2017 йилнинг 9 октябрь куни Франция Ташқи ишлар вазирлигининг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси Жан Кристоф Посель Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонга Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Виолен де Вильмор хоним ва элчихона маслаҳатчиси Алена Гранда хоним ҳамроҳлик қилди.
Меҳмонларни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров кутиб олди.
Учрашувда юртимиздаги масжидлар, диний таълим муассасалари ва ҳаж – умра сафарларини ташкил этиш ҳақида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги 16 та диний конфессиялар, уларнинг фаолияти, 2 та ноисломий семинариялар, черков ва бошқа ибодатхоналар мавжудлиги бўйича маълумотлар бериб ўтилди.
Шу билан бирга юртимизда сўнги йилларда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, бунинг натижасида Президентимиз ташаббуслари билан турли илмий мактаблар, Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши кабилар ҳам айтиб ўтилди.
Учрашув якунида меҳмонларга муфтий ҳазратлари томонидан эсдалик совғалари тақдим қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан самимий мулоқотлар йўлга қўйилгани кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 15 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди.
Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, оилавий масалалар, ҳаж, иш, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати