Ислом дини инсонларга илми орқали ўрнак бўлишга чақиради. Комилликка олиб борувчи илмни ўрганиб, уни амали ила фазлатли қилиш улуғлар йўлидир. “Олимнинг сиёҳи ғозийнинг қонидан афзалдир”, деган ҳикмат бор.
Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Илм мол-дунёдан яхшидир. Илм сени қўриқлайди. Мол-дунёни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳукм қилувчидир, молнинг устидан эса ҳукм қилинади. Мол йиғувчилар ўтиб кетдилар. Илм тўплагувчилар эса боқий қоладилар. Ўзлари орамизда йўқ бўлсалар-да, шахслари қалбларда мавжуддир». (Адабу дунё вад-дин).
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу талаба ёшларни кўрганда бундай дер эканлар: «Марҳабо, эй ҳикмат булоқлари, зулмат чироқлари, кийими эски-ю қалби янгилар, уйларнинг маҳбуслари ва ҳар бир қабиланинг райҳонлари». («Жомеу баёнил илми ва фазлиҳ») Яъни илм талаби билан машғул бўлиш, дарс ва мубоҳаса учун уйда ўтириш уларнинг энг асосий сифатларидандир. Илм излаш янги кийимларни кийишдан, тенгдошлари каби кўчаларда сайр-саёҳат қилишдан уларни тўсиб туради.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: «Илм ўқинглар, зеро уни Аллоҳ учун ўрганиш қўрқувни пайдо қилади. Илм талаб қилиш – ибодат, уни ёдлаш тасбеҳ, у ҳақда баҳс қилиш жиҳоддир. Уни билмаган кишига ўргатиш садақа, эгаларига сарфлаш Аллоҳга яқин бўлишдир. У ҳалол билан ҳаромни ажратувчи белги ва жаннат аҳли йўлларини ёритувчи маёқдир. Илм ёлғизликда улфат, ғарибликда ҳамроҳ, холи қолганда суҳбатдош, шодонлик ва хафаликда йўл кўрсатувчи, душманга қарши қурол, дўстлар ўртасида зийнатдир. Аллоҳ илм сабабли баъзи қавмларни юксакларга кўтариб, уларни яхшиликда йулбошчи ва пешво қилиб қўяди. Илм туфайли уларнинг изларидан юрадилар, амалларига эргашадилар ва фикрларини қабул қиладилар. Малоикалар улар билан дўстлашишни хоҳлайдилар, қанотлари билан уларни сийпалайдилар. Улар учун барча ҳўлу қуруқ, денгизнинг катта балиқлари-ю майда ҳашоратлари, қуруқликдаги йиртиқичлару чорва ҳайвонларнинг барча-барчаси истиғфор айтади. Илм қалбларга ҳаёт бериб, жаҳолатдан қутқаради, кўзларга нур бериб, зулматдан қутқаради. Банда илм туфайли солиҳлар даражасига, дунё ва охиратдаги олий мартабага етиб олади. Илм борасида фикр юритиш рўзага тенгдир. Уни дарс қилиб ўрганиш қиёми лайл билан баробардир. У билан қариндошлик риштаси боғланади. У туфайли ҳалол ҳаромдан ажралади. Илм амалнинг имоми, амал эса унинг эргашувчисидир. У бахтли кишиларга берилади. Бахтсизлар эса ундан маҳрум этилади». («Мифтоҳу дорис-саодат» китобидан).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бундай дедилар: «Бир киши Тиҳома тоғларича гуноҳ билан уйидан чиқади. Илмга қулоқ солса, унда қўрқув пайдо бўлади ва гуноҳидан қайтиб, тавба қилади. Натижада биронта гуноҳсиз уйига қайтиб келади. Бас, уламолар мажлисидан ажралманглар». («Мифтоҳу дорис-саода»).
Умар розияллоҳу анҳу яна дедилар: «Эй, инсонлар, илмни маҳкам ушланглар. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳунинг яхши кўрадиган ридоси бор. Ким илмнинг бир бобини ўрганса, Аллоҳ унга ўз ридосини кийдиради. Агар у гуноҳ қилса, то вафот этгунича ундан ридосини олиб қўймаслик учун ундан ғазабини тияди».(«ўша манба»).
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир масалани ўрганишим менга кечаси билан намоз ўқишимдан яхшироқдир». («ўша манба»).
Ҳасан Басрий айтадилар: «Илмнинг биронта бобини ўрганиб, сўнг уни бир мусулмонга ўргатишим менга дунёнинг ҳаммаси Аллоҳ йўлида меники бўлишидан яхшироқдир» (Ал-мажмуъ,шарҳу муҳаззаб). Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Фарз ибодатларидан кейин илм талаб қилишдан афзалроқ нарса йўқ».
Имом Аҳмад ва Ибн Абдул Барр ривоят қилади: “Умар розияллоҳу анҳу: «Илмни ўрганинглар ва ўргатинглар. Унинг учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган ва таълим берган кишига тавозели бўлинг. Уламонинг жаббори бўлманг. Жаҳлингиз илмингиз ила қоим бўлмайди», деди».
Ибн Абдул Барр Ҳилол ал-Варроқдан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:
«Огоҳ бўлинглар! Энг содиқ гап Аллоҳнинг каломидир. Энг гўзал ҳидоят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо қилинганидир.
Огоҳ бўлинг! Илм одамларга уларнинг акобирларидан келса, улар яхшиликда бардавом бўлур», дер эдилар».
Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Жобияда хутба қилиб:
«Эй одамлар! Ким Қуръондан сўрамоқчи бўлса, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг олдига келсин. Ким меросдан сўрамоқчи бўлса, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг олдига келсин. Ким фиқҳдан сўрамоқчи бўлса, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига келсин. Ким мол-дунёдан сўрамоқчи бўлса, менинг олдимга келсин. Аллоҳ мени унга волий ва тақсимловчи қилди», деди».
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу илм тўғрисида шундай марҳамат қиладилар: «Илм молдан яхшидир, чунки илм сени қўриқлайди, сен эса молни қўриқлайсан. Илм ҳокимдир, мол эса маҳкум. Нафақа қилиш билан мол камаяди, илм эса, ўргатиш билан зиёда бўлади».
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Илм хазинадир, унинг калити эса савол. Огоҳ бўлинглар! Сўранглар, чунки бу билан тўрт киши савобга эришади: сўровчи, олим, тингловчи ва уларни севувчи» (Абу Наъим).Абу Асвад розияллоҳу анҳу дейдилар: «Илмдан азизроқ нарса йўқ. Подшоҳлар инсонлар устидан ҳукм қилади, уламолар эса подшоҳлар устидан ҳукм қилади».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар: «Сулаймон ибн Довуд алайҳиссаломга илм, мол ва подшоликдан бирини танлаш ихтиёри берилди. У зот илмни ихтиёр қилдилар. Натижада унга мол билан подшоҳлик ҳам қўшиб берилди».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар: «Толибликда хокисор бўлдим, матлубликда эса азиз бўлдим».
Ато розияллоҳу анҳу айтдилар: «Бир илм мажлиси 70 та беҳуда мажлисга каффорот бўлади».
Имом Шофеъий розиялоҳу анҳу айтадилар: «Талаби илм нафл намозларидан афзалдир».
Ибн Муборакдан сўрадилар: «Инсонлар кимдир?» «Уламолар», деди. «Подшолар ким?» «Тақводорлар», деди. «Дўзахийлар ким? «Дин сабабли дунёни ейдиган одамлар», деди. Демак, том маънодаги инсон бўлиш учун соҳиби илм бўлиш лозим. Чунки, инсонларни ҳайвондан ажратиб турадиган хусусият илмдир. Зеро, инсон нима билан шарафли бўлса, ўша нарса билангина инсон ҳисобланади.
Инсондаги бу шараф унинг жисмоний қувватининг натижаси эмас, чунки туя ундан кўра қувватлироқдир, катталик билан ҳам эмас, фил ундан кўра каттароқ, шижоат билан ҳам эмас, чунки йиртқич ҳайвон ундан-да шижоатлироқ, кўп ейиш билан ҳам эмас, ҳўкиз ундан кўра кўпроқ ейди. Демак, инсон фақат илм билан шарафланади.
Фахрул Мусулий розияллоҳу анҳу шогирдларидан шундай деб сўрадилар: «Агар бемор таом, шароб ва дори истеъмол қилмаса, ўладими?» «Ўлади», дейишди. «Қалб ҳам шундай, агар уч кун илм ва ҳикматдан ман этсангиз, у ҳам ўлади», дедилар.
Нақадар тўғри сўз. Қалбнинг озиғи илм ва ҳикматдир, қалб шу иккаласи билан тирикдир, худди жасаднинг озуқаси таом бўлганидек.
Илмнинг ниҳояси йўқ. Шунингдек, барча илмлар фазилатли, қимматли, шарафли бўлиб, ҳар илмнинг ўзига хос бир фазилати бор. Бир шахснинг барча илмларни ўзида мужассам эта олиши имкон доирасидан ташқаридадир.
«Агар биз илмни ниҳоясига етмоқ учун ўргансак, ноқислик қилган бўламиз. Балки биз илмни, ҳар куни нодонлигимизни камайтирмоқ ва билимимизни оширмоқ учун ўрганамиз», дейди Мовардий.
Баъзи олимлар айтади: «Илмга шўнғиган киши денгизга шўнғиган ғаввос кабидир: на бирор ерни кўрур, на денгизнинг кенглигини ва узунлигини сезур».
Ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу дедилар: «Илм кўтарилиб кетмасдан олдин уни маҳкам тутинглар, унинг кўгарилиши эса ровийларнинг кўтарилиши биландир. Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, албатга, Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганлар қиёмат кунида уламоларнинг мартабаларини кўриб, улардан бўлиб тирилмоқни ҳавас қиладилар. Чунки ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди, балки илм таълим олиш билан ҳосил бўлади».
Олимнинг сиёҳи ғозийнинг қонидан афзал.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Туннинг баъзисида илм, музокора қилмоғим бутун тун бўйи ибодат қилмоғимдан севимлироқдир», дедилар.
Луқмони ҳаким ўғлига шундай васият қилганлар: «Эй ўғилчам, уламолар билан бирга бўлгин, улар билан мажлисларда тиззама-тизза ўтиргин, чунки Аллоҳ таоло гўёки осмон сувлари билан ерни тирилтирганидек. ҳикмат нури билан қалбни тирилтиради, Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган балоларга сабр қил. Албатта, мана шулар ишларнинг мақсадга мувофиғидир. Агар дунё молини ирода этсанг, у билан шуғуллан! Агар охират қайғусин ирода этсанг, зуҳду тақво билан шуғуллан! Агар ҳар иккаласин ирода этсанг, илм билан шуғуллан! Чунки илм дунё иззати ва охират шарафидир».
Имом Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Илм зикрдир ва уни зикр қилгувчиларгина севадилар».
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ дейдилар: «Илм фикрнинг хос мевасидир. Агар қалбда илм ҳосил бўлса, унинг ҳолати ўзгаради. Бас, амал ҳолатга, ҳолат илмга, илм фикрга тобедур».
Суфёни Саврий ривоят қиладилар: «Асқалоний бир шаҳарга келиб, у ерда анча вақт ушланиб қолди, сўнгра: «Мен бу шаҳардан чиқиб кетаман, бу ерда илм ўлар экан», деди». Асқалонийнинг бундай дейишлари сабаби таълим ва унинг фазилатини буюк санагани ва унга бўлган рағбати ҳамда муҳаббатининг беқиёслиги туфайли эди. Чунки қаерда таълим бўлмаса, ўша ерда илм ўлади.
Ато ривоят қиладилар: «Бир куни Саид ибн Мусаййабнинг олдига кирсам, йиғлаб ўтирибди. «Нима учун йиғлаяпсиз?» деб сўрасам, «Ҳеч ким мендан бирор нарса сўрамай қўйди», деб жавоб берди».
Ҳасан розияллоҳу анҳу айтадилар: «Агар уламолар бўлмаганида, одамлар ҳайвонларга ўхшаб кетар эди. Чунки уламолар таълим бериш билан инсонларни ҳайвонлик ҳаддидан чиқариб, инсонлик ҳаддига киргизадилар.
Яҳё ибн Маоз розияллоҳу анҳу дедилар: «Уламолар Муҳаммад алайҳиссалом умматига ота-оналаридан кўра меҳрибонроқдир. Чунки уларнинг ота-оналари, уларни дунё оловидан сақлайдилар, уламолар эса уларни охиратнинг оловидан асраб қоладилар».
Илм кўзи ожизлар учун қалбнинг ҳаёти, зулматда кўзнинг нуридир. Заифликда банданинг қувватидир. У билан банда аброрлар манзилига ва олий даражаларга эришади. Илм билан фикр қилмоқ рўзага баробардир. Илм дарси эса кечалари қилинган ибодатга тенг. Илм воситасида тақво қилинади, у билан қариндошлик ришталари мустаҳкамланади, у билан ҳалол ва ҳаромлар билинади. У имомдир, амал эса унга тобе. Бахтли инсонлар унга эришадилар, бадбахтлар эса ундан маҳрум бўладилар.
Инсон бир нарсани талаб қилар экан, албатга, унинг фазилатини билмоғи шарт, акс ҳолда ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқмайди.
Юқорида илмнинг фазилатлари ҳақида келтирилган сўз жавоҳирлари ҳам Аллоҳ таоло Одам болаларига берган неъматнинг нечоғлик улуғлигини билдириш учундир.
Демак, биз улуғ мақом ва мартабаларнинг талабгори бўлсак ва маърифатли бўлиб қалб кўзгусини тиниқлаштирмоқчи бўлсак ушбу маълумотларга амал қилмоғимиз зарур.
Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кабинети мудири
Урол Назар Мустафо тайёрлади
Муносабат
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, тараққиётимизнинг янги даврида қабул қилинаётган тегишли қонун ҳужжатлари халқимизнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон қадр-қимматини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Таъкидлаш жоиз, янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар фаровон ҳаётни таъминлашга қаратилган. Ўзгариш ва янгиланишлар замирида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган улуғ тушунча бош ўринга қўйилган.
Ўтган қисқа вақтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Ушбу муассасалар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу умуминсоний ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан азим пойтахтимизда улкан мажмуа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Аллоҳ насиб этса, мазкур иншоот буюк аждодларимиз заковати, халқимиз маънавий салоҳиятига мос бўлади. У ёшлар учун улкан тарбия мактаби, сайёҳлар учун табаррук қадамжо, қисқача айтганда, илм-маърифат кошонасига айланади.
2025 йил 25 февралда Ўзбекистон Републикаси Қонуни билан Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси тасдиқланиши мамлакатимизда миллатлар ва динлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, жамиятимизда тинчлик-хотиржамликни таъминлаш, адолат ва тенгликни қарор топтиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Юртимиздаги мана шундай улуғвор ишларнинг узвий давоми сифатида Президентимиз томонидан “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Бу муҳим ҳужжатда белгиланган долзарб вазифалар жаҳон илм-фани ва маданияти ривожида беқиёс ўрин тутган буюк алломаларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бўйича бошланган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.
Шунингдек, жамиятимизда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликни таъминлаш ва юртимизнинг жаҳон тамаддуни бешиги сифатидаги тарихий мақомини тиклаш бўйича ислоҳотларга янгича руҳ бағишлайди.
Ушбу Фармонда диний соҳани тубдан такомиллаштириш, мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун қўшимча қулайликлар яратиш, хусусан, ҳаж ва умра зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни рақамлаштириш, муборак сафарга борувчилар учун шаффоф электрон навбатларни йўлга қўйиш, диний соҳа ходимларининг малака оширишида янгича тизим жорий этиш ҳамда илмий-тадқиқотларни юқори босқичга олиб чиқиш каби устувор йўналишлар белгилангани диққатга сазовор.
Айниқса, ушбу муҳим ҳужжатда Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ва қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилангани илм-маърифат аҳлини чексиз мамнун этди. Бинобарин, Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг инсонпарварлик ғояларини ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини янада кучайтириш ҳозирги глобаллашган ахборот асрида ғоят долзарб аҳамият касб этади.
Қайд этиш лозимки, Нақшбандия тариқати ўзининг мўътадиллиги ва бунёдкор таълимотлари билан бошқа тариқатлардан ажралиб туради. Унда асосан комил инсон, илм-маърифат, одоб-ахлоқ, ҳалол касб, эзгу амал каби масалаларга бош ғоя сифатида қаралади. Шунингдек, ушбу тариқатда инсоннинг амаллари фақат шахс камолотига эмас, балки жамиятнинг маънавий ривожи ва ислоҳоти учун ҳам хизмат қилиши зарурлигига алоҳида урғу берилади. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари илм ва амални ўзида мужассам этган, жамият учун манфаатли бўлган шахсни комил инсон сифатида таърифлайди.
Дарҳақиқат, тариқат пешвоси Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари илгари сурган “Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Қўлинг меҳнатда-ю, дилинг Аллоҳда бўлсин”, деган эзгу шиор замирида умуминсоний ғоялар, маънавий камолот, ботиний поклик устувор аҳамият касб этади. Аслида бу таълимот динимизнинг асосий талабларидан. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “... Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас”, деб баён қилади (Қасос сураси, 77-оят).
Нақшбандия таълимотида ҳам “Инсонларни сев ва уларга фойда етказ”, тамойилига катта аҳамият берилган. Бу ғоя асосий ҳаёт тамойилига айланган. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Инсонларнинг энг яхшиси — уларга фойдаси энг кўп тегадигани” (Имом Дарақутний ривояти).
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳаётлигидаёқ бу тариқат мавқеи кўтарилиб, дунё бўйлаб ёйилди. Таълимот замон талабларига мослиги, барчага хослиги сабабли оддий халққа ҳам, зиёлилар қатламига ҳам маъқул эди. Ана шундай юксак маънавий-маърифий аҳамияти боис, бу таълимот Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан кейин янада кенг тарқалди. Нақшбандия таълимоти адабиёт ривожида ҳам муҳим ўрин тутди. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Сўфи Оллоёр каби мутафаккирлар ижодида нақшбандия ғоялари кенг тарғиб этилган.
Ўзбекистонда яшаб ўтган буюк тасаввуф алломалари меросини янада чуқур ўрганиш бугунги кунда илмий жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалардан. Шу билан бир қаторда, юртимизда тасаввуф таълимоти доирасида шаклланган умуминсоний қадриятлар, инсоний одоб-ахлоқ мезонлари, инсонпарварлик ва тинчликпарварлик ғояларидан ёш авлодни Ватанга муҳаббат, буюк аждодларга эҳтиром руҳида тарбиялаш, бузғунчи ғояларга қарши туришда самарали фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга.
Фармон асосида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, ҳужжатда Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби буюк аллома аждодларимиз қолдирган маънавий меросни ўрганиш, жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини халқимиз, айниқса, ёшларга тарғиб қилиш, асарларининг таржималарини нашр этиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг оммага етказиш каби муҳим масалалар ўрин олган.
Зеро, ҳужжатда қайд этилган вазифалар буюк ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига бемисл хизмат қилади.
Шунингдек, Фармонда ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш, диний таълим муассасаларига илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий масалаларда ҳамда педагог кадрлар ва диний ходимларнинг малакасини ошириб боришда амалий ёрдам бериш ҳамда ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш йўналишида янги лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш каби устувор вазифалар ҳам алоҳида қайд этилгани илмий-маърифий йўналишдаги ишларни янада кенгайтиради.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолияти такомиллаштирилиши муборак динимизнинг асл моҳиятини, илмий-маънавий асосларини, юртимиздан етишиб чиққан буюк мутакаллим алломалар ҳаёти ва меросини ўрганишни янада кучайтиришга туртки бўлади.
Демак, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши фуқароларимизнинг эътиқод эркинлигини кафолатлаш баробарида диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.
"Халқ сўзи" газетасининг 2025 йил 24 апрелдаги 83-сонидан олинди