллоҳдан унга раҳм қилишини сўраган бўлар эдик.

Сўнгра саҳобаларга қараб:

– Уни қўйиб юборинглар. Унинг отаси гўзал ахлоққа даъват қилар эди, дедилар.

Юқоридаги сифатлар ҳақиқатдан ҳам мусулмонларнинг сифати. Биз эътибор берадиган жой мана шу ер.

Ҳақиқий дин масжидда эмас, жойнамоз устида ҳам эмас.

Ҳақиқий дин тижорат ва мансабдаги омонатдорликда.

Ҳақиқий дин ота-она олдидаги камтарликда.

Ҳақиқий дин ака-укалар ва опа-сингилларга қилинадиган яхшиликда.

Ҳақиқий дин жуфти ҳалолнинг азиятига сабр этиш ва фарзандларга раҳм қилишда.

Ҳақиқий дин қўшниларинг билан қилинадиган муомалада.

Ҳақиқий дин беморга пул йиғилганида бахиллик қилмасликда.

Ҳақиқий дин биров ғийбат қилинганда ғийбатчиларга қўшилиб кетмасликда.

Ҳақиқий дин одамларнинг айбини яширишда.

Ҳақиқий дин ишониб айтилган сирни сақлай олишда.

Тавҳид, намоз, рўза ва бошқа ибодатлар Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққидир. Улар диннинг ярми. Қолган ярми эса, бошқалар билан қандай муомала қилишингдадир.

Ҳаётда кўринмайдиган диндорлик ичи бўш диндорликдир.

Сени юмшоқ, сахий ва бировга зарари тегмайдиган бўлишингни таъминламаган иймон нуқсонли иймондир.

Тўғри, киши агар куфрда вафот этса бу ахлоқлар унга фойда бермайди. Аммо хулқсиз иймон ҳам оқсоқ иймондир.

Ушбу ибрат нақадар ўринли: «Диннинг барчаси хулқдир. Ким сендан хулқда ўзиб кетган бўлса, демак динда ўзиб кетибди!».

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди