Саидакмал ака тақволи, имон-эътиқоди мустаҳкам киши. У бир неча йиллар давлат ташкилотларининг бирида ҳисобчи бўлиб ишлади. Иш жараёнида ҳалолликни ўз виждон бурчи деб билиб, бировларнинг ҳақига хиёнат қилмади. Ҳалоллиги учун ҳам илк ишга кирган жойида нафақага чиққунига қадар ишлади. Умр йўлдоши Ойниса опа ҳам мулоҳазали, оғир-босиқ аёл. Икки оқил инсоннинг ўстирган икки қиз ва бир ўғил фарзандлари ҳам ота-оналари сингари тақволи бўлиб улғайдилар. Улар фарзандларига доимо ҳалолликдан, покликдан сабоқ бердилар. Айниқса, улар дилбандларига қуйидаги ўгитни қайта-қайта айтишни канда қилишмасди. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одам фарзандида ҳамма нарса қарийди, лекин ҳирс ва орзу-ҳавас қаримайди”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Сизлар эса, ҳамиша ҳирсни ўлдириб, бўлар-бўлмас орзу-ҳавасга қул бўлманглар, дея уқтиришарди.
Орадан йиллар ўтди. Икки қизни ўқитишиб, ҳунарли қилиб, турмушга узатишди. Нима ҳам бўлди-ю, кичик қиз Маъсуманинг турмуши бузилди. У ўғилчаси Шаҳобиддин билан ота уйга қайтиб келди. Акаси Саидикром ҳар куни дарсдан келибоқ Шаҳобиддинни суюб эркалар, кўтариб олиб кўчаларда ўйнатиб келарди...
Саидикром ўқишини битиргач, мутахассислиги бўйича ишга жойлашди. Ота-она уни орзу-умидлар билан уйлантиришди. Келин бир фарзандли бўлгунича югуриб-елиб уй ишларини қилди. Фарзанди дунёга келганидан сўнг келиннинг кўнглига нафс шайтонлари ин қурди: “Бу кичиккина ҳовлида менинг болам сиғадими ёки Маъсуманики? У ҳам бу ҳовлига эга чиқадими?”
Келин шу ўйлар гирдобида ҳар хил баҳоналар билан уйда жанжал чиқарар, тун бўйи эрига Маъсумани, мурғак Шаҳобиддинни ёмонларди. Инсон барибир хом сут эмган банда-да. Қулоғига тун бўйи шивирланган бўҳтонлар ўз кучини кўрсатмай қўймади. Саидикром кўнгли ярим сингли билан гаплашишни ўзига эп кўрмайдиган, гапирганда ҳам жеркиб гапирадиган бўлиб қолди. Шаҳобиддин “тоғажон!” деб югуриб келса, қучоқ очиш ўрнига бурилиб кетадиган қилиқ чиқарди. Саидакмал ака ҳам, Ойниса опа ҳам ўғилларига ҳар қанча насиҳат қилишмасин, қулоғига олмади. Ўғлининг бу хатти-ҳаракатларидан ажабланган ота “Биз бола тарбиясида қаерда адашдик? Қаерда хато қилдик? Ўғлим нега туғишган синглисига нисбатан бунчалик ғаразлик қиляпти?”, дея ўйга ботди.
Фарзанд тарбиясига бир томонлама ёндашмаслик керак. Саидакмал ака ва Ойниса опа болаларини бир мўминда бўлиши керак бўлган фазилатлар билан тарбия қилди-ю, фақат бир томонини унутишганди. Уларни бир-бири билан меҳр-оқибатли, яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам бир-бирига елка тутиб бериши лозимлигини уқтиришмагани оилага фожеани бошлаб келди. Натижада оиладаги можаро кун сайин авж ола бошлади. Маъсума ота-онасига билдирмай йиғлар, уйдан чиқиб кетишга эса чорасиз эди. Ҳамкасбининг зўрлови натижасида қўшни вилоятдан келиб-кетиб юрадиган бир тадбиркор йигит билан танишди. Йигит ҳам имонли, диёнатли чиқди. У Маъсуманинг оилада қийналиб яшаётганини эшитиб, уни ўз қарамоғига олишга, бахтли қилишга, фарзандига чин оталик қилишга аҳд қилди.
Ҳа, Маъсума бир яхши инсоннинг аҳди билан бахтини топиб кетди. Ота-онанинг бағри ҳувиллаб, Саидикром ва унинг нафсга қул хотинини қувонтириб олис-олисларга, аммо бахт қасрига кетди... Саидикром эса хотинига қўшилиб нафсга қул бўлгани, синглисига, жиянига қилган қўрс муомаласи учун ота-онаси олдида, виждони олдида қандай жавоб беришни билмай ўйловда қолди. Бу тўрт кунлик дунёда мол-дунёга ҳирс қўйиш киши юзини шувит қилишини у энди англаб етганди.
Зебо ОМОНОВА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан