"Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!" (Аъроф, 204).
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ўқиётганларида нозил бўлган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Саид ибн Мусаййиб (розияллоҳу анҳу): "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ўқиётган пайтда, у зотнинг олдиларига мушриклар келиб: "Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига: «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солмангиз ва (уни чалғитиш учун) жаврайверингиз!" дейишди. Шунда Аллоҳ таоло "Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!" (Аъроф, 204) оятини нозил қилди", деди" (Қуртубий тафсири).
Манбаларда мазкур оят намозда гапирмаслик ҳақида нозил бўлгани айтилади. Ушбу оят нозил бўлишидан олдин мусулмонлар намозда гапираверишар эди. Абул Олия (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имом бўлиб, саҳобаларга намоз ўқиб бераётганларида, улар у зот (алайҳиссалом)нинг орқаларида овоз чиқариб қироат қилишди. Шунда: "Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!" (Аъроф, 204) ояти нозил бўлди" (Самарқандий тафсири).
Баъзи маълумотларга кўра юқоридаги оят имом хутба ўқиётганда бошқалар тинглаши ҳақида нозил бўлган. Имом ибн Аробий (раҳматуллоҳи алайҳ): "Бу маълумот заиф ҳисобланади. Чунки хутбада Қуръон оятлари кам ўқилади. Ҳанафий мазҳаби таълимотига кўра хутбани бошидан охиригача гапирмасдан тинглаш вожиб ҳисобланади", деган. Имом Наққош (роҳимаҳуллоҳ): "Бу оят Макка шаҳрида нозил бўлган. У ерда хутба ҳам жума намози ҳам бўлмаган", деб таъкидлайди. Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Имом намоз ўқиётганда такбир айтса, такбир айтинглар, қироат қилса тинглаб туринглар”, дедилар”, (Имом Муслим ривояти).
Мазкур оятда “сукут сақлангиз”, деб таржима қилинган “анситу” сўзидан қироат пайтда жим туриш ва оятларни охиригача эшитиш каби маънолар тушунилади. Шунингдек, муқаддас динимизда жамоат намозида имом қироат қилаётганда, хутба ўқилаётганда ва Қуръони карим тиловат қилинаётганда сукут сақлаб, ихлос билан тинглашга буюрилган.
Қуръони карим мўмин-мусулмонларга буюк неъмат ва тенги йўқ инъомдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримни бундай сифатлайди: "… Бу (Қуръон) имон келтирадиган қавм учун Раббингиздан кўрсатмалар, ҳидоят ва раҳмат (манбаи)дир»" (Аъроф, 203). Қуръони каримни қироат қилинганда гапирмай, жим туриб, тинглаган ва унга амал қилган банда мазкур оятдаги фойдаларни қўлга киритади ҳамда дунё ва охират саодатига эришади.
Инсон Қуръони карим тиловат қилинганда ибодат ниятисиз жим туриши ва эшитиши мумкин. Лекин бунда Аллоҳнинг каломини тинглаш савобидан махрум бўлади. Агар банда ибодат ниятида Каломуллоҳни тингласа ва жим турса чексиз ажру мукофотга эга бўлади. Қуръони карим қироат қилинаётган пайтда гўё Аллоҳ таоло сўзлаётгандай бўлади. Оламлар Раббиси сўзлаганда, Унинг каломидан юз ўгириш, жим турмаслик ва тингламаслик мўмин-мусулмонларнинг хулқу одобидан эмас.
Биз ўрганаётган оятда Қуръон тиловат қилинганда тинглаш ва жим туриш вожиб экани маълум бўлади. Каломуллоҳни тафаккур ва хушу билан тинглаш муқаддас динимиз талабидир. Қуръони каримни тинглаш қалбга шифо бўлиб, инсонни тоат-ибодат ва тақвога бошлайди. Натижада банда Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига эришади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ таолонинг китобидан бир оят тингласа, унга битта савоб кўпайтирилиб берилади. Ким Қуръон тиловат қилса, унга қиёмат куни нур бўлади”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Қуръони карим намоз ва хутбада ўқиладими ёки бошқа ўринларда қироат қилинадими, унга доимо қулоқ тутилади. Каломуллоҳ қаерда ва қандай ҳолда ўқилса ҳам унинг эшитиш одобига риоя этилади. Чунки Аллоҳ таоло ўз каломини бошқа барча гаплардан олий бўлишини, ажралиб туришини хоҳлайди. Мусҳафи шарифни таҳорат билан ушлаш бошқа китоблардан ажраб туришида муҳим омил ҳисобланади ва буюк Зотнинг каломини улуғлаш бўлади. Манашу Аллоҳнинг каломига буюклик ва маҳобат беради. Бунга мўмин-мусулмонлар амал қиладилар сўнгра уни одатга айлантириб, болаларини ҳам шу руҳда тарбия қиладилар. Натижада болаларнинг қалбларида Қуръонга муҳаббат уйғонади, унга нисбатан ҳурмат пайдо бўлади ва уни муқаддас китоб эканини англаб етадилар.
Қуръони карим тинглашнинг ўзига хос одоблари бор. Каломуллоҳни эшитувчи, аввало, қалбини ҳозирлайди, ибодатни ният қилади, кўзини юмади, сийратию суратида хотиржам бўлиб, ихлос билан Аллоҳнинг каломига қулоқ солади. Қироат пайтида сажда оятини эшитса, сажда қилади. Тасбеҳ оятлари тиловат қилинса, Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, Раҳмон Зотни улуғлайди. Жаннат, тақводорларга бериладиган инъомлар ва ваъдалар ҳақидаги оятлар зикр қилинганда Аллоҳнинг фазлини сўрайди. Дўзах, аламли азоблар ва ваъидлар ҳақидаги оятлар ўқилганда Аллоҳдан паноҳ сўрайди. Тиловат қилинган оятларга амал қилишни мақсад қилади.
Жаъфар Содиқ (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Ўзи хавф ва дахшатга тушиб, “Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил (Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир!) (Оли Имрон, 173)” оятини ўқиб ҳимояланмаган одамдан ажабланаман. Чунки бундан кейин: “Улар (Бадрдан жангсиз) Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила бирор ёмонликка учрамай қайтдилар. (Улар) Аллоҳнинг ризосини излаган эдилар. Аллоҳ, албатта, буюк фазл эгасидир” (Оли Имрон, 174), оятини эшитганман. Ғамга ботиб: “Ла илаҳа илла анта субҳанака инни кунту миназ золимин (Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим)” (Анбиё, 87), оятини ўқиб ёрдам сўрамаган кишидан ажабланаман. Бу оятдан кейин: “Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз” (Анбиё, 88), деган оятни эшитганман. Макр-ҳийла қилинган киши: “Ва уфаввизу амри илаллоҳи инналлоҳа басирун билибад (Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир” (Ғофир, 45) оятини ўқиб нажот изламаган бандадан ажабланаман. Чунки бундан сўнг “Бас, Аллоҳ у (имон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макрларидан сақлади” (Ғофир, 45) оятини эшитганман. Мол-мулк талабидаги одам: “Машааллоҳу ла қуввата илла биллаҳ (бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир)” (Каҳф, 39) оятини ўқиб юрмаган одамдан ажабланаман. Чунки мазкур оятдан кейин: “Раббим менга сенинг боғингдан яхшироқ (боғ) ато этар” оятини эшитганман” (Каҳф, 40). Шунинг учун, Қуръони карим тиловат қилинганда ибодатни ният қилиб, чин дилдан тинглаб, унинг маънолари ва фойдаларини билишга ҳарис бўлмоғимиз гўзал одобдир.
Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Илм олиш тинглашдан бошланади, сўнгра уни тушунилади ва ёд олинади кейин унга амал қилинади”, дедилар. Банда Каломуллоҳни холис ният билан тингласа, унинг қалбига Аллоҳ таоло нур солади ва тўғри йўлга ҳидоят қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “…Бас, (эй Муҳаммад!) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17-18).
Қуръони карим рамазон ойи қадр кечасида дунё осмонидаги Байтул иззага тўлиқ-мукаммал қилиб туширилди. Сўнгра Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи ва саллам)га бўлак-бўлак қилиб нозил қилинди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара, 185 оят). Шунинг учун Рамазон ойини Қуръон ойи деб ҳам номланади.
Қуртубий, Розий,Самарқандий,
Шаъровий, Ибн Касир тафсирлари асосида
Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
46 - وَمَنْ يَنْوِ ارْتِدَادًا بَعْدَ دَهْرٍ
يَصِرْ عَنْ دِيْنِ حَقٍّ ذَا انْسِلاَلِ
Маънолар таржимаси:
Кимки бирор замондан сўнг муртад бўлишни ният қилса, (шу лаҳзанинг ўзидаёқ) ҳақ диндан пинҳона чиқиб кетганга айланади.
Назмий баёни:
Кимки муртадликни ният-қасд этар,
Шу ондаёқ пинҳона ҳақ диндан кетар.
Луғатлар изоҳи:
مَنْ – шарт исм.
يَنْوِ – шарт феъли. Охиридаги ي си ҳазф қилиниши билан мажзум бўлиб турибди. Ният ташдидли نِيَّةٌ ва ташдидсиз نِيَةٌ шаклларида келади, луғатда “қасд қилиш”, “азму қарор қилиш” маъноларини англатади.
اِرْتِدَادٌ – луғатда “орқага қайтиш”, “тарк этиш” маъноларини англатади. Шу маънода Ислом динидан қайтган киши муртад дейилади.
بَعْدَ – зарф.
دَهْرٍ – калимаси “замон”, “аср”, “узун умр” маъноларини англатади.
يَصِرْ – жавоб шартликка кўра жазм бўлиб турибди.
عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган.
حَقٍّ دِيْنِ– музоф, музофун илайҳ. Ҳақ дин деган сўз билан Ислом динининг сифати баён қилинган.
انْسِلاَلِ – бу масдар бирор жойдан билдирмасдан чиқиб кетишга нисбатан ишлатилади.
Матн шарҳи:
Ушбу матнда Ислом динидан қайтишни ният қилган кимсанинг муртад бўлиши баён қилинган. Бу масала ўта нозик бўлганидан матнда келган ҳар бир калимани диққат билан атрофлича ўрганиб чиқишни тақозо қилади. Муртад бўлишни ният қилса, дейилди. Ният қалбнинг иши бўлганидан аввало қалбда ниятгача бўлган босқичлар ҳам борлигини билиб олиш лозим.
Қалбнинг бирор нарсага қандай боғланиши ҳақида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аби Жамрадан қуйидаги ривоятни келтирган: қалбга келадиган нарсалар қуйидаги тартибда бўлади:
1. اَلْهَمَّةُ (кўнгилга келиш);
2. اَللَّمَّةُ (истак пайдо бўлиш);
3. اَلْخَطَرَةُ (ўй-фикр келиш);
4. اَلنِّيَّةُ (ният қилиш);
5. اَلاِرَادَةُ (қасд қилиш);
6. اَلْعَزِيمَةُ (азму қарор қилиш).
Яъни дастлаб бирор маъно кўнгилга келади, сўнгра ўша маъно кучаяди, кейин эса у ҳақида турли ўй-фикрлар келади. Ушбу учта босқич банданинг ихтиёридан ташқарида бўлгани учун улар ҳақида банда масъул қилинмайди.
Аммо булардан кейинги ният, қасд қилиш ва азму-қарорлар банданинг ихтиёри билан вужудга келгани учун булар ҳақида банда жавобгар бўлади.
Демак, қайси бир мўмин киши миссионерлар таъсирига тушибми ё бошқа бир сабаблар туфайлими, маълум бир муддатдан кейин қисқа вақт бўлсин ёки кўпроқ вақт бўлсин, ўз ихтиёри билан Исломдан чиқишини ният қилса (Аллоҳ сақласин), келажакда муртад бўлишни ният қилаётган бўлса-да, ўша ондаёқ диндан чиқиб кетган ҳисобланади. Чунки Исломни дин деб қабул қилиб, охиратга ишонган ҳар бир мўмин бандага келтирган иймонида собит туриш буюрилган:
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга иймон келтирингиз!”[1].
Яъни иймон келтирганларга қарата яна иймон келтиринг, дея буюрилиши, эй иймон келтирганлар, келтирган иймонингизда собитқадамлик билан бардавом бўлинглар маъносини англатади. Чунки ишонган нарсаси тўғрисида қатъи эътиқодда туриш иймон тақозосидир. Агар банда ушбу қатъи эътиқодига қарши боришни ният қилса, бу нияти қалбидаги тасдиқни йўққа чиқаради, тасдиқни йўққа чиқаришга рози бўлиш эса ўзининг куфрга кетишига рози бўлишдир. Куфрга рози бўлиш эса куфр бўлади. Шунинг учун билиб-билмасдан бундай ишга дучор бўлган кимса дарҳол калимаи шаҳодат қайтариб, тавбага шошилиши лозим бўлади.
Аммо ушбу масаланинг тескариси бундай эмас. Яъни кофир одам бир муддатдан сўнг мўмин бўламан, деб ният қилса, то иймон келтирмагунича куфрдан чиқмайди. Чунки воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади, иш-ҳаракат эса ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Бунинг мисоли муқимлик билан сафарга ўхшайди, мусофир киши муқимликни ният қилишнинг ўзи билан муқимга айланади, чунки муқимлик сафардан воз кечишдир. Воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади. Муқим киши эса ёлғиз ниятнинг ўзи билан мусофирга айланмайди, у яшаб турган жойидан ажралиб чиққанидан кейин мусофирга айланади. Чунки сафар иш-ҳаракатдир, иш-ҳаракат ёлғиз ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Ислом иш-ҳаракатдир, шунга кўра мусофир ниятнинг ўзи билан муқимга айланиб қолганидек, мусулмон киши ҳам куфрни ният қилишнинг ўзи билан кофирга айланади. Кофир эса, муқим киши сафарга чиқмагунича, ниятнинг ўзи билан мусофирга айланиб қолмаганидек, то иймонга иқрор бўлмагунича, мўминга айланмайди...”[2].
Бепарволикнинг аянчли оқибати баёни
47 - وَلَفْظُ الْكُفْرِ مِنْ غَيْرِ اعْتِقَادٍ بِطَوْعٍ رَدُّ دِيْنٍ بِاغْتِفَالِ
Маънолар таржимаси:
Эътиқод қилмасдан (бўлса-да) ўз ихтиёри билан куфр (сўз)ни талаффуз қилиш ғафлат билан динни рад этишдир.
Назмий баёни:
Эътиқодсиз ихтиёр-ла куфрни айтиш,
Демишлар: ғафлат-ла ҳақ диндан қайтиш.
Луғатлар изоҳи:
لَفْظُ – мубтадо. Лафз луғатда “чиқармоқ”, “талаффуз қилмоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда икки хил таъриф берилган:
1. Инсон талаффуз қилган нарса;
2. Талаффуз қилган ё қилмаганидан қатъи назар унинг ҳукмидаги нарса.
الْكُفْرِ – музофун илайҳ.
مِنْ – “табйиния” (фарқлаш) маъносида келган жор ҳарфи.
غَيْرِ– сифат.
اعْتِقَادٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ.
بِ – “сабабия” маъносидаги жор ҳарфи.
طَوْعٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. طَوْعٍ масдари луғатда ихтиёрий равишда бўйунсуниш маъносини ифодалаш учун ишлатилади.
رَدُّ – хабарликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “қайтариш”, “инкор қилиш” маъноларини англатади.
دِيْنٍ – музофун илайҳ. Дин калимаси луғатда “тоат”, “мукофот” маъноларини англатади. Истилоҳда эса “ақл эгаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги нарсани қабул қилишга ундайдиган илоҳий қонун – дин деб аталади”.
Ислом дини ва Ислом миллати ўртасидаги фарқ қуйидагичадир:
– Унга итоат этилиш жиҳатидан дин деб номланади, яъни итоат этиладиган илоҳий ҳукмлар Ислом дини дейилади;
– Унга жамланиш жиҳатидан миллат деб номланади, яъни Ислом дини ҳукмларига итоат этувчилар Ислом миллати дейилади.
بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлмоқ) маъносидаги жор ҳарфи.
اغْتِفَالِ – жор мажрур رَدُّ га мутааллиқ. اِغْتَفَلَ феъли ғофил ҳолатда эътиқод қилишга нисбатан ишлатилади.
Матн шарҳи:
Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир” деган ҳикматли сўз бор. Сўфи Оллоҳёр бобомиз тилга ўта эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақида шундай насиҳат қилган:
Ёмон тил икки оламда зарардир,
Гоҳи исён, гоҳи хавфу хатардир.
* * *
Ёмон тил шумлиғи ки, жонга урғай,
Гоҳи жондин ўтиб иймонға урғай.
Яъни ёмон тил дунё-ю охиратда кишига зарар етказади. Унинг ёмонлиги гоҳида эгасининг бошига етса, гоҳида диндан чиқишига сабаб бўлади. Эътиқодга тааллуқли сўзларни яхши билмасдан гапириш мумкин эмаслигини ҳар бир мусулмон киши яхши англаши лозимдир. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ихтиёрий равишда куфр сўзини талаффуз қилиш диндан қайтиш эканини айтган. Ушбу баҳсга алоқадор масалалардан бири куфр калимасини мажбуран айтган кишининг иймони тўғрисидаги сўзлардир. Мажбурдан куфр калимасини айтган кишилар ҳақида турли хил қарашлар бор. Қалби иймонга тўлиқ бўлгани ҳолда, рўпарасидаги аниқ ўлимдан қутулиш учунгина ўзини иймондан қайтган қилиб кўрсатиш куфр бўлмаслиги ояти карима билан собит бўлган:
“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир”[3].
Яъни кимки иймон келтирганидан сўнг куфр калимасини тилга олса, кимки куфрга рози бўлиб, унга кўксини очса, ундайларга жаҳаннамнинг қаттиқ азоби етади. Аммо қалби иймонга лимо-лим бўла туриб куфр калимасини айтишга мажбурланганларга бундай азоб бўлмайди. Муфассирлар ушбу ояти каримани Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган, – дейишган. Мушриклар у зотни тутиб азоблашганида у зот қаттиқ зўрланганидан улар хоҳлаётган нарсани мажбур ҳолатда айтиб қўйган. Шунда инсонлар: “Аммор кофир бўлди”, дейишган. Аммор розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига йиғлаб келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Қалбингни қандай ҳис қиляпсан, деганлар. У иймонга лимо-лимлигини айтган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Агар улар қайтарсалар, сен ҳам қайтаргин”, – деганлар.
Шу ўринда улуғ саҳобалардан бири бўлган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Арабистон яриморолидаги Тиҳома номли жойда ҳижратдан 54 ёки 57 йил олдин туғилган. Насаблари Аммор ибн Ёсир ибн Омир ибн Молик ибн Кинона ибн Қайс бўлган.
Бу зот Исломни энг аввал қабул қилганлардан бири бўлиб дастлаб Исломга кирганларнинг еттинчиси ҳисобланади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган. Уҳуд, Аҳзоб, Хайбар, Макка фатҳи ва Ҳунайн ғазотларида иштирок этган.
Отаси Ёсир Ямандан Маккага иш билан келиб шу ерда қолиб кетади. Абу Ҳузайфа ибн Муғийра Махзумийнинг чўриси Сумайяга уйланади ва ундан Аммор розияллоҳу анҳу туғилади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу узун бўйли, кенг елкали киши бўлган.
Онаси Сумайя бинти Хоййат Исломдаги энг аввал шаҳид бўлган аёл ҳисобланади.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу “Дорул Арқам”да Исломни қабул қилган. Бу зот Исломга кирганидан сўнг отаси Ёсир, онаси Сумайя ва укаси Абдуллоҳлар ҳам мусулмон бўлганлар. Бу оила Исломни қабул қилганлари сабабли Қурайш мушриклари томонидан жуда қаттиқ қийноқларга солинган. Қурайшлик зодагонлар бу оилани қийнаш билан бошқа янги мусулмон бўлганларни ҳам қўрқитиб қўйишмоқчи бўлишган. Махзумийларнинг Ёсир розияллоҳу анҳунинг оиласига қилган қийноқлари ҳақида турли ривоятлар келган. Ҳатто Абу Жаҳл Исломдан қайтишдан бош тортгани учун Сумайяга найза санчади. Ёсирни ҳам ўлдирадилар. Шунга кўра Аммор розияллоҳу анҳунинг ота-онаси Исломдаги дастлабки шаҳидлардан бўлганлар. Уларнинг Аммор розияллоҳу анҳуга қилаётган қийноқлари шу даражага етганки, у қийноқнинг зўридан нима деётганини идрок қила олмайдиган даражага етган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оила ҳақида “Сабр қилинглар, Ёсир оиласи, сизларга жаннат ваъда қилинган”, – деганлар. Мазкур қийноқлардан қолган оловнинг излари Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг юзларида умрининг охиригача билиниб турган. Бу зот ҳақида қуйидаги оят нозил бўлган:
“Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор”[4].
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу икки марта ҳижрат қилган. Қибла ўзгартирилишдан олдин намозни Байтул мақдисга қараб ўқиган саҳобалардан бири бўлган.
Бадр, Уҳуд ғазотларида қўшиннинг олдинги сафида туриб жанг қилган. “Байъатур ризвон”да ҳам қатнашган. Ямома ғазотида қулоқлари кесилиб кетган.
Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу зотни Куфага волий қилиб тайинлаган.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақларида айтган айрим сўзлари:
– “Аммор бошидан оёғигача иймон билан тўлдирилган, иймон унинг гўшти ва қонларига аралашиб кетган”;
– “Жаннат уч кишига муштоқдир: Алига, Амморга ва Салмонга”;
– “Сумайянинг ўғли икки иш ўртасидан албатта тўғрироғини ихтиёр қилади, шунинг учун унинг изидан юринглар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг доимо Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг ёнларида бўлган.
Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳижрий 37 йилда Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳунинг қўшини сафида жангга кирган ва Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг қўмондонларидан бири бўлган Абу Ғония Жуҳаний томонидан шаҳид этилган.
Сиффин жангида тўқсон ёшдан ошган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари кўплаб мусулмонларнинг ҳақиқатни англаб етишларига ва Али розияллоҳу анҳунинг ёнларига қайтишларига сабаб бўлган. Чунки жангда қатнашганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида “Амморни ўлдирадиган боғий гуруҳнинг ҳолига вой, бу уларни жаннатга чақиради, улар эса уни дўзахга чақиришади”, деган сўзларини билар эдилар. Али розияллоҳу анҳу бу зотнинг жасадларини кўтариб олиб чиқади ва кўпчилик жамоат билан жанозасини ўқиб, кийимлари билан дафн қиладилар.
Аллоҳ таоло бу зотни Ўз раҳматига олиб ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.
Куфрга мажбурланиш ҳақида сўз кетар экан, мажбурлаш даражалари ва мажбурланган кишининг ҳолатлари борасидаги баҳсларни ўрганиб чиқиш зарур бўлади. “Фатовои Қозихон” китобида “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар” мавзусида мажбурланган кишиларнинг ҳолатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.
Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар
“Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар тўрт қисмдир:
1. Мажбур қилинган амалдан бош тортишдан кўра уни бажариш тўғрироқ ҳисобланадиган, бош тортиш сабабли гуноҳкорга айланадиган ишлар;
Масалан, ўлимтик ейишга ё шу каби бирор ҳаром нарсани истеъмол қилишга мажбур қилиниб, агар буюрилган нарсани бажармаса, ўлдирилиши, ё қўли кесиб олиниши, ёки юз қамчи урилиши билдирилса, мажбурланган ишни қилиб ўзини талофатдан қутқариб қолиши тўғрироқ бўлади. Агар мажбурланган ушбу ишни бажармаса ҳалок бўлиши аниқлигини била туриб, бош тортса гуноҳкор бўлади. Аммо билмаса гуноҳкор бўлмайди.
2. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш тўғрироқ бўлган, қилмаслик туфайли савобга эга бўладиган, аммо қилиш сабабли гуноҳкор ҳам бўлмайдиган ишлар;
Масалан, Аллоҳ таолога куфр келтиришга мажбур қилиниб, агар куфр келтирмаса ўлдирилиши ё бирор аъзосига талофат етказилиши билдирилса, тил учида айтиб ҳалокатдан қутулиб қолишга рухсат борлигини билса ҳам, бу ишни ўзига эп кўрмасдан бош тортса, савобга эга бўлади. Шунингдек, қутулиб қолиш учун тил учида айтса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Аммо ўлдириш ё бирор аъзосига талофат етказиш эмас, кишанлаб қўйиш ё қамаб қўйиш билдирилганда агарчи қалби иймонга лимо-лим бўлиб турган бўлса-да, тил учида ҳам куфр келтириш мумкин эмас.
3. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш туфайли савобга эга бўладиган, уни бажариш сабабли гуноҳкор бўладиган ишлар;
Масалан, мусулмон кишини ўлдиришга ё зино қилишга мажбур қилиниб, агар бажармаса ўлдирилиши билдирилса, жонини берса ҳам бу ишдан ҳазар қилиши туфайли савобга эга бўлади, жонини қутқариш учун шу ишни қилиб қўйса, гуноҳкор бўлади.
4. Мажбурланган ишни қилиш ва қилмаслик баробар бўлган ишлар.
Масалан, бошқанинг молига талофат етказишга мажбурланса, бундай ҳолатда иккала тарафи ҳам баробар бўлиб қолади.
Баён қилинганларнинг барчасида мажбурланаётган киши билдирилаётган нарсанинг қўрқитиш ва пўписа учун айтилмаётганига, амалга ошиши аниқ эканига ишонсагина, мажбурланган ҳукмида бўлади, акс ҳолда бу ҳукмда бўлмайди”[5].
Кейинги мавзулар:
Мастнинг гапи ҳақида;
Номавжуднинг “шай” эмаслиги баёни.