Шу йилнинг 7-11 октябрь кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Маккаи мукаррама шаҳрида XXXIX Халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади. Вакилларимиздан Тошкент ислом институти битирувчиси Сайдуллоҳ қори Тоҳиров ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Абдулбасир қори Камолов мазкур мусобақада иштирок этиш учун 2 октябрь куни Саудия Арабистонига жўнаб кетишди.
Ушбу мусобақада 50 дан ортиқ давлатдан келган, 200 га яқин қорилар иштирок этади. Мусобақа шартлари қуйидагилардан иборат:
Вакилларимиз мусобақанинг 2 ва 3 шартлари бўйича иштирок этади.
Шунингдек, шу йилнинг 7 – 9 октябрь кунлари Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида XVIII Халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтади. Ҳар йили дунёнинг шарқ ва ғарб мамлакатлари вакиллари ушбу мусобақада иштирок этиб келмоқда. Ҳозирда мазкур мусобақада қатнашиш учун 32 та мамлакат вакиллари ташриф буюришди. Қувонарли жиҳати шундаки, ушбу мусобақада юртимиз вакили Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги “Ҳазрати Умар” жоме масжиди имоми ноиби Азимбоев Валихон қори ҳам қатнашади. Вакилимиз сўзига кўра, Россия Федерациясида ўтказиладиган XVIII Халқаро Қуръони карим мусобақаси шартлари Қуръони каримни тажвид қоидаси билан ўқиш ва уни чиройли талаффуз қилишдан иборат. Қориларимизга мазкур халқаро нуфузли мусобақаларда олий ўринларни эгаллашини Аллоҳдан сўраб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими ходими,
А.Парпиев
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бандадан хато содир бўлмаслиги мумкин эмас, балки содир бўлган хатоларни тузатишга интилиш — ана шу бандалик хусусиятидир. Одам боласидан хато содир бўлиши оддий ҳол. Хатоларни афв этиш эса ҳамма ҳам қила олмайдиган, охиратда шараф бўладиган хислатдир.
Европалик бир файласуф: «Оловни ҳаддан зиёд ёқиб юборма, душмандан олдин ўзингни куйдириб қўймасин», дейди.
Бир одам ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Мен сени шундай ҳақорат қиламанки, у сен билан бирга қабринггача боради», деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Сенинг ҳақоратинг қабргача мен билан эмас, балки ўзинг билан бирга боради», дедилар.
Хуллас, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу унинг ахлоқсизлигига эътибор ҳам бермадилар.
Қуръони Карим жоҳил кишилардан юз ўгириб ўтиб кетишни ва беҳуда ишлардан батамом сақланишни таълим берган ва таъкидлаган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Хизматкоримнинг хатоларини неча маротаба авф қилайин?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб қилмай жим турдилар. У яна қайта сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар куни етмиш маротаба» дедилар.
Имом Термизий ривояти.
Ҳадисдан олинадиган фойда шуки, хатоларни авф қилишнинг ҳадди белгиланган эмас. Агар ходим ҳар куни етмиш маротаба хато қилса ҳам, уни кечириш гўзал хулқ ва раҳм-шафқатнинг талабидир.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан