Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Чин дўст

2.11.2017   5718   2 min.
Чин дўст

Анвар ва Умар саҳрода бир неча кун юришди. Улар сув тугагандан сўнг икки кун йўлда давом этишди. Чанқоқ уларни силласини қурутди. Қуёш оташ каби уларни ёндирарди. Бераҳм саҳронинг қумлари эса оёқларини куйдирарди. Улар ташналикдан қийналиб, қадам-бақадам умидсизланиб боришарди. Иккиси ҳам сувга олиб борадиган энг яқин йўл ҳақида пичирлашарди. Анвар: “Бу энг яқин йўл”, деб қўли билан кўрсатса, Умар қарши томонга ишора қиларди. Фикрлари бир жойдан чиқмаган дўстлар жанжаллашиб қолишди. Бу эса Анвар дўстининг юзига бир тарсаки уруши билан якунланди. Умар унга жавоб қайтармай, қумга: “Бугун дўстим билан тортишиб қолдим. Шу учун, у мени юзимга бир тарсаки урди”, деб ёзиб қўйди.

Икки дўст йўлда давом этишди. Узоқда анҳор кўринди. Анвар югура бошлади. Умар ҳам дўстининг ортидан чопиб, ундан ўзиб кетди. Умарни ташналик ва чанқоқ шу қадар азоблагандики, у сузишни билмаслигини унутиб, ўзини анҳорга отди. У сувга тушдию чўка бошлади. Анвар келиб, дўстини қутқарди.

Умар чўнтагидан пичоқ олиб, ҳарсанг тошга: “Бугун дўстим менинг ҳаётимни сақлаб қолди”, деб ёзиб қўйди. Унинг бу ишидан дўсти ҳайрон бўлиб: “Юзингга тарсаки урганимда қумга ёздинг. Жонингни сақлаб қолганимда эса, тошга ёзяпсан?”, деди. Умар: “Юзимга урганинг бир ҳодиса эди халос. Шамол келиб, ёзувни ўчириб юборади. Худди шунингдек, тарсаки ҳам ёдимдан ўчирилади. Лекин, ўлимдан асраб қолганинг улуғ иш. Шу боис уни тошга ўйиб ёздим. Бу ёзув тошдан ўчмаганидек, менинг ёдимда ҳам абадий қолади. Зеро, Яхши дўст хатоларни унитиб, гўзал сифатларни ёдда сақлайди”, деди. 

Марғилон шаҳридаги "Қутайба ибн Муслим"

жоме масжиди имом хатиби Турсунбой ҒАНИЕВ

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Янги Ўзбекистон диний бағрикенглик” мавзусидаги халқаро конференция хорижий мутахассислар нигоҳида

26.11.2024   575   9 min.
“Янги Ўзбекистон диний бағрикенглик” мавзусидаги халқаро конференция хорижий мутахассислар нигоҳида

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, халқпарвар ва миллатпарвар сиёсати, шунингдек, минтақа миқёсида фаол ташқи сиёсат олиб бораётганлиги, қўшни давлатлар билан ҳар томонлама, ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантираётганлиги, эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга имкон бермоқда. 

Юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, таълим, илм-фан, маънавият ва маърифат, миллатлар ўртасидаги дўстлик ва бағрикенглик тамойиллари ўзининг янги тарихий саҳифаларини очди. Яқин қўшни давлатлар билан олий ва юқори даражадаги алоқаларимиз сезиларли даражада фаоллашди.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг сессияларида ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясида нутқ сўзлаб, муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Президентимизнинг муҳим таклифи асосида 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Шуни алоҳида таъкидлш лозимки, мазкур резолюцияни Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги 50 дан ортиқ мамлакатлар якдил  қўллаб-қувватлашди. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 2023 йил 19 сентябрдаги 78-сессиясида илгари сурган ташаббуслари асосида жорий йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция юқори савияда ўтказилди.

Унда дунёнинг 22 та мамлакатидан 70 дан ортиқ хорижий меҳмонлар – уламолар, муфтийлар, исломшунос олимлар, халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳамда юртимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус раҳбарлари иштирок этди.

Ушбу тадбир якуни бўйича мусулмон мамлакатларининг олим ва мутахассислари иштирокида экстремизм, радикализм ва терроризмга қарши кураш самарадорлигини янада ошириш, илмий раддиялар бериш методологиясини такомиллаштириш масалалари бўйича Хива декларацияси қабул қилинди.

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни эса пойтахтимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Дин ишлари қўмитаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ундан кўзланган мақсад Ўзбекистонда тинчлик, осойишталик омилларидан бири бўлган диний бағрикенглик, динлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишларни ўрганиш, истиқболдаги вазифаларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва шу йўналишда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Халқаро анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Корея, Туркия, Малайзия, Португалия, Арманистон, Россия, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатлардан мутахассислар, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, диншунос экспертлар, исломшунослар, миллий маданий марказлар, турли диний конфессия вакиллари, шунингдек, жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари қатнашди.

Анжуманнинг хорижий иштирокчилари бугунги таҳликали замонда Ўзбекистондаги динлараро ва миллатлараро тотувлик ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар хорижий давлатлар учун ўрнак бўлаётгани, бу ислоҳотлар ва ташаббуслар бошида Ўзбекистон Президенти турганини юқори баҳоладилар. Қуйида диний конфессия раҳбарлари ва диншунос мутахассисларнинг анжуман ҳақидаги таассуротларини келтирамиз:

Мустафа ДЕМИРЖИ, Туркиянинг Салжуқ университети Салжуқ тадқиқотлари институти мудири, профессор:

– Мазкур конференция Ўзбекистондаги 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакилларини бир мақсад йўлида бирлаштирди, деб айтиш мумкин.

Ушбу нуфузли анжуман орқали турли миллат вакиллари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик борасида олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун эканликларини изҳор қилмоқдалар.

Тарихан ушбу макон Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган, турли миллат ва халқлар бир ерда жамланган юрт ҳисобланади. Бу эса ўлканинг цивилизациялар туташган манзилига айлантирган. Бундай юрт дунёнинг бошқа жойида топилмайди.

 

Сергей КРЕТОВ, Новоапостол черкови Марказий Осиё округи раҳбари:

– Ҳозирда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари истиқомат қиладиган мултиконфессионал Ўзбекистон жамиятида бағрикенгликни тарғиб қилиш юрт ривожининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Биз Ўзбекистонда динлараро бағрикенгликни таъминлашнинг ўзига хос модели шаклланганининг гувоҳи бўлдик. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳар бир дин вакилига тенг ҳуқуқ ва эркинлик берилгани ва эмин-эркин ибодатларини амалга оширишга шароит яратилганидир.

Шуни айтиш муҳимки, кейинги йилларда янги Ўзбекистонда динлараро мулоқот соҳасида кўплаб ижобий ислоҳотлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз ва бу бизни мамнун қилади. Бугунги ўтказилаётган конференция ҳам фикримизнинг яққол мисоли бўлади.

Епископ Хосе Луис Мумбиела СЕРРА, Марказий Осиё католик епископлари конференцияси раиси, Қозоғистон:

– Ўзбекистонга аввал ҳам бир неча бор келганман. Бу ерда турли дин ва миллат вакилларининг ҳамжиҳатликда ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечираётгани, умуман, диний бағрикенгликнинг юксак маданияти шакллангани мени ғоятда ҳайратлантиради.

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бугун мамлакатингизнинг тез суръатлар билан ривожланиб, халқаро миқёсдаги нуфузи тобора юксалиб боришида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳити муҳим роль ўйнамоқда.

Бугунги турли низолар кузатилаётган вазиятда турли миллат, дин вакилларини бир жойга жамлаб, тинчлик, фаровонликни кўзда тутган муштарак мақсадлар илгари сурилаётгани жуда катта жасорат ва дунё ҳамжамиятига намунадир.

 

Митрополит ВИКЕНТИЙ, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари:

– Президент Шавкат Мирзиёев барча одамлар тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашларини таъминлашини қўллаб-қувватлаб, тарғиб қилиб келмоқда. Бу эса диний бағрикенгликнинг муваффақият калитидир.

Кейинги йилларда Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга тобора очилиб бормоқда. Турли миллатлар ўртасида эзгулик, тинчлик ва тотувлик, бағрикенглик ва дўстлик сиёсатини тараннум этаётган мамлакат сифатида дунёда тан олинмоқда. Ушбу конференция эса диний бағрикенгликнинг ўзбекона модели сифатида эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг тинчлик ва ҳамжиҳатлик ташаббусини барчамиз қўллаб-қувватлашимиз керак. Шундай экан, бугунги байрам билан барчани табриклайман. Бундай қувончли кунлар ҳар доим ҳамроҳимиз бўлсин.

 

Владимир ПРОВОРОВ, Россия Евангел-Лютеран черкови архиепископи:

– Ўйлайманки, мазкур конференция Ўзбекистондаги турли миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув, умумжамият ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатларига ҳамоҳангдир.

Ўзбекистон Президентининг миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик тамойилларига асосланган сиёсати мамлакатдаги турли миллат вакилларини бир мақсад сари бирлаштирмоқда. Бу янги Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ислоҳотларидан бири сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.

Абд Раҳман Моҳд РОСМИЗИ, Малайзия Ислом илмлари университети профессори:

– “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” мавзусидаги конференция сабаб Ўзбекистонда бўлганимдан жуда ҳам мамнунман. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу нуфузли анжуман ташкилотчиси ва ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига миннатдорлик билдириб қоламан. Бу каби тадбирларнинг бардавом бўлаётгани жуда қувонарлидир. Зеро, яхши биламизки, ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳ таоло инсонларни турли халқ ва миллатларга бўлиб яратган ва уларнинг асосий мақсади ер юзида ҳамжиҳатликда ва ҳамкорликда яшашдан иборат.

Бироқ бугун ер юзининг айрим ҳудудларида содир бўлаётган низолар, тўқнашувлар тинчлик-тотувликнинг қадрини янада оширмоқда. Шу нуқтаи назардан бугунги конференция долзарб аҳамиятга эга.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, юртингиздаги диний конфессия вакилларининг фаолиятини ўрганиш, таҳлил этиш, Ўзбекистоннинг бағрикенглик сиёсатини жаҳон ҳамжамиятига намуна сифатида кўрсатиш анжуман қатнашчиларининг муҳим мақсади бўлиши керак. Ўз юртимизга қайтганимизда ҳам конференцияда кўтарилган инсонпарварлик, бағрикенглик ғояларини етказишни кўзда тутганмиз.

 

Санжит ДЖХА, МДҲ Ҳинд форуми раиси, Россия Ҳинд Кенгаши раиси:

– Бугунги ташкил этилаётган “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” конференциясини ўз йўналишига кўра, дунёда ноёб ҳодиса деб ҳисоблайман.

Мен бир неча дин ва миллат вакиллари яшайдиган давлатларни биламан, лекин бугунгидек давлат раҳбари даражасида эътибор бериладиган бирорта мамлакатни билмайман.

Ўзим шахсан Кришна жамияти вакили ҳисобланаман. Қадимги санскрит тилида ёзилган ҳиндуийлик дини манбаларида “Бу дунё унда яшаётган дин ва миллат вакилларидан қатъий назар катта оиладир”. Мен айнан Ўзбекистонда бир нечта миллат ва элатларнинг аҳил ва иноқ оиладек яшаётганига гувоҳ бўлдим. Бундай нуфузли анжуманда иштирок этаётганимдан ғоятда мамнунман.

Фариде КАМАЛОВА, Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети кафедра мудири:

– Инсоний қадриятларга асосланган динлараро мулоқотнинг асосий пойдевори бағрикенгликдир. Бағрикенглик турли фикрлар, эътиқодлар ва маданиятларни ҳурмат қилиш сифатида таърифланади ҳамда кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятларда тинч-тотув яшашнинг зарур шарти сифатида кўрилади.

Модомики шундай экан, ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф-одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.

Хорижий эксперт ва мутахассисларнинг фикрларидан шундай хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида мазкур жабҳада “ўзбек модели” ўзига хос намуна ўлароқ шаклланаётганлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи кишиларнинг бир маконда эзгу ниятлар йўлида ўзаро ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, меҳнат қилиши бағрикенгликнинг энг ёрқин намунасидир. Дунёдаги вазият кескин ва мураккаб бўлиб бораётган бугунги кунда юртимизнинг тинчлиги ва равнақини таъминлаш, диний бағрикенгликни қарор топтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

ЎзА

МАҚОЛА