Аввалроқ, Самарқанд вилоятидаги “Ҳадис” ва “Калом” илмий мактабларининг очилиш маросими ўтказилиб, унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этишгани ҳақида хабар берган эдик.
2017 йил 10 ноябрь куни эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Самарқанд вилоятида ташкил этилган Калом ва Ҳадис мактабларининг устоз ва талабалари билан учрашди. Устозга Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамроҳлик қилди.
Шайх ҳазратлари ушбу мактаблар фаолияти ва дарслик адабиётлари билан танишар экан, ушбу ишдан ниҳоятда мамнун экани ва келажакда бу мактаблардан калом ва ҳадис фанлари бўйича етук олимлар етишиб чиқишига ишонч билдирди.
Абдулазиз Мансур дастлаб калом мактаби ўқитувчи ва талабаларининг дарс жараёнини кузатиб, ўзининг қимматли маслаҳат ва таклифларини айтиб ўтди. Жумладан, Шайх ҳазратлари: “Калом мактабида аввало, буюк мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифанинг “Фиқҳул Акбар” китобини асл манбадан ўқиётганларингиз ва уни ёдлашни бошлаганларингиз мени жуда ҳам хурсанд қилди. Бизнинг мазҳабимиз ва ақидамизга энг мос ва мўътабар китоб манашу китобдир. Дарсларингиз давомида ушбу китобнинг улуғ алломалар Алийюл Қорий ва Тафтазонийлар томонидан ёзилган шарҳларини ҳам ўқиб боришларингизни маслаҳат бераман. Чунки китобнинг шарҳида жуда кўп масалалар баён этилган. Шунингдек, ушбу китоблар соф араб тилида ёзилган бўлиб, бу сизларга араб тилини энг чиройли услубда ўқиш ва талаффуз қилишингизда катта ёрдам беради” дедилар.
Шайх Абдулазиз Мансуров Ҳадис мактаби ўқитувчи ва талабалари билан ҳам учрашиб, ҳадис китобларини ўқишда ва ҳадис турларини яхши ўзлаштириб боришларини таъкидлади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан талабалар учун тайёрлаб нашр қилинган буюк бобомиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “ал-Адаб ал-Муфрад” китобини ёд олишларини тавсия қилди. Ҳадислар маъносига жиддий эътибор қаратиб, унга амал қилишда ҳушёр бўлишга чақирди. Чунки, ҳадислардан фиқҳий, эътиқодий масалаларда ҳукм олишда мазҳаблар ўртасида турли қарашлар мавжудлигини эслатиб ўтди.
Бугунги кунда айрим ақидапарст оқимлар, оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилганликлари сабабли ҳам нотўғри йўлларга тушиб қолганлигини айтиб ўтди.
Шайх Абдулазиз Мансуров азалий аждодларимизнинг устоз-шогирд анъанасига мувофиқ, дарс ўтиб, яратгандан ушбу мактаб ривожи учун, уни ташкил қилишда хизмат қилган раҳбарларимиз ва барча устоз ва талабар ҳақларига дуойи хайр қилди.
Тоҳир Эвадуллаев
Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган.
Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.
Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.
Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.
Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.
Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.
Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.
Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.
Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!
Акбар ШУКУРОВ,
Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”
жоме масжиди имом ноиби