Бугун пойтахтдаги Симпозиумлар саройида “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия, Украина, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ирландия, Германия ва бошқа давлатлар ҳамда диний конфессияларнинг олиму уламолари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Абдулла Орипов ҳам қатнашди.
Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Ортиқбек Юсупов ва Кавказ мусулмонлари идораси раиси, МДҲ динлараро кенгаш ҳамраиси, Кавказ халқлари Олий диний кенгаши раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода очиқ деб эълон қилишганидан сўнг Ўзбекистон Республикасининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов Президент Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табрик сўзларини ўқиб эшиттирди. Сўнгра Озарбайжон Республикасининг Диний ташкилотлар билан ишлаш қўмитаси раиси Мубориз Қурбонўғли анжуман иштирокчиларига Озарбайжон Президенти йўллаган табрикни етказди.
Анжуман ишига Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов раҳбарлик қилди.
Биринчи сўз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовга берилди. Муфтий ҳазратлари “Тинчликни қадрлаш – олий фазилат” мавзуидаги нутқини меҳмонларни юртимизга келгани билан қутлаш билан бошладилар. Сўнгра ўзбек ва озар халқи қадим-қадимдан дўстона алоқада бўлиб келгани, айниқса, икки халқ зиёлилари, ижодкору олимлари ўртасида устоз-шогирдлик анъаналари кўп асрлик тарихга эга эканига эътибор қаратдилар ҳамда тинчликнинг бебаҳо неъмат эканини ояти карималар, ҳадиси шарифлар билан таърифладилар. Маърузаси ниҳоясида меҳмонларни ташрифи билан яна бир бор қутлаб, уларни Тошкент, Самарқанд, Бухородаги қадамжоларга зиёратга таклиф қилдилар.
Туркия Республикаси Диний бошқармаси раиси Доктор Али Эрбаш “Бағрикенгликни мустаҳкамлашнинг ижтимой омиллари”;
Озарбайжон Республикасининг Диний ташкилотлар билан ишлаш қўмитаси раиси Мубориз Қурбонўғли “Ислом ҳамжиҳатлиги: Озарбайжон жавоби”;
Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти қошидаги Ислом тарихи, маданияти ва санъати ташкилотининг Истамбулдаги (IRCICA) маркази бош директори, доктор Халит Эрен “IRCICAнинг ислом тарихи, маданияти ва санъатига доир фаолияти”;
Озарбайжон миллий академияси президенти, академик Акиф Ализода “Диний бағрикенглик – халқлар ўртасидаги тинчлик кафолати”;
Миллий Мажлис депутати, Парламентдаги озарбайжон-ўзбек дўстлиги гуруҳи раҳбари Элдор Иброҳимов “Динлараро бағрикенглик – жамиятдаги тинчлик ва барқарорлик гарови”;
Миллий Мажлис депутати, Парламент қўмитаси раиси Сиёвуш Наврўзов “Озарбайжондаги диний бағрикенгликнинг тарихий-фалсафий асослари”;
Карачаева-Черкес Республикаси мусулмонлари диний бошқармаси раҳбари, Шимолий Кавказ мусулмонларининг мувофиқлаштирувчи маркази раиси, муфтий Исмоил Бердиев “Такфирчилик” ва ундан ислом ҳамжиҳатлигига қарши сиёсий куч сифатида фойдаланилаётгани”;
Кавказ мусулмонлари идораси раиси, МДҲ динлараро кенгаш ҳамраиси, Кавказ халқлари Олий диний кенгаши раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода “Тинчликни сақлашда диннинг ўрни” каби долзарб мавзуларда нутқлар сўзладилар.
Маърузалар тинланганидан кейин ярим соат муҳокамага вақт ажратилди ва анжуманнинг биринчи қисми ниҳоясига етди.
Анжуман иштирокчиларини Тошкент шаҳар ҳокимияти “Наврўз” ресторанида тўкин дастурхон безаб меҳмон қилди. Анжуман қатнашчилари тушликдан сўнг тоза ҳавода эркин суҳбат қилиб, эсдалик учун суратга тушдилар.
Анжуманнинг иккинчи қисмига Аҳаджон Ҳасанов ва Салмон Мусаев бошчилик қилдилар.
Унда академик Неъматулло Иброҳимов “Ўзбек ва рус тилларида Ислом энциклопедиясини тузиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар”;
Германия Республикасининг Франкфурт шаҳридаги Европа-турк мусулмон уюшмаси президенти Мусо Сардор Чалабий “Бугунги исломий дунёқарашда диний бағрикенглик муаммолари”;
Тошкент ислом университети ректори Равшан Абдуллаев “Ўзбекистондаги диний таълимнинг бугунги ҳолати”;
Россия мусулмонлари диний ташкилоти раиси, Москва шаҳри муфтийси Альбир Крганов “Дин ва ижтимоий ҳамкорлик”;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур “Тинч-тотув яшашнинг мусулмонча модели, ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва маданий алоқалар”;
Шимолий Осетия-Алания Республикаси муфтийси Ҳожимурод Гацалов “Ислом ҳажиҳатлигининг янги, хатарли даврдаги роли”;
Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий “Православ черковининг дўстона муносабатлар ва ёшларнинг тарбиясига доир фаолияти”;
Кавказ мусулмонлари бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари, муфтий Салмон Мусаев “Диний ва ижтимоий ҳамкорлик”;
Ўзбекистондаги Ислом тараққиёти маркази раҳбари Шоазим Мунавваров “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон тажрибаси”;
Озарбайжон Республикаси Диний ташкилотлар билан ишлаш қўмитаси раиси ўринбосари Гундуз Исмоилов “Озарбайжонда давлат ва дин муносабати”;
Украина мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Аҳмад Тамим “Ислом ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашда халқаро илмий ҳамкорликнинг роли”;
Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич “Ўзбекистондаги Рим-католик черковининг тўлақонли фаолият юритиши учун яратилган шароитлар”;
Рус православ черковининг Боку ва Озарбайжон Епархи Архиепископ Александр “Диний бағрикенглик ва янгича дунёқараш муаммолари: ўтмиш ва бугун”;
Ўзбекистон Библия жамияти бош котиби Холматжон Аширов “Ўзбекистон Республикасида диний бағрикенгликнинг таъминланиши”;
Халқаро ислом миссияси президенти, муфтий Шафиқ Пшихачев “Ёш авлод тарбияси муаммоси ва маърифат тарқатиш борасида ҳамкорликда фаолият юритишнинг аҳамияти”;
Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев “Ёшлар ўртасида диний экстремизм мафкураси тарқалишига қарши”;
Озарбайжон тоғли халқи яҳудийлари жамоаси раҳбари Милих Евдаев “Толерантликни шакллантиришда интегратив функциянинг роли” мавзуида маъруза қилди.
Анжуман иштирокчиларининг таассуротлари:
Қирғизистон Республикаси муфтийси Максатбек Токтомешов:
– Бу анжуманга келганларнинг аксари бир-биримизни танидик. Чунки илгари муфтиятимиз битта эди. Бизнинг ота-боболаримиз шу маконда – Тошкентда, Бухорода таълим олган. Биз ўз мамлакатимизда янги диний таълим муассасалари очишни режалаштиряпмиз. Аммо ҳозирги вақтда ана шу заминдаги ўқув даргоҳларидан фойдаланмоғимиз керак. Негаки, бу ерда азалий диний тажриба, катта илмий база бор. Ҳозир анжуманда ўтириб туриб ана шуларни ўйладим. Муфтиятимиз ажралиб кетганидан сўнг маслаҳатлашиб туришлар ҳам камайиб кетди. Анжуман ана шу илиқ муносабатларимизни қайта тиклаш сари қўйилган дадил қадам бўлди.
Кавказ мусулмонлари бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари, муфтий Салмон Мусаев:
– Бундай анжуманларни кўп ўтказиш керак. Чунки мусулмон давлатлари вакиллари бирлашмоғи зарур. Бундай анжуманлар динимиз душманларига қарши курашишда ёшларни жипслаштиради. Инсон зотининг гуноҳлари кўп, улардан покланиш учун шариат ва тариқат зарур. Озарбайжон ҳам Ўзбекистонга ўхшаб авлиёлар бўстони. Давлат биз диний соҳа вакилларига ҳамма шароитни яратиб бериб турибди. Бундан оқилона фойдаланмоғимиз зарур. Шуни ёдда тутайликки, биз бўлмасак ҳам ислом гўзал бўлади. У бизга эмас, биз унга муҳтожмиз.
Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий:
– Озарбайжонда йилнинг “Ислом маданияти йили” деб аталиши, менимча, ҳамма динларга алоқадор. Ўзбексион ҳам шундай толерант давлат. Бу юртда динлар орасида бирор марта келишмовчилик юз бермади. Биз ана шу тинчликни сақламоғимиз, уни бошқаларга ҳам ўрнак қилиб кўрсатмоғимиз даркор. Бунинг учун айни мана шу каби анжуманлар асқатади – Бугун Ўзбекистонда, эртага Озарбайжонда, ундан Россияда... Ўзбекистон ва Россия президентлари ҳамкорликда ишлашимиз керак, бизни боғлаб турадиган муштарак бир тушунча бор. У – юксак ахлоқдир. Ахлоқли инсонларни етиштиришда исломнинг катта ўрни бор. Зотан, Ислом – бирлаштирувчидир.
Россия мусулмонлари диний ташкилоти раиси, Москва шаҳри муфтийси Альбир ҳазрат Крганов:
– Хотирам панд бермаса, сўнгги йигирма йил ичида бундай катта анжуман бўлмаган эди. Бу анжуманни ташкиллаштирганларга раҳматлар айтаман. Анжуманнинг динимизнинг софлигини сақлашдаги аҳамияти катта. Одамлар динни тўғри тушунса, унга оғишмай амал қилса, низолар бўлмайди. Ҳамма кўнгилсизликлар динда, эътиқодда тойиб кетишдан бошланади. Бир эсга олинг, араб давлатларида нима бўлди. Олдинига катта-кичик низолар қилди. кейин жанжал катталашди, охир-оқибат, давлатини ҳам, давлатбошисини ҳам бой бериб қўйди...
Бу ерда тажриба алмашинади, фикрлашилади, истиқболли режалар тузилади... янада муҳими, иймонлашилади, бир-бирига яқин турган дўстлар бир-бирининг юрагининг зарбини эшитади.
Шимолий Осетия-Алания Республикаси муфтийси Ҳожимурод Гацалов:
– Анжуман ташкилотчиларига фақат миннатдорчилик билдириш керак. Илгари мусулмонларга қарши бошқалар урушар эди. Энди эса мусулмонлар, миллатдошлар, қариндошлар ўзаро урушмоқда. Бу динимиз кўрсатмаларига мутлақо зид ҳаракат эмасми! Ҳозирги вақтда мусулмонлар қаттиқ синов остида қолган. на шу синовдан фақат бирдамлик, ҳамжиҳатлик, аҳил-иноқлик билан ўтиб оламиз. Анжуман ана шу ишларга муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Мен иш столимга ўтириб, ўйга толиб қолдим. Кўзларим бирдан қоғозлар устидан турган қандайдир кичик бир нарсани кўриб қолди, у кунжут донасидай кичик эди. Ўзимча: "Фаррош столни яхши тозаламаган кўринади", деб ўйладим. Бармоқларимни узатиб, уни четга суриб ташлашга уриндим. Аммо ўша "кунжут донаси" қўлимдан қочиб, ҳавода учиб кетди. Шунда тушундимки, бу кичкина капалак экан. Эҳтимол, у ухлаётган ёки ҳорғин ҳолда дам олаётган бўлган, менинг қўлим яқинлашганини ҳис қилганида учиб кетди. Қизиғи, мен унинг қанотларини ҳам кўра олмадим. Унинг қанотлари шу қадар нозик эдики, гўё кўзга кўринмас эди! Ҳатто унинг боши қаерда, дум қисми қаерда – буни ҳам ажратиш қийин. Унда ҳаёт учун зарур бўлган барча тизимлар мавжуд, аммо инсон кўзи уларни кўра олмайди.
Ўзимча ўйладим: "Аммо унинг Яратувчиси уни кўради, озиқлантиради, сув бериб яшаш учун керак бўлган барча нарса билан таъминлайди!".
Шундан сўнг фикрларим узоққа кетди. Шу кичкина капалакларни яратиб, ҳавода парвоз қилдирган Зот осмон ишларини ҳам бир зум бўлса-да назоратсиз қолдирмайди. У учиш қобилиятини фақат капалакларга эмас, балки катта сайёраларга ҳам ўз орбиталари атрофида айланиш қобилиятини ато этган. Сайёралар ўз йўлидан оғишмайди ҳам, чалкашмайди ҳам. Аллоҳ таолонинг бир иш билан машғул бўлиши, Уни бошқа ишдан чалғитмайди.
Аллоҳ таоло айтади: "У (бир вақтнинг ўзида) ерга кириб борадиган ва у ердан чиқиб келадиган, осмондан тушадиган ва унга чиқиб кетадиган нарсаларни билади. У раҳимли ва мағфиратли Зотдир" (Саба сураси, 2-оят).
Ўзимга савол бердим: "Нега мен бу кичик капалак ҳақида бунча ўйладим?".
Билганимиздек, СПИД вируси (ОИВ) капалакдан етмиш минг марта кичик бўлса-да, гуноҳкорларнинг танига кириб, уларни қувватсизлантиради, шифокорларни ожиз қолдиради ва илмни ҳам лол қолдиради.
Биз инсонлар учун Аллоҳнинг яратиш ҳикматини кузатиб, Унинг сифатларини билиб олиш жуда зарур. Биз олдимиздаги, ортимиздаги, устимиздаги ва остимиздаги барча нарсаларнинг яратилиш сирларини ўрганишга муҳтожмиз. Агар биз бир-биримиз билан Аллоҳнинг яратиш қудрати ва унинг асарлари ҳақида суҳбатлар қурсак, мана шу мажлислар фаришталар излайдиган зикр мажлислари бўлади. Бундай мажлисларга фаришталар қувонч билан иштирок этишади.
Ҳадиси қудсийда бундай дейилади:
"Аллоҳнинг шундай фаришталари борки, улар ер юзини кезиб, зикр аҳлини қидиришади. Агар Аллоҳни зикр қилаётган бир қавмни кўрсалар, бир-бирига: "Келинглар, сизлар қидирганлар бу ерда!" – деб айтадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Фаришталар уларни ўз қанотлари билан осмонгача ўраб оладилар".
Аллоҳ таоло фаришталардан сўрайди (ҳолбуки У ҳаммасини яхши билади):
– "Бандаларим нима дейишмоқда?"
Фаришталар:
– "Сенга тасбеҳ айтишмоқда, Сени улуғлашмоқда, Сенга ҳамд айтишмоқда ва Сени буюк деб билмоқдалар", – деб жавоб беришади.
Аллоҳ таоло сўрайди:
– "Мени кўрганмилар?"
Фаришталар айтишади:
– "Йўқ, улар Сени кўрган эмаслар".
Аллоҳ таоло айтди:
– "Агар мени кўрсалар, нима қиладилар?"
Фаришталар айтишади:
– "Агар Сени кўрсалар, улар янада кучлироқ ибодат қилишар, Сени янада кўпроқ улуғлашар, янада кўпроқ ҳамд айтишар ва янада кўпроқ тасбеҳ айтишар эди"...
Аллоҳни яқиндан таниш учун тафаккур қилиш ибодатларнинг энг аълоси ва асосий кўринишидир. Қуръонда бундай дейилади: "(Улар) Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида ҳам зикр қилишади ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қилишади: "Эй Парвардигоримиз, Сен бу (осмонлару ерни) беҳуда яратган эмассан. Сени (бундай нуқсонлардан) пок деб билдик. Бизларни дўзах азобидан сақла", деб дуо қилишади (Оли Имрон сураси, 191-оят).
Зикр – бу онг ва ақлнинг жиддий вазифаси, у кишини ердан осмонга кўтаради. Ҳозирги замон кишилари икки тоифага бўлинади: бир тоифаси Аллоҳни тан олмайдиган атеистлардир, улар бир куни Аллоҳ билан рўбарў бўлишларига ҳам ишонмайдилар. Иккинчи тоифаси эса, Аллоҳни зикр қилишни билмайдиган ва буни ўзгаларга ўргата олмайдиган мусулмонлардир. Улар Аллоҳни танийдилар, аммо бу таниш фақат юзаки бўлиб, уларнинг на қалбларини поклайди ва на тарбияларини тўғрилайди.
Шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг "Аччиқ ҳақиқат" китобидан
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ таржимаси