Маккаи мукаррамадаги Масжидул Ҳаром масжиди махсус хавфсизлик хизмати вакили Самиҳ Суламининг айтишича, Зам-зам қудуғига туташган минтақалардаги янги объектларни ишга тушириш лойиҳасини бошлаш ва тавоф майдонидаги кенгайтириш ишларини якунига етказиш доирасида тавоф майдонининг катта бўлаги қисқартирилди. Натижада ҳаж ва умра хавфсизлик хизмати лойиҳани бажариш жараёнида тавоф майдонида издиҳомнинг олдини олиш ҳамда зиёратчиларнинг хавфсизлиги ва соғлигига аҳамият қаратиш мақсадида бир қатор зарур чораларни кўриб, режа тузишди. Ушбу режага кўра, тавофга кириш йўли Подшоҳ Фаҳд эшигига олиб келувчи ер ости йўлларидан эскалатор воситасида Ҳарами шарифга кириш йўли орқали амалга оширилади. Зиёратчилар тавоф майдонидан саъй майдонига Фатҳ эшигидаги йўлак орқали ўтишади. Тавоф майдонидан фойдаланишга фақат умра зиёратчилари учун рухсат берилади. Ҳозирда ер қавати ва биринчи қаватдаги тавоф айланаси майдончаси умра зиёратчилари учун тайёрлаб қўйилди.
Самиҳ Сулами байтуллоҳ зиёратчиларини ўз саломатликларини муҳофаза этишлари учун хавфсизлик масъуллари билан ҳамкорлик қилишга ва тегишли кўрсатмаларга риоя этишга чақирди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёс АҲМЕДОВ
тайёрлади
Дунёда шундай ишлар борки, Аллоҳ таолога суюкли бўлади. Улардан бири кўнгилни шод этиш ҳисобланади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таолога фарз ибодатлардан кейин энг мақбул иш – мусулмон кишининг кўнглига сурур (хурсандчилик) етказишдир”.
Дарҳақиқат, ўзга кишининг кўнглини олиш, уни хурсанд қилиш хайрли амаллардандир. Ҳазрати Алишер Навоий:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай, дея бежиз айтмаган.
Мусулмоннинг кўнглига озор бериш эса, хунук ишлардандир. Бу ҳақда халқимизда: “Дилозордан Худо безор”, деган нақл бор.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзгаларга озор беришдан сақлаб, Аллоҳ таолога суюкли бўлган ишларни қилишга муваффақ айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими