ЛОЙИҲА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
Ҳадис илми Олий мактабини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби, муқаддас ислом динини ўрганиш, аждодлар меросини қайта тиклаш ва келажак авлодларга етказиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Таъкидлаш лозимки, буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш мақсадида мамлакатимиз диний таълим тизимида ҳам ислоҳотлар амалга оширилаётганини ижобий баҳолаш мумкин.
Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар Имом Доримий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Ҳиббон, Хайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий ва Абд ибн Ҳумайд Кешийлар томонидан катта ҳадис мактабига асос солинган бўлиб, ушбу илму маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фан тараққиётида ўчмас из қолдирган.
“Ҳадис илмининг султони” мақомини олган буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг “Ал жомеъ ас-саҳиҳ” китоби мусулмон дунёсида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба бўлиб, ислом дини эътиқодига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади.
Муқаддас ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда ислом дини асослари ва ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган олий маълумотли етук мутахассис-кадрларни етиштириб чиқариш мақсадида:
- “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳужжатлари ва таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий приципларига таянган ҳолда ислом дини соҳасида фундаментал билим ва тушунчалар, тарихий ва замонавий анъаналар, инновация технологияларини, динлар тарихи ва назариясини чуқур эгаллаган, ислом дини асосларини, ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган, дунёга машҳур ҳадис уламолари томонидан битилган олти ишончли ҳадис тўпламларини пухта ўзлаштирган, турли оқимларнинг ёт ғояларига қарши раддиялар бера оладиган ҳамда ҳадис ва ҳадис илми бўйича олий диний маълумотга эга бўлган етук мутахассис-кадрларни тайёрлаш;
- ёшларни миллий қадриятларимизга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустақил дунёқарашга ва фикрларга эга бўлган маънавий бой ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш;
- Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий ва бошқа юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис алломалар меросини ҳар томонлама ўрганиш ва улар асосида илмий тадқиқот ва таржима ишларини олиб бориш;
- юртимизда асрлар давомида шаклланган “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириш мақсадида ҳадис, калом илми, тафсир, фиқҳ, араб тили фанлари бўйича замонавий модуль тизимига асосланган дарс ва тўгараклар ташкил этиш ва улар фаолиятига юртимизда ва жаҳонда кўзга кўринган уламоларни жалб қилиш;
- ҳадис ва ҳадис илми бўйича етук мутахассис кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, кадрлар соҳасида халқаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш.
- Ўзбекистон мусулмонлари идораси;
- Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси;
- маҳаллий ҳамда хорижий мамлакатлар жисмоний ва юридик шахсларининг ҳомийлик хайрия маблағлари;
- маҳаллий ва халқаро молия ташкилотлари грантлари;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Қарор лойиҳаси бўйича таклифларингизни 2017 йил 5 октябрь кунига қадар religions@umail.uz манзилига юборишингиз мумкин!
Масъул - С.Шерхонов, Тел.: 239-49-41,
#Ноёб_фотолар
• Беш республика муфтийси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, диний назорат масъул котиби Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳамроҳлигида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари II қурултойи делегатлари ҳамда Россия, Шимолий Кавказ ва Озарбайжондан келган уламолар Усмон мусҳафини зиёрат қилмоқда.
1948 йил, Тошкент
•Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалиги даврларида милодий 651 йили, ҳижрий 24 йили Қуръони Карим кийик терисига бир неча нусхада ёзилиб, Ислом оламининг марказий шаҳарларига юборилди. Мусҳафнинг расмда тасвирланган ўша қадимий табаррук нусхаларидан бири ҳозирги пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда.
• Ҳазрати Усмон Мусҳафининг юртимизга келиб қолиши тарихи ҳақида турли ривоятлар бор. Ҳазрати Усмон мусҳафи дастлаб Самарқандга олиб келинган. Уни Амир Темур, Қаффол Шоший, Ҳазрати Усмоннинг куёвлари Саид олиб келган деган ривоятлар машҳур. Бу ҳақда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси ўринбосарлари, таниқли олимлар Шайх Исмоил Махдум Саттиев, Шайх Юсуфхон Шокиров, шунингдек, Ҳамид Зиёев, Ҳабибуллоҳ Солиҳ ва бошқаларнинг фикрлари эътиборга лойиқ.
• Усмон мусҳафи руслар бостириб келгунга қадар ҳижрий 1285 йилгача Самарқандда турди.
•1869 йилнинг майида Туркистон бош губернатори Фон Кауфман буйруғи билан Самарқанд шаҳри ҳокими Серов воситачилигида ерли мусулмон уламолари розилиги билан Мусҳаф Санкт-Петербургга жўнатилди ва 1917 йилга қадар ўша ердаги кутубхонада сақланади.
• Ҳукуматнинг 1923 йил 25 июндаги қарорига кўра Усмон Мусҳафи Туркистон мусулмонларига 1924 йилда қайтарилди.
Мусҳафи шариф бирмунча вақт Тошкент масжидларида сақланди, сўнг Ўзбекистон халқлари тарихи музейига кўчирилди. 1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлган мусулмонларнинг IV қурултойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Мусҳафи Усмон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ихтиёрига қайтариб берилди.
• Ҳозирда Мусҳаф Ҳазрати Имом мажмуасининг Мўйи муборак мадрасасидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда.
• Мусҳафни мўътадил табиий иқлим шароитида асрашга мўлжалланган махсус мослама Германиядан келтирилган. Ҳар йили бу нодир Мусҳафни минглаб ватандошларимиз ва хорижий меҳмонлар зиёрат қилишади.
t.me/muftiylaruz