Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Қилинган эзгу амал ва яхшиликлар ёмон фалокату-ҳалокатлар (хунук ва нохуш ўлим топиш) сақлагай! Махфий қилинган садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини (бир ривоятда “сув оловни ўчиргани каби” қўшимчаси ҳам бор) ўчиргай! Силаи раҳм (қариндошлик алоқаларини боғлаш) умрга зиёдалик (бағишловчи)дир! (бир ривоятда “ва фақрликдан сақлайди” деган қўшимчаси ҳам бор). Ҳар бир яхшилик садақадир. Дунёда яхшилик қилувчилар, Охиратда ҳам яхшилик аҳли (қаторида) бўладилар. Бу дундёда ёмонлик аҳли (ёмон иш қилувчи) бўлганлар, Охиратда ҳам ёмонлик аҳли (қаторида) бўладилар! Жаннатга биринчи бўлиб кирувчи (жамоа ҳам) яхшилик аҳлидирлар! (Имом Табароний ривояти).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Яхшилик қилувчи дунёда ҳаргиз тойилмас, тойилса ҳам, албатта, суянчиқ топа олур”, деган.
Ибн Мункадирдан “Амалларнинг қайси бири энг афзал?” деб сўрадилар. Шунда: “Мўминнинг қалбига хурсандлик киритиш”, деди. Сўнгра: “Дунёда энг севимли ишингиз нима?” деб сўрашганда, у яна: “Ёру-дўстларга фазл қилиш: уларга ҳам моддий, ҳам жисмоний кўмакчи бўлиш”, деб жавоб берди.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ: “Дунёда энг яхши ҳаёт кечирувчи киши – яшаш шароитини яхшилаш билан бир қаторда бошқаларнинг турмушини ҳам яхшилаш пайида бўлувчи кишидир. Дунёнинг энг лаззатли нарсаси – ёру-дўстларга фазл қилишдир”, деб айтган.
Шоир Абул Атоҳия ўз шеърида бундай деган:
Қўлингдан келганча қилиб яхшилик,
Биродаринг ғамларин аритувчи бўл!
Мард йигитнинг энг яхши куни ахир,
Ҳожатларни раво қилган кунидир!
Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта
махсус ислом билим юрти мударриси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
حدثنا العباس بن محمد الدوري نا يعلى نا موسى عن مصعب بن سعد عن أبيه سعد بن مالك قال: كنا جلوسا عند رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال: ”أيعجز أحدكم أن يكسب في اليوم ألف حسنة“. قال: فسأله سائل من جلسائه: كيف يكسب أحدنا يا رسول الله كل يوم ألف حسنة قال: ”يسبح مائة تسبيحة يكتب له ألف حسنة أو يحط عنه ألف خطيئة.“
Мусъаб ибн Саъд отаси Саъд ибн Моликдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик.
Шунда у зот: “Сизлардан бирингиз бир кунда мингта яхшилик қилишга ожизми?” дедилар.
У зот билан бирга ўтирганлардан бири: “Ё Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб ҳар биримиз бир кунда мингтадан яхшилик қила олишимиз мумкин?” деб сўради.
“Юзта тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ” деб) айтса, унга мингта савоб ёзилади ёки ундан мингта хато ўчирилади”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси