Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Қилинган эзгу амал ва яхшиликлар ёмон фалокату-ҳалокатлар (хунук ва нохуш ўлим топиш) сақлагай! Махфий қилинган садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини (бир ривоятда “сув оловни ўчиргани каби” қўшимчаси ҳам бор) ўчиргай! Силаи раҳм (қариндошлик алоқаларини боғлаш) умрга зиёдалик (бағишловчи)дир! (бир ривоятда “ва фақрликдан сақлайди” деган қўшимчаси ҳам бор). Ҳар бир яхшилик садақадир. Дунёда яхшилик қилувчилар, Охиратда ҳам яхшилик аҳли (қаторида) бўладилар. Бу дундёда ёмонлик аҳли (ёмон иш қилувчи) бўлганлар, Охиратда ҳам ёмонлик аҳли (қаторида) бўладилар! Жаннатга биринчи бўлиб кирувчи (жамоа ҳам) яхшилик аҳлидирлар! (Имом Табароний ривояти).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Яхшилик қилувчи дунёда ҳаргиз тойилмас, тойилса ҳам, албатта, суянчиқ топа олур”, деган.
Ибн Мункадирдан “Амалларнинг қайси бири энг афзал?” деб сўрадилар. Шунда: “Мўминнинг қалбига хурсандлик киритиш”, деди. Сўнгра: “Дунёда энг севимли ишингиз нима?” деб сўрашганда, у яна: “Ёру-дўстларга фазл қилиш: уларга ҳам моддий, ҳам жисмоний кўмакчи бўлиш”, деб жавоб берди.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ: “Дунёда энг яхши ҳаёт кечирувчи киши – яшаш шароитини яхшилаш билан бир қаторда бошқаларнинг турмушини ҳам яхшилаш пайида бўлувчи кишидир. Дунёнинг энг лаззатли нарсаси – ёру-дўстларга фазл қилишдир”, деб айтган.
Шоир Абул Атоҳия ўз шеърида бундай деган:
Қўлингдан келганча қилиб яхшилик,
Биродаринг ғамларин аритувчи бўл!
Мард йигитнинг энг яхши куни ахир,
Ҳожатларни раво қилган кунидир!
Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта
махсус ислом билим юрти мударриси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кеча имом Заҳабийнинг «Сияру аъломин нубало» асарини ўқиётган эдим. У китобдаги Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳнинг имом Молик роҳимаҳуллоҳ ҳақида айтган гапи ҳали ҳам қулоқларим остида жарангламоқда:
«Молик ибн Анас каби кўтарилган кишини кўрмадим. У кўп рўза тутмас, кўп намоз ўқимас эди. Аммо унда қалб бор эди!».
Дўстим! Имом Молик роҳимаҳуллоҳ «Муватто» асарини ёзганида кишилар унга: «Ҳадис китоблари кўп-ку! Кишиларнинг бунга нима эҳтиёжи бор?!», дейишган эди. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ: «Аллоҳ учун бўлгани қолади!», деган эди.
Имом Моликнинг бутун борлиғи Аллоҳ учун эди. Дарҳақиқат, «Муватто» қолди.
Дўстим! Аллоҳ таоло бандасининг холис Ўзи учун қилинадиган биттагина бўлсада яширин ибодатини севади. У амални ҳеч ким кўрмаса, мақтамаса, ҳеч ким эшитмаса, олқишламаса, уни бажарганда мақсад фақат Аллоҳнинг ризоси бўлса, Унинг ҳузурида ҳеч нарса зое бўлмаслигига ишонса банда…
Камералар тушура олмайдиган доимий садақанг бўлса, кечалари намоз ўқисанг-у, уни оиланг билмаса, дўконларга бориб бировларнинг қарзларини тўлаб келсанг-у, улар сени танишмаса, сен уларни танимасанг, етимларни қарамоғингга олсанг-у бу ишинг фақат қиёматда ошкор бўлса….
Дўстим! Имом Моликнинг «Аллоҳ учун бўлгани қолади» деган гапини ёдингга ол. Аллоҳга муҳаббат қилиб, динни ҳимоя қилиб ихлос билан ёзган икки қатор жумлангни Аллоҳ минглаб инсонларга тарқатади. Сўзларинг бутун ер юзи бўйлаб айланади. Сен эса уйингда ўтирган бўласан…
Аллоҳнинг розилигини талаб қилиб ёзган китобингни Аллоҳ бир гуноҳкорнинг тавбасига сабаб қилса, бир маҳзун кишига ҳамдард қилса, бир адашганни тўғри йўлга солса бундан ортиқ бахт борми?! Вафот қилганингда китобларинг ортингда қолиб кишиларни иршод қилиб турса…
Савоб умидида битта дарахт эксанг, Аллоҳ уни тоғлар каби собит қилса, кишилар ундан сояланса, меваларидан ейишса бу не бахт! Бир пайтлар у кичкина ниҳолча эди. Бугун эса у Аллоҳ учун экканинг сабаб қиёматинг учун захира бўлмоқда…
Инсонлар учун Аллоҳ ризосини истаб сув чиқариб берсанг эҳтимол унинг мукофоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан сув ичиш бўлар?! Аллоҳдан кўра вафодорроқ зот йўқ аслида…
Аллоҳ учун илм олсанг, бировга илм берсанг, Қуръон ёдласанг ва уни бошқаларга ёдлатсанг буларнинг ажрини фаришталар албатта саҳифангга ёзади иншааллоҳ!
Аллоҳ учун бўлгани қолади. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳнинг «Риёзус солиҳийн» китобини Лондон ва Парижда сотилади деб ўша даврда ким ўйлаган?! Аммо Аллоҳ таоло Валлоҳу аълам имом Нававийнинг қалбига боқиб рози бўлган, шу сабаб унинг китобини яшатган…
Кишилар ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг «Мадорижус соликин» асарига бежизга ёпишиб олишмаган. Аллоҳ учун бўлгани қолади.
Кишилар бежизга ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳнинг «Сойдул хотир» асарини ўқишмайди. Аллоҳ учун бўлгани қолади.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ доимо: «Ё Роббим! Мени ўлдирганингда махлуқотларингдан бирор киши мени танимасин», деган эди. Аллоҳ у зотнинг қалбида шуҳратга ҳавас йўқлигини билди. У зотни жумла жаҳонга машҳур қилди. Аллоҳ учун бўлгани қолади.
Дўстим! Аллоҳ учун бўлгани қолади!
Абдулқодир Полвонов