Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Ноябр, 2024   |   22 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:58
Қуёш
07:21
Пешин
12:15
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:19
Bismillah
23 Ноябр, 2024, 22 Жумадул аввал, 1446

Рамзан Қодиров Имом Бухорий қабрини зиёрат қилди

17.10.2017   5213   1 min.
Рамзан Қодиров Имом Бухорий  қабрини зиёрат қилди

2017 йил 17 октябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Самарқандга ташриф буюрди. Ташриф марҳум Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиш билан бошланди. Қабр олдида таомилга кўра, Қуръони карим тиловат қилинди.
Мартабали меҳмон марҳум юртбошимиз Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда барпо этилаётган ёдгорлик мажмуаси билан яқиндан танишди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари асосида такомиллаштирилаётган мажмуада олиб борилаётган ишлар Чеченистон раҳбарида катта таассурот қолдирди.
Рамзан Қодиров Имом Бухорий мажмуасига ташрифи асносида Имом Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат этар экан, у кишига бўлган юксак эҳтиромини изҳор этди. Бобокалонимизнинг қабрлари пойида Қуръони карим оятларидан ўқилиб, дуо қилинди. Меҳмон мажмуа тарихи билан танишиб, дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътиборни юксак баҳолади.
Мажмуа ёнидан бунёд этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази аждодларимизнинг бой маънавий мероси нафақат юртимизда, бутун ислом оламида кенг ўрганилиши катта имконият бериши эътироф этилди.
Меҳмонлар ташриф давомида “Хўжа Дониёр” зиёратгоҳи, буюк саҳоба Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу мангу қўним топган “Шоҳи Зинда” мажмуаси ва “Регистон” ансамблини ҳам зиёрат қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Одам нега ўз жонига қасд қилади?

22.11.2024   2741   3 min.
Одам нега ўз жонига қасд қилади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўлим ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги охирги нафаси, шу билан ҳар бир инсоннинг абадияти ҳал этиладиган энг сўнги лаҳза,  яхшилик ва ёмонликларимизнинг заррачасини ҳам қолдирмай кўз ўнгимизга олиб келадиган, ҳисоб қилинадиган вақт, қабрда жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқур бўлишини исботлайдиган ҳолдир.

Ўлимнинг ҳақиқий маъносини тушуниб, унинг улкан маҳобатини ҳис этган олимлар бўлар бўлмасга ўлим сўзини тилларига чиқараверишдан ҳам истиҳола қилганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз талаффузида вафот этган кишига нисбатан тўғридан-тўғри ўлим сўзи ишлатилмайди. Балки фалон киши дунёдан ўтибдилар, йўқ бўлиб қолибдилар, омонатни топширибдилар каби сўзларни ишлатиш урфга айланган.

Бугун эса, бу сўзга нисбатан енгил муносабатда бўлиб қолганимиз ўз жонига қасд қилиш иллати авж олишига сабаб эмасмикан? Эътибор бериб қарасангиз, айримларда тушунчанинг етарли эмаслиги сабабидан кўпчилик ўзаро ҳазиллашиб ҳам ўлим сўзини ишлатмоқда, ҳатто айрим оналаримиз фарзандларини қўрқмасдан “ўлим” сўзини ишлатиб қарғамоқдалар.

Ўз жонига қасд қилиш иллатининг бундан ҳам  даҳшатли сабабларидан бири кўпчилик ёши катталаримиз ҳам, ўлим хабарини эшитган пайтда мусулмон кишига хос бўлган одобни ҳам билмаслигидир. Кўпчилик узоқ вақт касал бўлиб ёки қийналиб дунёдан ўтган кишини эшитса, унга муносабат билдириб “ташвишдан, қийинчиликдан қутулибди” деган сўзларни ҳам ишлатмоқдалар. Бу каби гап сўзлар билан нафақат ўзимиз ғафлатда юрибмиз, балки ёшларимизнинг ҳам онгини чалғитишга, ўлим билан осонгина ўйнашишга сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда бундай дейилади:

فعَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ : قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَاتَتْ فُلَانَةُ ، وَاسْتَرَاحَتْ , فَغَضِبَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ : إِنَّمَا يَسْتَرِيحُ مَنْ غُفِرَ لَهُ  (رواه أحمد 24192)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, фалон аёл вафот этиб, хотиржам бўлди, дунёнинг машаққатларидан қутилди дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб: “Аллоҳ таоло томонидан мағфират этилган кишигина нажот топади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Ўз жонига қасд қилишнинг тарқалишига яна бир жиддий сабаблардан бири меҳр-шафқатнинг етишмаслигидир. Доимо бир-бирлари билан чиқиша олмайдиган, арзимас сабаб билан бақир-чақирлар бўлаверадиган оилаларда ўсаётган фарзандларнинг жажжигина қалби дунёни ушбу ёвуз оила тимсолида тасаввур этиб улғаяди. Дунёни меҳрсиз деб тушуниб улғайган фарзанднинг қулоғига иккинчи томондан ўлим сўзи оддий нарса, ҳаёт қийинчиликларидан қутулиш йўли бўлиб эшитилиб тургандан кейин у нима қилсин?

Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик, фарзандларимизга берган меҳримиз сабабидан ҳам биз икки дунёда Роббимиз томонидан раҳм қилинамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз халқимизни бу каби иллатларнинг домига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин.

Ш.Исроилов
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Учқўрғон тумани Муҳаммад Зариф жоме масжиди имом-хатиби