Бугун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Медиамарказида Халқаро Пресс-клуб ташкилотчилигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга тарихий ташрифи якунлари туркумидан “Бағрикенг ислом: тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги анжуман бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси ва бошқа диний ташкилотлар раҳбарлари, Ислом академияси, Тошкент ислом университети вакиллари, “Маҳалла” фонди фаоллари, экспертлар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.
Анжуманни кириш сўзи билан очган модератор Ж.Усмонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида сўзлаган тарихий нутқида илгари сурилган ташаббуслар ва уларнинг аҳамияти ҳақида туркум сессиялар ўтказилаётгани, бугун ана шу мулоқот доирасида “Бағрикенг ислом: тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида фикр алмашинишини маълум қилди.
Шундан сўнг анжуман иштирокчиларини сессия спикерлари билан таништирди: Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Рус правослов черкови Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий, Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Мунавваров, Имом Бухорий халқаро маркази директори Шорасул Зиёдов, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Убайдулло Уватов.
Анжуманда нутқ сўзлаган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мазкур нутқда соғлом ислом дини эътиқодининг мустаҳкам ҳимоясига қаратилган ташаббусни диндорлар ва дунёдаги диний ташкилотлар катта хурсандчилик билан кутиб олганига эътибор қаратиб, жумладан бундай дедилар: “Муҳтарам Президентимиз ҳар бир чиқишларида фуқаролар дарду ташвишларини енгиллатиш, уларнинг хоҳиш-истакларини таъминлаш, нафақат моддий, маънавий эҳтиёжларини қондириш борасидаги саъйи ҳаракат кўрсатишлари барчамизни жуда ҳам хурсанд қилади.
Ҳаммамизнинг хабаримиз борки, 19 сентябрь куни муҳтарам Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Президентимизнинг нутқи муборак динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган жуда катта вазифа эканини таъкид қилдилар. Шундай деб айтдилар: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз.
Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.
Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деб марҳамат қилдилар.
Ҳақиқатан, бугунги мураккаб ва таҳликали замонда кўпгина воеқалар содир бўляпти, Бу воқеалар муборак динимиз номидан сохта шиорлар тўқишлик оқибатида юз бермоқда, Бунинг натижасида бегуноҳ инсонларнинг қони тўкиляпти. Бундан кексалар, аёллар, болалар кўп жабр чекяпти. Яна бир афсусланарли жиҳати шуки, исломга умуман алоқаси бўлмаган кимсалар бу жиноятни қилсалар, дарров муқаддас динимизнинг номи билан боғлаяптилар. Бу албатта, бизни жуда ҳам ташвишга солади. Улар эзгуликка, маърифатга бағишланган динни ёмон кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Ана шундай бир ҳолатда муҳтарам Президентимиз томонларидан юксак минбардан туриб ислом динининг асл моҳияти инсонпарварлик ва тинчлик эканлиги, уни қораловчилар билан ҳеч қачон муроса қила олмаслигининг баралла айтилиши мустаҳкам эътиқод ва катта шижоатнинг яққол намоён бўлиши эди...”
Рус правослов черкови Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий ўз нутқида террорчилик, диний экстремизм каби бузғунчи кучларнинг ҳеч бир динга алоқаси йўқлиги, улар халқнинг ишончига кириш учун муқаддас динлардан ўзларига қалқон сифатида фойдаланишлари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, митрополит Викентий мусулмонлар орасида реакцион оқимлар пайдо бўлганидек, насронийлар орасида ҳам шовинистик руҳдаги реакцион ва тажовузкор кучлар пайдо бўлиб, улар ҳам кўплаб соддадил инсонларни йўлдан оздиришга ўринаётгани маълум бўлиб, уларга қарши муросасиз кураш олиб борилаётганига тўхталди.
Ундан кейин маъруза қилган сессия спикерлари ҳам ислом динининг моҳияти тинчлик ва эзгулик экани ҳақида атрофлича сўз юритиб, юртбошимизнинг юксак минбарда сўзлаган оташин нутқи кўплаб давлатлар раҳбарлари томонидан ҳақиқий жасорат деб баҳоланганини айтишди.
Дамин ЖУМАҚУЛ
#Сайёр_йиғилиш
Хабарингиз бор, шу йил ҳаж мавсумида хурматли Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларнинг ҳол-аҳволларини сўрадилар.
Бу йил юртимиздан ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларида юртга қайтгач, «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари бўламиз» деган эзгу ташаббусни илгари сурган эдилар.
Шу ташаббус айни кунларда амалга кўчиб, ҳожиларимиз маҳаллаларга кириб, тинчлик ва маънавиятни тарғиб этмоқдалар.
Бугун, 16 июль куни Мирзо Улуғбек туманида сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб борган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги масъул ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари, уламолар, отинойилар ҳамда «Ҳаж 2025»да ҳажга борган ҳожи оталар ва ҳожи оналар иштирок этишди.
Дастлаб Тошкент шаҳар бош имом-хатиби раисликларида туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек, тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ шакллантирилди.
Абдуқаҳҳор домла амалга ошириладиган ишлар кўлами, Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар ҳамкорлигининг муҳим жиҳатлари хусусида йиғилганларга тушунчалар бердилар.
Шундан сўнг тумандаги барча имом-хатиблар ҳожилар билан биргаликда ҳудуддаги 20 та маҳаллага чиқиб, юзга яқин хонадонга киришди.
Ажрим ёқасига келиб қолган бир оилага кирилиб, уларга ҳожилар зарур тавсияларни беришди. Оила бошлиқлари хато қилганларини англаб етдилар.
Тадбир доирасида жисмоний имконияти чекланган онахонга махсус аравача ҳадя қилинди. Онахон кўзидаги қувонч ёшлари билан шу хайрли ишларнинг бошида турган азиз инсонларни алқаб, уларга миннатдорлигини изҳор қилди.
Эҳтиёжманд бир оилага замонавий телевизор ҳамда рўзғор учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ёш оилага адабий-бадиий китоблар улашилди.
Кўнгли ўксик инсонлар ҳолидан хабар олингани тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Бугунги тадбирни ўтказишдан мақсад юртимизда инсон қадри, шаъни улуғ эканини, одамларга яхшилик улашиб яшаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асрашда ҳожиларимизнинг хизмати беқиёс эканини кўрсатмоқда.
Аслида имом-хатибларимиз ҳар куни шундай хайрли ишларни амалга оширмоқдалар. Бугунга келиб бу иш тизимли ва кенг кўлам касб этиб, такомиллашиб бормоқда.
Тадбир иштирокчилари яна «Мулла Қосим» жоме масжидига қайтиб, амалга оширилган ишларни ўртага ташлаб, келгусидаиг режаларни белгилаб олишди.
* * *
Пешин намозидан сўнг Абдуқаҳҳор домла «Мулла Қосим» жоме масжидида жамоатга «Шукроналик ва тинчликнинг қадри» мавзусида мавъиза қилиб бердилар.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ўз ниҳоясига етди.
* * *
Эслатиб ўтамиз, кейинги шундай тадбир Сергели туманида ўтказилади.
Улашинг | @MuslimShosh