Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Диний таълим соҳасидаги ислоҳотлар

13.09.2017   14418   7 min.
Диний таълим соҳасидаги ислоҳотлар

Бугунги кун давр талаби барча соҳалар каби диний соҳа вакиллари олдига ҳам бир қатор муҳим вазифа ва талабларни қўймоқда. Ана шундай янгиланиш ва ислоҳотларнинг  баъзилари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (ТИИ)да амалга оширилаётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин;

Махсус сиртқи бўлим;

Махсус сиртқи бўлим бу йил яъни 2017-2018 ўқув йилидан илк бор ўз фаолиятини бошлайди.  Бундан асосий мақсад Республикамизда фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот марказлари, масжид ва зиёратгоҳларнинг ўрта махсус билимга эга бўлган имом-хатиб, имом ноиби, зиёратгоҳ масъули каби мутахассисларини олий маълумотли кадрлар билан таъминлашдан иборат. Махсус сиртқи бўлимда ўқиш муддати 3 йилдан иборат бўлиб, унга ҳужжат топширмоқчи бўлганлар ўрта махсустаълим муассасасини тугатган, Ўзбекистон мусулмон идораси (ЎМИ) тизимида маълум муддат давомида фаолият олиб бораётган бўлиши талаб этилади. Махсус сиртқи бўлим талабалари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиб берилади. Уларга ТИИнинг юқори малакали, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилари дарс беришлари кўзда тутилмоқда.  Талабалар институт махсус фан ва  ўқув аудиторияларидан, ахборот ресурс марказидаги дарсликлар,  манба ва адабиётлардан, компютер хоналаридан фойдаланишлари мумкин. Улар ўқув машғулотлари пайтида бепул тушлик билан таъминланадилар. Қисқа қилиб айтганда кундузги бўлим талабаларига қандай имтиёз ва шарт-шароитлар яратилган бўлса, махсус сиртқи бўлим талабалари ҳам улардан бемалол фойдаланишлари мумкин бўлади. Махсус сиртқи бўлимни тугатган талабаларга диний олий маълумот даражасидаги ТИИ дипломи берилади.

Қайта тайёрлаш курслари;

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида имом-хатиб, педагог-ўқитувчи вазифаларида фаолият олиб бораётган ўрта махсус диний маълумот билан биргаликда олий дунёвий маълумотга эга ўқитувчилар сони кўпчиликни ташкил этади. Ушбу мутахассислар тўлиқ олий диний маълумотга эга бўлишлари учун Тошкент ислом институтида диний мутахассисликка йўналтирилган 6 ойлик қайта тайёрлаш курслари ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.

 Докторантура;

Замон талаблари ва хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, ЎМИ диний таълим тизимини тўлиқ шакллантириш, таълимнинг узвийлигини таъминлаш мақсадида Республикамизда биринчи маротаба ТИИ да олий диний ўқув юртидан кейинги таълим – ислом фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи таянч докторантура ҳамда ислом фанлари бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизими ташкил этилмоқда.

Бу орқали Республикамиздаги диний таълим муассасалари педагог ходимларининг илмий салоҳиятини янада ошириш ҳамда Ислом цивилизация маркази ва бир қатор илмий марказлар - Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис маркази ва Республикамиз вилоят марказларида ташкил этилаётган илмий марказларни малакали илмий ходимлар ва фан докторлари билан таъминлаш имкони яратилади.

Қорилар мусобақаси:

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасидаги ташрифи чоғларида Қуръон мусобақаларини ўтказиш ҳақида ўзларининг таклиф ва тавсияларини берган эдилар. Дарҳақиқат, ҳозирда Қуръонни тўлиқ ёд олишни ўргатадиган таълим даргоҳи Тошкент ислом институтининг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси Республикамизда ягона бўлиб турибди. Шундай бўлсада, қориларимиз жаҳон миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда олий ўрин соҳиблари бўлмасаларда, Юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқдалар. Алломалар юрти, бухорийлар, термизийлар юртидан келган қорилар сифатида Эрон Ислом Республикаси, Иордания Ҳошимийлар қироллиги, Саудия Арабистони, Индонезия, Кувайт ва Россия Федерацияси каби мамлакатларда ислом институти ва ўрта махсус билим юрти талабалари шу кунга қадар иштирок этиб келишаётган эди. Худо хоҳласа, Ислом цивилизация маркази ташкил этилиши билан жаҳон миқёсидаги қорилар мусобақаси алломалар юртида ҳам ташкил этилади. Ўшанда мураттаб ва мужаввид қориларимиз аждодларига муносиб ворис сифатида юртимиз довруғини жаҳонга ёйишади, Қуръон тиловати таралаётган Юртда Яратганнинг баракотлари ёғилади, иншааллоҳ. Бундан ташқари Ислом цивилизация марказидаги конференциялар залида илмий-амалий, диний-марифий йўналишдаги халқаро конференциялар ўтказилади.

Онлайн дарслар;

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти кўрсатмаси ва бевосита раҳнамолигида “muslim uz.” порталида диний-маърифий онлайн дарслар ташкил  этилганлиги “жаҳолатга қарши маърифат” ғоясининг яна бир кўриниши бўлди. Тафсир, ақида, ҳадис, фиқҳ, ислом тарихи ва араб тили фанларидан юртимизнинг кўзга кўринган олимлари ва ТИИ ўқитувчилари динимиз асосларини халқимизга холисона етказиб беришда ўз билим ва салоҳиятларини аямаяптилар. Бу эса халқимизни дину диёнатни тўғри англайдиган, ёт ғояларга алданиб қолмайдиган, илм-маърифатли шахслар бўлиб тарбияланишларига хизмат қилади.

Яратилган шарт-шароитлар;

Яратганга чексиз шукроналар, сабабчи инсонларга миннаддорлик билдиришга арзигулик хушхабарлардан яна бири ТИИ ва ўрта махсус ислом билим юртларига берилган квоталар сони ошириб берилганидир. Мир Арааб олий мадрасасининг 2017-2018 ўқув йилида иш бошлагани қувончимизга қувонч қўшади. Бу ҳам келажакда олий ва ўрта маълумотга эга диний мутахассислар етарли даражада бўлишига олиб келади.

Шунингдек, Тошкент ислом институти ҳамда ўрта ислом таълим муассасалари ўқув режа ва фан дастурлари янада такомиллаштирилди. Унга кўра мутахассислик фанларининг соатлари кўпайтирилди. Бу эса диний ходимнинг ўз мутахассислиги бўйича кўпроқ ва чуқур илмга эга бўлган  етук кадр бўлиб етишишига олиб келади.

ТИИнинг ахборот ресурс марказида (АРМ) бугунги кунда 20 мингдан ошиқ диний, илмий, бадиий китоб ва дарсликлар, 1000 дан ортиқ электрон шаклдаги адабиётлар ва 200 дан ортиқ тошбосма ва қўлёзма манба ва адабиёт мавжуд. Бундан ташқари АРМда 800 дан ошиқ институт битирувчилари томонидан ёзилган битирув малакавий ишлари сақланади. АРМ доимий равишда профессор-ўқитувчилар ва талабалар хизматида.

ТИИда 2017-2018 ўқув йили учун ўқув аудиториялар сони етарли даражада кўпайтирилди, аудиторияларда дарс ўтиш учун барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилган .

 

Битирувчиларни иш билан таъминланганлик даражаси;

Тошкент ислом институти битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида ЎМИнинг Кадрлар бўлими билан доимий ҳамкорлик олиб борилмоқда. Ҳамкорлик доирасида институт битирувчилари ЎМИ ва унинг жойларидаги вакилликлари, ЎМИ тасарруфидаги масжид ва таълим муассасаларида  ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар. Шунингдек, институт битирувчи талабалари магистратура ва иккинчи мутахассислик йўналишларида ҳам таҳсил олаётганлари бор.

Бугунги кунда барча ТИИ ни битирган мутахассислар тўлиқ иш билан таъминланган.

Яратгандан умид қилган сўраймизки, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устоз ва талабалари яратилган  бу имкониятлардан унумли фойдаланишади, илм ва тажрибаларини кишилар диёнати,  Ватан равнақи, Юрт ободлиги, халқ фаровонлиги учун сарфлайдилар ва келажакда аждодларига муносиб ворислар бўлиб етишадилар.

ТИИ ўқув ва илмий ишлар

бўйича проректори

 Ибодулла Аҳроров

 

 

 

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ноқонуний диний таълим беришга қандай жавобгарлик бор?

21.11.2024   21856   1 min.
Ноқонуний диний таълим беришга қандай жавобгарлик бор?

Сўнгги йилларни ўз ичига олган давр илмий ва эксперт доиралар томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб аталмоқда. Ушбу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишига эришиш, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Биринчидан, 2016-йилнинг 18-октабрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан шундай деди: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.

Манба

Ғайрат РАСУЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА” кафедраси мудири

ИНФОГРАФИКА