Аввалроқ, 29 октябрь куни Ўзбекистон делегацияси Москва шаҳрида ўтказилган “Ислом ақидаси ва академик исломшунослик: ҳамкорлик ва ривожланиш истиқболлари” номли илмий-маърифий анжуманда иштирок этиш учун жўнаб кетгани ҳақда хабар берган эдик.
Галимжон Баруди номидаги Х Халқаро илмий ўқувларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов ҳамда Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, Тошкент ислом университети исломшунослик илмий-тадқиқот маркази директори в.б. Жасур Нажмиддиновлар иштирок этди.
Ушбу Халқаро анжуманда Ўзбекистон вакиллари ўзларининг маърузалари билан иштирок этиб, Ўзбекистондаги ҳолат, олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида анжуман иштирокчиларига маълумот бердилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мустақиллик йилларидаги фаолияти,унинг тасарруфидаги таълим муассасаларидаги таълим тизими тўғрисида фикр юритдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов ўз нутқида Ўзбекистоннинг кўпмиллатли экани ва уларнинг ўзаро тотувликда истиқомат қилаётганини айтиб, диний ва миллатлараро бағрикенглик юқори даражажа шаклланганини қайд этди.
Ўзбекистон заминидан буюк алломалар етишиб чиққани, улар ислом динининг тараққий этишига улкан ҳисса қўшганларини ислом олами тан олган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Хафс Насафий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райхон Беруний, Бурхониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотрудий, Абу Мўйин Насафийлар жаҳон маданияти ривожи йўлида фаолият олиб борганлар.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда фиқҳ, ҳадис, тафсир ва ақида мактабларининг очилиши, ҳаж ва умрага борувчилар учун квоталарнинг оширилиши, масжидлар ва диний таълим берувчи даргоҳлар сонининг кўпайиши мамлакатимизда янги давр бошланганини тасдиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу анжумандан вакилларимиз чиқишларидан фотолавҳаларни ҳавола этган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов Тошкент ислом институти талаба- ёшлари билан мулоқот ўтказди. Учрашувни институт ректори Уйғун Ғафуров очиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Бу каби мулоқотлар барча диний таълим муассаларида ташкил этилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида ўтган Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда Зайниддин Эшонқулов ёшларга ўзининг ҳаётий, илмий ва касбий тажрибаларини сўзлаб берди. Маърузада Диний идора тизимидаги ташкилотлар ва таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
Зайниддин домла диний-маърифий фаолиятда илм ва маърифатнинг ўрни, кадрларнинг ватанпарварлик ва ахлоқий тарбияси ва турли ёт ғоялардан маънавий иммунитетнинг шакллангани ҳақида ўз фикр ва тавсияларини билдирди.
Нотиқ ўз сўзи давомида талаба-ёшларни сабр-тоқат ва қатъий интизом билан илм олишга даъват этди. Шунингдек, ихлосли бўлиш ва устозларни эҳтиром қилиш муваффақият калити эканини таъкидлади.
Етук имом-хатиб бўлиш учун доимий равишда ўзи устида ишлаш ҳамда билим ва тажрибаларини ошириб бориши лозимлиги ҳақида қимматли маслаҳатлар берди.
Ана шундай тадбирлар ёшларнинг илм олиши ва келгусидаги касбий фаолиятини муваффақиятли амалга оширишига хизмат қилади, раҳбар ходимлар эса улар учун ҳаётий намуна бўлади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати