Оилани мустаҳкамлайдиган ва барқарорлигини зиёда қиладиган омиллардан яна бири бу – эру хотиннинг “ўз ҳақларига риоя қилмоғи”дир.
Ҳар ким ўз ҳақларига риоя қилмоғи учун аввало нималар ўзининг ҳақ-ҳуқуқларидан иборат эканини билиб олиши керак.
Эркаклар ўз ота-онаси, қариндошларига эҳтиром кўрсатишни яхши кўргани сингари аёллар ҳам ўз ота-онаси ва қариндошларини эҳтиром қилишни ёқтиради. Эр киши ўз аёлини нафис ва латофатли бўлишини хоҳлаганидек аёл ҳам ўз хожасининг келишган ва кўркам бўлишини истайди. Эр ўз аёлининг вафодор бўлишини қанчалик хоҳласа, аёл умр йўлдошининг ўзига содиқ бўлишини ундан-да кўпроқ хоҳлайди. Оилавий ишлар ҳам худди шундай, яъни ҳар икки тараф ҳам тенг ҳуқуқли бўлишини хоҳлайди.
Аслида оилада эр-хотиннинг тенг ҳуқуқлилиги динимиз буйруғидир. Бироқ тенг ҳуқуқлилик маъруф – яхши ишлардадир. Бизнинг бу сўзимиздан кейин динимиздан камчилик ахтармоқчи бўлган ёки уни яхши англаб етмаган кимсалар исломда аёлларга барибир чекловлар бор экан-да, дейиши мумкин.
Динимиздаги мазкур ҳолатни яхшилаб ўрганиб чиқилса, аёллар нафақат тенг ҳуқуқли, балки баъзи жиҳатларда эркаклардан кўра афзал ўринда экани зоҳир бўлади. Шунинг учун шариатимизда аёлларнинг эрлари билан тенг ҳуқуқли бўлган ва тенг ҳуқуқли бўлмаган ўринларини бирма-бир ўрганиб чиқамиз.
Аллоҳ таоло оилада эркаклар ва аёлларнинг ҳуқуқи тенг эканлигини баён қилиб қуйидаги оятни нозил қилган:
...وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ...
... Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир... (Бақара сураси, 228 оят).
Баъзи муфассир уламоларимиз оятдаги “маъруф”дан (яхши иш) мурод – инсон соғлом фикр эгалари бир овоздан яхши деб ҳисоблайдиган ишлардир, деб тафсир қилганлар. Буларга шахсий покликни сақлаш, ораста бўлиш, ташқи кўринишни чиройли қилиш, хушбўйланиш, кўркам кийиниш ва ҳоказолар киради. Булар эр-хотин ҳуқуқлари тенг бўлган ишларидир.
Эркак киши ҳам ўз аёли учун хушрўй кўринмоғи оилада муҳаббатни зиёда қиладиган омиллардан биридир. Чунки аёлининг зийнатланиб, пардоз қилишини ёқтирар экан, аёли ҳам ўзи учун хожасининг зийнатланишини хуш кўради.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Аёлим мен учун зийнатлангани каби албатта, мен ҳам у учун зийнатланаман. Аёлимдаги ҳақларимни адо этмоғим шу қадар гўзалки, унинг мендаги ҳақларини адо этмоғини тақозо қилади. Ахир Аллоҳ таоло: “...Яхшиликда аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир...”, деб бежизга баён қилмаган”.
Аёл ва эркакнинг қайси жиҳатдан тенг ҳуқуқга эга эканини билиб олдик. Энди эркаклар устун қилинган жиҳатларнинг ҳикматларига бир назар ташласак.
Аллоҳ таоло аёлларни эркаклар билан ҳуқуқи тенг эканлиги баён қилиб оятнинг давомида қуйидагича истисно келтиради:
...وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَلِلرِّجَالِ عَلَيْهِنَّ دَرَجَةٌ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
...Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир. Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир (Бақара сураси, 228 оят).
Аёлларга нисбатан эркакларга қайси жиҳатлардан устунлик берилгани ҳақида “Нисо” сураси, 34-оятида муфассал баён қилинган.
Демак, муфассир уламоларимизнинг юқорида келтирган тафсирларига биноан: аёллар яхши ишларда эркаклар билан тенг ҳуқуқли, лекин истисно ўлароқ эркакларда бир даража устунлик – ҳақдорлик бор, деган маъно ҳосил бўлади. Хўш, ана шу зиёда ҳақ-ҳуқуқлар қайсилар?
Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ “Тафсирул-Жалолайн” китобида ушбу оятни “Эркакларнинг ҳуқуқларидаги зиёдалик – аёлларга бериладиган маҳр ва нафақа эвази ўлароқ аёлларнинг уларга итоат этмоғидир”, деб тафсир қилганлар.
Бундан эркаклар ҳуқуқидаги афзаллик аёлларнинг ўз эрларига итоат қилиши экани келиб чиқади. Бироқ бунинг эвазига аёллар маҳр ва нафақа эгасига айланадилар. Нафақа эса озиқ-овқат, кийим-кечак каби кундалик турмушда энг зарур бўлган нарсаларни ўз ичига олади. Демак, бу ерда аёллар алмаштираётган нарса эга бўлаётган неъматларининг муқобили ҳисобланади. Шундай экан, бу исломда аёлларнинг ҳуқуқи чекланган деган қарашнинг нотўғри эканини кўрсатиб беради.
Ҳақиқатда, эркаклар аёллардан кўра кўпроқ ҳуқуқларга эга. Аслида бу ҳуқуқлар умумий бир оилани бошқариш ҳуқуқининг жузларидир. Бироқ уни ҳуқуқ деб эмас балки мажбурият деб атасак тўғрироқ бўлади. Оилада бошқарувчилик ҳуқуқини Аллоҳ таоло ўзи белгилаб, Ўз каломида шундай марҳамат қилади:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ...
Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир (Нисо сураси, 34 оят).
Мажбурият дейишимизнинг боиси шуки, оила бошлиғи бўлиш эркакларга оилани манзил-макон, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарурий таъминотларни ҳозир қилиш мажбуриятини юклайди. Бундан ҳам муҳим ва асосий жиҳат шуки, оила бошлиғи елкасида оилани турли хавф-хатардан ҳимоя қилиш, ундаги оғирлик-машаққатларни ўз зиммасига олишдек улкан вазифа туради. Оилани ҳимоя қилиш, унинг таъминотини бажо келтириш йўлида қанчадан-қанча заҳматлар чекилади, озорлар кўрилади, руҳий ва жисмоний тазйиқлардан ўтилади, тўсиқлар олиб ташланади. Буларга қарши эса барча оғирликни ўзига оладиган метин ирода, бақувват жисм, ҳар-қандай ҳолатда ҳам вазминлик ва ақл-идрок билан қарор қабул қилиш, шу қарор туфайли келиб чиқадиган ҳолатларга тайёр бўлиш каби сифатлар керак бўлади. Аллоҳ таоло бу сифатларни эркакларга насиб қилган. Шунинг учун эркакларга бу мажбурият юкланган. Аёллар эса латофат-у назокат узра яратилган. Шунинг учун хилқатларига мос равишда уларга оила ва эрнинг ишларини юритиш, фарзандлар тарбияси топширилган.
Сўзимизни Умар розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гаплари билан якунлаймиз: “Ўз оиласига хушмуомалалик борасида ҳеч бирингиздан афзал эмасман. Лекин мен аҳли аёлининг оғирликларини сиздан кўра зиммамга олувчироқман”.
Аллоҳ таоло барчамизни оилада ўз ҳақ-ҳуқуқларига риоя этувчи бандаларидан қилсин. Зотан, оила мустаҳкамлиги – жамият фаровонлиги гаровидир.
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири
«Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, еб бўлганидан сўнг Яратганга шукр айтишга одатлантиришингиз лозим. Шунингдек, ўнг қўл билан ёзиш, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга ҳам ўргатинг.
Болаларга тозаликка риоя қилиш, тирноқларини олиш, кийимларини тоза-пок сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартибларидан таълим беринг.
Фарзандларга холи ҳолда, уялтирмай, бошқалар олдида шарманда қилмай насиҳат қилишингиз лозим. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирор ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай, тушунтиришингиз зарур. Жуда иложи бўлмай қолганида бир-икки кун гаплашмай қўйсангиз, кифоя.
Фарзандларингизнинг кимлар билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлишларига эътиборли бўлинг, кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришларига, сиздан сўрамай, узоқ вақт бирор машғулот билан шуғулланишларига ёки олис жойга равона бўлишларига рухсат берманг.
Фарзандларни уйда ва кўчадаги таниш-нотаниш одамларга «Ассалому алайкум» деб салом беришга, қўни-қўшниларга яхшилик ва ёрдам кўрсатишга, азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонга ҳурмат кўрсатиш ва хизмат қилишга одатлантиринг.
Ўғил-қизларингизни куфр сўзлардан, бировларни ҳақорат қилишдан, беҳаё гапларни гапиришдан қайтаринг. Буларнинг ниҳоятда ёмонлигини, ярамас сўз-гаплар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва зарар кўришини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга ибрат-намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг.
Фарзандларни қиморнинг турли кўринишлари, қарта, ошиқ ва ўртага пул қўйиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтариш даркор. Қимор бўлмаса ҳам, қимматли вақтини беҳуда совурадиган, дарс тайёрлаш ва фойдали машғулотлардан айирадиган ўйинларни ҳам чеклаш лозим. Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-журналлар, китобларни ўқишларига, жинсий муносабатларни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тарғиб қиладиган филм ва томошаларни кўришларига йўл берманг.
“Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”.
Фарзандларингизни сигарет чекиш ва ароқ ичишдан қайтариб, бу иллатларнинг инсон соғлиғи ва иқтисодига қанчалар зарар келтиришини, кулфатга бошлашини эринмай тушунтиринг. Бунинг ўрнига мева ва ширинликлар истеъмол қилишга тарғиб этинг”.
Ўғил-қизларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўзлашга, ёлғонни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам гапирмасликка, ваъдага албатта вафо қилишга ўргатишимиз лозим. Чунки ёш болалар одатда ўта таъсирчан ва тақлид қилишга ўч буладилар. Ёлғонни атрофидаги муҳитдан ўрганиб, ота-онаси ёки ака-укаларидан бирор манфаатга эришиш учун ёлғон ишлатишлари мумкин. Тўғрилик ҳар бир яхшиликнинг асоси, ёлғон эса ҳар қандай ёмонликнинг онаси ва бошланишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, тўғрилик яхшиликка бошлайди. Яхшилик жаннатга бошлайди. Ёлғон ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради”, деганлар. Ўзимиз ҳам уларга бирор нарса ваъда қилсак, олиб беришимиз, борди-ю, бунинг имкони топилмай қолса, уларга тушунтириб, муддатини узайтиришимиз керак.
Давоми бор...
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.