Рамзан Қодиров Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувидан мамнун. У ижтимоий тармоқда, учрашувдан олган тассуротини қуйидагича баён қилди.
Ассалому алайкум! Душанба куни мен Ўзбекистон пойтахти – Тошкентга келдим. Ўзбекистонга ва унинг пойтахтига келишни кўп вақтдан бери дилимга тугиб келаётган эдим. Тошкентда каминани муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев қабул қилди. Мен Шавкат Миромоновичдан кўрсатган эҳтироми ва дўстона муносабатидан миннатдорман! Ўзбекистон Президентининг падари бузрукворим, Чеченистон Республикасининг Биринчи Президенти, Россия қаҳрамони Аҳмадҳожи Қодировни, унинг террорчилик балосига қарши самарали курашганидан жуда ҳам яхши хабардорлиги мен учун ҳақиқий кашфиёт бўлди. Унга бу ҳақда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори бўлган, Аҳмадҳожига таълим берган, оиламизнинг яқин дўсти – марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сўзлаб берган экан. Мен ҳам ўз навбатида, Аҳмадҳожининг Ўзбекистон ва унинг халқини қанчалар оташин муҳаббат билан севганини сўзлаб бердим.
Биз инвестиция сиёсати, спорт, маданият, иқтисодий-ижтимоий соҳаларга доир бир қанча масалалар юзасидан фикр алмашдик. Биз Ўзбекистон ва Чеченистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги поғонага олиб чиқишга, ушбу ҳамкорликларимизни тизимли тарзда мунтазам давом эттиришга келишиб олдик.
Мен Аллоҳ таоло ўзбек халқини Шавкат Миромонович сиймосида ўз Ватани ва халқини жонидан ортиқ севадиган, ўзининг бутун ҳаётини Она Ватани истиқболи учун бағишлашга тайёр бўлган ҳақиқий йўлбошчи билан сийлаганига амин бўлдим! У Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш, мамлакатни юксак тараққий этган давлатлар қаторига қандай олиб чиқиш йўлларини жуда яхши билади!
Мен Шавкат Миромоновични ўзи учун қулай бўлган вақтда дўстона ташриф билан Россия-Чеченистонга меҳмон бўлишга таклиф қилдим. Президент, албатта, Грознийга боришга ваъда берди!
***
Ҳа дарвоқе, шаҳар кўчасидан юриб борар эканман кутилмаган учрашув юз бериб қолди. Нотаниш бир аёлнинг исмимни айтиб чақиргани қулоғимга чалинди. Дарҳол тўхтаб унга яқинлашдим. У аёл – чечен экан. Тошкентда туғилибди, шу ерда яшаётган экан. У чечен тилида жуда ҳам тиниқ гапирарди. Унга онаси аждодларимизнинг тилини пухта ўргатгани мени тўлқинлантириб юборди.

Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар иштирокида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” номли асарнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов, шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек, масжидларда фаолият олиб бораётган имом-домлалар иштирок этдилар.
Тақдимот давомида асарнинг мазмун-моҳияти, унда кўтарилган долзарб мавзулар ҳамда китобнинг бугунги жамият ҳаётидаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритилди. Сўзга чиққанлар китобда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва бурчларини англаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик каби инсоний фазилатлар чуқур ва таъсирчан тарзда ёритилганини таъкидладилар.
Шунингдек, иштирокчилар “Инсон қадри” асари имом-хатиблар учун маънавий-маърифий фаолиятда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилиши, аҳоли билан мулоқотда, жамоатчилик орасида соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда кенг фойдаланиш мумкин бўлган манба эканини қайд этдилар.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати